I. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасалари ходимларининг касб этикаси қоидалари (бундан буён матнда – Касб этикаси қоидалари деб юритилади) ахлоқ-одоб нормаларига риоя қилган ҳолда, адлия органлари ва муассасаларининг олдига қўйилган вазифаларни қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширишга йўналтирилган қоидалардан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳамда уларнинг таркибий тузилмалари, Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти, Юристлар малакасини ошириш маркази, Х.Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза маркази, Тошкент давлат юридик университети, Тошкент юридик коллежи, “Адолат” нашриёти, “Инсон ва қонун” газетаси таҳририяти, Тошкент давлат юридик университети қошидаги Академик лицей, Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази (бундан буён матнда адлия органлари деб юритилади) ходимларига нисбатан татбиқ этилади.
(1-банди адлия вазирининг 2014 йил 27 ноябрдаги 263-ум–сон буйруғи таҳририда).
2. Адлия органлари ходимлари қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари билан мустаҳкамланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоя қилинишини таъминлашга, ҳуқуқий давлат барпо этиш ва фуқаролик жамиятини шакллантиришга хизмат қилади.
3. Касб этикаси қоидаларига амал қилиш мажбурияти ходим адлия органларига ишга қабул қилинган кундан эътиборан, у билан тузиладиган меҳнат шартномаси ҳамда корхонада ўрнатиладиган ички меҳнат тартиби қоидаларига риоя қилиш мажбуриятидан келиб чиқади.
II. Адлия органлари ходимларининг касбий бурчлари
4. Адлия органлари ходимларининг касбий бурчларига қуйидагилар киради:
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Адлия вазирлиги Ҳайъати қарорларига, буйруқлари ва кўрсатмаларига ҳамда мазкур Касб этикаси қоидаларига амал қилиш;
юксак маънавий ва ахлоқий фазилатлар соҳиби бўлиб, юриш-туриш, кийиниш ва муомалада бошқаларга ижобий томондан ўрнак бўлиш;
қонун ҳужжатлари билан зиммасига юклатилган ҳар қандай вазифаларни амалга оширишда қонунийлик, ҳалоллик, холислик, одиллик, мустақиллик ва масъулиятни ҳис қилишга таянган ҳолда муросасиз бўлиш;
адлия органларига юклатилган вазифаларни амалга ошириш жараёнида берилган ваколатларни қонун ҳужжатлари доирасида қатьий равишда амалга ошириш, сансалорлик ва кўзбўямачилик ҳолатларига йўл қўймаслик;
ишониб топширилган хизмат хоналари, давлат мулкини асраб-авайлаб, моддий-техника жиҳозлари ва материалларидан тежаб оқилона фойдаланиш;
Ўзбекистон Республикаси шаънини эъзозлаш, мамлакатимиз эришган ютуқларини ҳурмат қилиш, уларни мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланган тамойилларга ва конституциявий тузумга содиқ бўлиш.
III. Адлия органлари ходимларига қўйиладиган талаблар
5. Адлия органлари ходимлари қуйидагиларга амал қилиши шарт:
хизмат вазифаларини ҳалол, виждонан ва масъулият билан бажариш ҳамда қонунда белгиланган чеклашларни ўз зиммасига олиш ва уларга амал қилиш;
фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда холислик, масъулият, синчковлик билан бир қаторда талабчанлик, омилкорлик ва жонкуярлик каби ҳислат ва фазилатларни намоён этиш;
юқори турувчи адлия органлари ва мансабдор шахсларининг қонунга асосланган ва ваколат доирасида берилган буйруқ ва фармойишларини, талаб ва кўрсатмаларини сўзсиз бажариш;
иш жойи ва вақтидан ташқари хизмат масалаларини муҳокама қилмаслик;
хизмат вазифаларини амалга ошириши жараёнида қонун талабларига зид бўлган ташқи таъсирларга берилмаслик;
хизмат ваколатларидан шахсий ёки ғаразли мақсадларда, шунингдек, бошқа шахсларнинг ноқонуний манфаатлари учун фойдаланмаслик;
бўйсинувдаги идоралар ва ходимларни ноқонуний қарорлар қабул қилиш ва ғайриқонуний ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этишга мажбур этмаслик;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардан ташқари ўзига юклатилган вазифаларни амалга ошириш жараёнида тўпланган маълумотларни бошқа шахсларга ошкор қилмаслик, улардан иш фаолияти билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда фойдаланмаслик;
адлия органларини обрўсизлантириш, уларнинг мақоми ва нуфузига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиш;
шахсий манфаатдорлиги хизмат вазифаларини холисона бажаришига тўсқинлик қилиши ёҳуд таъсир қилиши мумкин бўлган ҳолатлар ҳақида ўз раҳбарига зудлик билан маълум қилиш;
хизмат вазифаларини амалга ошириш жараёнида у ёки бу ҳаракати ёҳуд ҳаракатсизлиги учун пул, моддий қимматликлар, қимматбаҳо буюмлар ва хизматлар кўринишида ҳақ олмаслик;
адлия органларининг бошқа ходимларига ҳамда ишга янги қабул қилинган ходимларга зарур амалий ва услубий ёрдам бериш;
IV. Касб этикаси қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик
7. Мазкур қоидаларга амал қилмаслик қонунда белгиланган тартибда интизомий жавобгарликни келтириб чиқаради.
V. Якуний қоидалар
8. Ушбу Касб этикаси қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш адлия органлари раҳбарларининг Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ваколатли таркибий тузилмаси билан келишган ҳолдаги асосли таклифига кўра, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг буйруғига асосан амалга оширилади.