Bog'lanish

Telefon
(+998 71) 203-60-03

Elektron manzil
toshkent@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

19

Жамият ривожи йўлида ҳамкорлик


Тошкент шаҳрида Ўзбекистонда фуқаролик жамияти қурилиши жараёнида Ўзбекистон Қизил ярим ой жамиятининг ролига бағишланган илмий-амалий конференция ўтказилди.

Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти томонидан ташкил этилган конференцияда сенаторлар, депутатлар, турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари раҳбарлари, олимлар, шифокорлар, хотин-қизлар қўмиталари ва маҳалла фаоллари иштирок этди.

Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти раиси Ҳ.Каримов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Абдураҳимова ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов томонидан баён этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар жамоат ташкилотлари фаолиятини такомиллаштиришда янги босқични бошлаб берганини таъкидлади.

Бу жиҳатлар Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти фаолиятида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Бугунги кунда жамият фаолиятида аҳолининг эҳтиёжманд қатламини манзилли ҳимоялаш, боқувчисини йўқотган кексалар ҳолидан хабар олиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш масаласи устувор ўрин тутади.

Жамият томонидан Хотин-қизлар қўмитаси, маҳаллалар билан биргаликда боқувчисини йўқотган беморлар, нуронийлар ҳолидан хабар олиш, уларни зарур ортопедик воситалар ва дори-дармон билан таъминлаш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, репродуктив саломатликни яхшилаш юзасидан изчил ишлар амалга оширилмоқда. Тиббиёт соҳасидаги илмий-текшириш институтлари билан биргаликда қон қуйиш станциялари учун беғараз қон донорлари тайёрланаётир.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари билан ҳамкорликда “Шахс ва жамият”, “Инсон ва жамият” ўқув қўлланмалари яратилиб, таълим жараёнида кенг фойдаланилмоқда.

“Обод турмуш йили” Давлат дастури доирасида “Соғлом она – соғлом бола” тамойилини кенг қарор топтириш бўйича маҳаллалар, хотин-қизлар қўмиталари билан ҳамкорликни янада кучайтириш, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг тиббий, экологик маданиятини юксалтиришга оид ишларни такомиллаштиришга қаратилган бир қатор ижтимоий ва хайрия акциялари ўтказилмоқда.

Конференцияда фуқаролик жамияти ривожида нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларни ижтимоий ҳимоялашда Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти ва Хотин-қизлар қўмитасининг ҳамкорлиги каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди.