Йигирма уч йилдирки, Ўзбекистон ўзи танлаган тараққиёт йўлидан дадил одимлаяпти. Миллий манфаатларимизни инобатга олган ҳолда олиб борилаётган изчил ташқи сиёсат давлатимизнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилишини, халқаро майдонда обрў-эътиборининг ортиб боришини таъминлаяпти.
Шу билан бирга, нафақат республикамиз, балки ер юзидаги барча мамлакатлар тараққиётига салбий таъсир этаётган, ҳаммани бирдек ташвишга солаётган муаммолар мавжудки, улардан бири коррупциядир. Коррупция лотинча сўз бўлиб, «порага сотилиш, айниш» деган маъноларни англатади. Яъни коррупция — сиёсат ва давлат бошқаруви соҳасидаги ижтимоий хавфли ҳодиса, давлат функцияларини бажариш ваколатига эга бўлган ёки уларга тенглаштирилган шаxсларнинг ноқонуний тарзда моддий ва бошқа бойликлар, имтиёзларни олишда ўз мақоми ва у билан боғлиқ имкониятлардан фойдаланиши, шунингдек, бу бойлик ва имтиёзларни жисмоний ёки юридик шахслар қонунга хилоф равишда эгаллашига имкон беришидир. Корруция ва пораxўрлик давлатни ич-ичидан емириши жаҳондаги баъзи давлатлар тажрибасидан яхши маълум.
Ҳисоб-китобларга кўра айни дамда дунёда кўплаб жиноятларга сабаб бўлаётган нафс балоси, яъни коррупция ва пораxўрлик натижасида йилига бир триллион доллардан ортиқ маблағ ўзлаштириларкан. Бу зарар ҳисобланганда, ўзга мулк, пулни ўзлаштириш ва бунга тегишли бошқа жиноий ҳаракатлар инобатга олинмагани коррупция муаммолари билан шуғулланувчи «Transparency International» ташкилотининг маълумотларида таъкидланган. Шу боис коррупция ва пораxўрликни ҳеч иккиланмай «тараққиёт кушандаси» деб аташ мумкин. Ҳатто Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ҳам бу иллатларни энг глобал муаммолардан бири сифатида эътироф этиб, уларга қарши курашиш масалаларига жиддий эътибор қаратиб келмоқда. Хусусан, БМТнинг 2003 йил 31 октябрда қабул қилинган Коррупцияга қарши конвенцияси халқаро-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, унинг лойиҳаси икки йил давомида 130 дан ортиқ давлат иштирокида муҳокама этилган эди. Унда коррупцияга қарши халқаро ва миллий кураш амалиётини йўлга қўйиш ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари белгилаб берилган. Ўзбекистон ушбу конвенцияга 2008 йил 7 июлда қўшилган.
Президент Ислом Каримов «Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: xавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари» асарида коррупция ва пораxўрлик ҳақида тўхталиб, шундай деган эди: «...жиноятчилик ва коррупциянинг авж олиши давлатнинг конституциявий асосларини емиради, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари жиддий тарзда бузилишига олиб келади. «Қонунлар ва фармонларни қабул қилишдан мақсад уларни четлаб ўтишдир» деган мутлақо ярамас қоида жамиятнинг энг оддий ҳуқуқий тартибот ва жамоат тартибини сақлаб туриш қобилиятидан маҳрум бўлишига олиб боради». Ушбу фикрлардан кўриниб турибдики, ҳар қандай ҳолатда ҳам коррупциядан бевосита жамият азият чекади.
Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда мазкур иллатнинг сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилаяпти, ушбу тоифадаги жиноятчиларга нисбатан қатъий чоралар кўрилмоқда. Давлат хизматчилари ва мансабдор шахсларнинг коррупция домига тушиб қолмасликларини таъминлаш, уларнинг бебошлигига йўл қўймаслик мақсадида ҳукуматимиз томонидан узоқ муддатли чора-тадбирлар дастурлари ишлаб чиқилган бўлиб, уларнинг ижроси доимий назорат қилинаяпти. 2014 йилнинг 23 июлида Ўзбекистон Бош вазири томонидан тасдиқланган «Нотариат соҳасидаги муаммоли масалаларни ҳал этиш, шунингдек, бу соҳада коррупция ҳаракатларига қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси» ҳам фикримизга ёрқин мисол бўла олади.
Фарғона вилояти адлия бошқармаси томонидан ушбу чора-тадбирлар режаси, Адлия вазирининг 2014 йил 24 июндаги «Адлия органларида мансабдорлик жиноятлари содир этилишининг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 15 августдаги «Аҳолига нотариал ҳаракатларга оид бепул маслаҳат бериш кунларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги буйруқлари ижросига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда 2014 йилнинг 15 октябрида вилоят адлия бошқармаси, прокуратураси, ички ишлар бошқармаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг вилоят ҳудудий бўлими ҳамкорлигида «Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш ҳамда коррупцияга қарши курашиш — долзарб вазифа» мавзусида семинар ўтказилди. Унда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, тижорат банклари, давлат кадастр хизмати, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, нотариуслар, адвокатлар, ФҲДЁ бўлимлари мудирлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди. Семинарда «Фуқаролик жамиятини шакллантиришда коррупцияга қарши курашишнинг асослари» мавзусида маъруза тингланди ва бу борада вилоят прокуратураси, ички ишлар ва адлия бошқармалари томонидан амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилди.
Маълумки, 2014 йил 14 майда Президентимиз томонидан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қонун имзоланди. Албатта, бу қонунни мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш борасида ташланган дадил қадамлардан бири сифатида баҳолаш мумкин. Ушбу қонунга мувофиқ Жиноят кодексининг 211- ва 212-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Масалан, 211-модданинг 3-қисмига киритилган қўшимчага биноан «Башарти, шахсга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилади». Шунингдек, 212-модданинг 3-қисмига киритилган қўшимчага асосан «Башарти, пора олиш-беришда воситачилик қилган шахс жиноий ҳаракатларни содир этганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод қилинади». Яъни, пора берган ва пора олиш-беришда воситачилик қилган шахснинг ўз айбига иқрор бўлиб хабар бериши ушбу оғир жиноятнинг пайини қирқишга хизмат қилади.
Вилоят адлия бошқармаси, давлат нотариал идоралари, адвокатлик тузилмалари ҳамда ФҲДЁ бўлимлари ташаббуси билан вилоятнинг барча туман, шаҳар ҳокимликларида, корхона, ташкилот ва муассасаларда, қишлоқ, шаҳарча, маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, уларда ушбу қонуннинг мазмун-моҳияти, коррупция давлат ва жамият учун ижтимоий хавфли ҳодиса экани батафсил тушунтирилмоқда. Айниқса, ёш йигит-қизларни қонунларга ҳурмат ва итоат руҳида тарбиялашга, ўзлари дуч келадиган ҳар қандай ғайриқонуний хатти-ҳаракатга муросасиз бўлишлари лозимлигини уқтиришга жиддий ёндашилаяпти. Қолаверса, вилоят адлия бошқармасида ташкил қилинган «Ишонч телефони» ҳам жойларда фуқаролар, тадбиркорлар, деҳқон ва фермерлар фаолияти йўлидаги бюрократик тўсиқлар, сансалорликлар ҳамда бунинг натижасида юзага келаётган коррупцияга оид жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, айни пайтда мамлакатимизда жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашишнинг барча ҳуқуқий асослари яратилган. Фақат бу жараёнда юртдошларимиздан ҳушёрлик ва масъулият талаб этилади, холос. Шундагина мамлакатимиз бундан-да тараққий этиб, одамларимизнинг турмуши фаровонлашиб бораверади.
Мирҳаёт НАЗАРАЛИЕВ, Фарғона вилояти адлия бошқармаси бошлиғи