Bog'lanish

Telefon
(+998 71) 203-60-03

Elektron manzil
toshkent@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

21

ТИЛ — МИЛЛАТ КЎЗГУСИ!


Тил ҳар бир миллат маданиятининг ўзагидир. Шу сабабли ҳам тилнинг сақланиши халқ тараққиёти ва келажагини белгилайди. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, анъаналарини сақлайди. Шундай экан, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашишимиз керак бўлади.
Мана ўттиз йилдан ошди, дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимизнинг жипслиги, маданияти, маънавиятининг асосий белгиси сифатида энг муқаддас тимсолларимиздан бирига айланди. Айниқса, жорий йил ўзбек тили тарихидаги энг ёрқин давр сифатида хотирамизда муҳрланиб қолади.
Муҳтарам Юртбошимиз Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси етмиш бешинчи юбилей сессиясида иштирок этиб, минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини ўзбек тилида аниқ ва теран ёритиб берди. Жаҳон минбарида илк маротаба янграган ўзбекона лутф ва мушоҳадалар нафақат юртдошларимиз, балки ер юзидаги ўзбек тилида сўзлашадиган 50 миллионга яқин тилдошларимизнинг ғурурини сарбаланд қилди, фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотди.
Шунингдек, Президентимиз томонидан жорий йил 10 апрелда “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни имзоланди. Унга кўра 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди. Дунёдаги ўз тили байрамини нишонлайдиган хитой, испан, форс, рус, озарбайжон, турк, араб, итальянлар қаторида биз ҳам ўз она тилимиз қабул қилинган кунни қонуний байрам сифатида нишонлаймиз. Бу тарихий воқеа мамлакатимизда она тилига бўлган доимий эътибор ва ғамхўрликнинг изчил давоми бўлиб, тилимизни асраш, унинг поклиги ва ўзига хослигини сақлаш, янада бойитиш ва ривожлантириш йўлидаги энг муҳим қадамлардан бири сифатида қадрлидир.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, муайян тил яшаб қолиши учун камида 100-250 мингга яқин сўзлашувчиси бўлиши керак экан. Асосан тилнинг йўқолиб кетишига қадимда турли босқинлар сабаб бўлса, бугунги кунда глобаллашув давридаги турли тиллар қоришиши, иккинчи тил сифатида сояда қолиши, бошқа тилларни ўзлаштиришга ружу қўйилиши билан боғлиқдир.
Шу маънода айтганда, тилнинг асосий бойлиги – сўз. Маҳмуд Қошғарий, Маҳмуд Замахшарий, Толе Имон Ҳиравий, Муҳаммад Ёқуб Чингий, Муҳаммад Ризо Хоксор, Мирзо Маҳдийхон, Сулаймон Бухорий каби алломалар ҳам ўзбек тилининг сўз имкониятлари, луғат бойлиги юзасидан кўплаб асарлар ёзиб қолдиришган. 1981 йилда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” чоп этилди ва унда 60 минг сўз киритилди.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида чоп этилган луғат китобида эса 80 мингдан ортиқ сўз изоҳланди. Тилшуносларимизнинг фикрига кўра, ҳозирги ўзгаришлар, янгиланишлар, шунингдек, шевага хос сўзлар, айниқса, мумтоз адабиётимиз ва тарихий битикларда сақланиб қолган сўзлар ҳам ўрганилса, киритилса, луғат бойлигимиз 150-160 минг сўздан ошиши мумкин экан. Бу эса тилшунос, адабиётшуносларимиздан изланишни, илмий тадқиқотни талаб этади.
Тарихимиз қатларида ўзбек тилини атайлаб сиқиб чиқаришга уриниш орқали миллий хотира, қадрият ва ўзлигимизни йўқотишга бўлган чин маънодаги курашлар бўлган. Бунга қадимдан ва яқин ўтмишимиздан мисоллар келтириш мумкин.
Айниқса, бу каби ҳаракатларга Шўро ҳукумати қарийиб 70 йил давомида қаттиқ амал қилди, тилимиз таҳқирланди, катта –катта йиғинлар ўзга тилда олиб борилди, охир оқибат рус тилида гапириш юксак маданият белгиси ҳисобланиб қолди. Шу сабабли ҳам 1989 йил 21-октябрда ҳали давлат мустақиллиги эълон қилинмасдан туриб тилимизга давлат тили мақоми берилди.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, тил – гуё яхлит организмга ўхшайди, сўзлашувчи тўхтатган куни у тўхтайди. Сўзлашувчи қанчалик меҳр билан асраб-авайласа у ҳам бой имкониятларини ишга солади. Тилни қанча кўкка кўтарса, у сўзловчини ўн чандон кўкка кўтаради. Биргина ҳазрат Навоий мисолида қарасак, ўзбек тилини улуғлаб, ардоқлаб, унинг кенг имкониятларини исботлаган. “Айтиб совумас таронасен сен. Олиб қуримас хизонасен сен” дея жаҳонга тараннум этган. Сўз денгизидан 26 мингдан ошиғини заргарона қўллаган алломани бу тил мана қарийиб 600 йилдан буён эъзозлаб, эҳтиром айлаб, энг гўзал таърифу таснифлар билан сийлаб авлоддан-авлодга олиб ўтаяпди.
Тил миллатдан айро ҳодиса эмас. Миллатнинг асосий кўрсаткичи тил бўлгани каби тил ҳам ўз миллати билан тирикдир. Унинг яшовчанлиги, ривожланиши, такомили истеъмолчисининг меҳру маданиятига, муносабатига боғлиқ. Бўлмаса, у ёки бу сабаблар билан шу даврга қадар инсоният тарихида 9000 мингдан ортиқ тил йўқолиб кетармиди?!
Глобал масалалар таркибига кирган ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида БМТнинг 1993 йилда Вена декларацияси қабул қилинди. Ушбу декларациянинг 19-моддасида “барча миллат ва элатларнинг ўз миллий тилларидан фойдаланиш”ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилди. Шунингдек, 2000 йили ЮНЕСКО томонидан 21 февраль Халқаро она тили куни деб эълон қилинди. Шу каби саъй-ҳаракатлар натижасида йўқолиш арафасида турган айрим тилларга қайта “ҳаёт бахш этилди”.
Жумладан, Япониянинг Хоккайдо оролида ўтган асрнинг 80 йилларида бор йўғи 8 киши сўзлашган айн тилининг истеъмолчилари бугун бир неча минг кишидан ошиб кетган. Қарийиб икки минг ўлик тил ҳисобланган иврит тилида бугунги кунда 9 миллион киши сўзлашмоқда. Дунёда 6000 га яқин тил ва шева бўлса, улардан бор-йўғи 100га яқини давлат тили мақомига эга экан. Ана шундай нуфузли тиллардан бири – ўзбек тилимиздир.
Она тилимиз том маънода давлат тилига айланиб, халқимизни, шунингдек, биз билан аҳил-иноқ яшаётган юздан ортиқ миллат ва элат вакилларини ўзаро боғлайдиган, бирлаштирадиган дўстлик ва меҳр-оқибат риштасига айланди, эркин ва озод, фаровон ҳаёт қуришдек буюк марраларга сафарбар этишда яловбардор бўлмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, тил – инсоният тарихидаги энг буюк кашфиёт бўлиши билан биргаликда буюк имконият ҳамдир. Унинг тараққиёти – мансуб халқ маънавиятининг, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий ривожланишининг ифодасидир.


Тошкент шаҳар адлия бошқармаси
масъул ходими
Шаҳноза Мавлонова