КОРРУПЦИЯВИЙ жиноятлар содир этилишига рағбат бўладиган ҳолатлардан бири жамиятда аксар бундай турдаги жиноятларнинг латент жиноятлигича қолиши ҳисобланади. Қатор давлатлардаги амалиёт шундан гувоҳлик берадики, одатда қуйи даражадаги ва нари борса ўрта даражадаги коррупционерлар жиноий жазога тортилишади. Кўрсатилган ҳолатлар қуйидагиларда кўринади: коррупциявий жиноятлар содир этувчи уюшмаларнинг, шахсларнинг профессионализми ошиб бормоқда; амалдаги қонунчиликнинг такомиллашмаганлиги; коррупциявий ҳодисаларга нисбатан аҳолининг тоқатлилиги ва лоқайдлиги; жиноий йўл билан топилган йирик миқдордаги пул маблағларига эга бўлган шахслар билан юқори лавозимларда ишловчи, ҳокимият ваколатларига эга бўлган мансабдор шахсларнинг узвий алоқалари ўрнатилганлиги.
Коррупциялашган шахслар нафақат ваколат ва профессионал билимларга, шу билан бирга муайян жиноий тажрибага ҳам эга бўлишади; улар ўзлари ташаббус кўрсатиб, ўзларини сотиб олаётган шахсларнинг манфаатларини кўзлаб у ёки бу ҳаракат (ҳаракатсизлик)ни бажариши мумкин. Коррупционерларни ушлашнинг қийинчиликларидан бири эса уларнинг ўзларига ҳам, уларни сотиб олаётган шахсларга ҳам жиноий жавобгарлик белгиланганидир. Бунда икки томон ҳам жиноятнинг очилмаслигидан, у сир сақланишидан манфаатдор бўлишади. Жиноятни очишга қаратилган ҳаракатларга тўсқинлик қилишади. Иккала томон ҳам гувоҳларсиз ҳаракат қилишади, жиноятни яшириш ва изларини йўқотиш учун чоралар кўришади; жиноят иши қўзғатилгудек бўлса, далилларни сохталаштиришга ҳаракат қилишади; жиноят иштирокчилари ва гувоҳларни сотиб олишади ёки қўрқитишади, ҳатто бундай ҳаракатлар айбдорларни фош қилиш ва тергов олиб бораётган шахсларга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин.
Коррупциялашган мансабдор шахс ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга давлат муассасаларидаги ўзининг шахсий алоқаларидан фойдаланиб ҳам қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилиши мумкин.
Коррупционер шахсини ўрганиш учун, аввало, у содир этадиган коррупциявий қилмиш қандай мотив асосида амалга оширилишига эътибор бериш керак. Мотивда хулқнинг субъектив томони ётади. Мотивацияни у ёки бу жиноятни содир этувчи кишининг эркини объективлаштириш, яъни ижро этиш тўғрисидаги қарори ташкил этади. Инсондаги мотив унинг шахси қандайлигини тавсифлашда асосий мезонлардан бири ҳисобланади. Мотив психологик ҳодиса, у инсоннинг атрофдагилар билан муносабатида шаклланади. Мотивнинг ўзи жиноий ҳисобланмайди. Фақат хатти-ҳаракат жиноят бўлиши мумкин ва у мотивни амалга оширишда танланган воситага, шахснинг ахлоқий йўналиши, унинг мавжуд ҳуқуқий нормаларга муносиблигига боғлиқ бўлади.
Кўпчилик коррупционерлар ижтимоий хавфли қилмишларни ҳаётда юқори мавқени эгаллаш, мансаб ваколатларига эга бўлиш учун содир этадилар. Бундай шахслар атрофдагилар орасида доимий обрўга эга бўлиш учун ҳаракат қиладилар, ҳамма вақт одамлар эътиборида бўлишни исташади. Шахсий бойлик орттириш маъносидаги ғараз бу ерда фақат қўшимча мотив сифатида намоён бўлади. Бундан ташқари, сохта ижтимоий мотивларга эътибор бериш лозим, бунинг мазмуни айрим ижтимоий гуруҳлар манфаатини қонун билан қўриқланадиган нормаларга, бутун жамият манфаатларига зид равишда ифодалашдир. Шунга ўхшаш мотивлар сирасига идоравий корпоратив манфаатларни ҳам киритиш мумкин. Мисол учун, аксарият коррупционерлар жиноий қилмишларни амалий масалаларни ҳал этиш учун қонун нормаларини бузиш орқали содир этишади.
Коррупциявий жиноятлар шуни тасдиқлайдики, бир пайтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ мотивлар етакчилик қилиши мумкин. Масалан: ғараз ва ўзини обрўли гуруҳ ўртасида кўриш. Улар биргаликда бир-бирини тўлдиради ва кучайтиради, хатти-ҳаракатларига эса мақсадга йўналтирилганлик, барқарорлик характерини беради, уларнинг ижтимоий хавфлилигини кучайтиради. Бунда бошқалар билан биргаликда коррупциявий жиноятларни узоқ муддат давомида содир этиш сабаби ҳам ётади.
Мотив ва мотивлаштириш бир хил нарсалар эмаслигини назарда тутиш лозим. Шунга қарамасдан судда ва терговда жиноятчи томонидан билдирилган мотивлаштириш мотив, деб қабул қилиниши мумкин. Мотивлаштириш — бу жиноятчининг ўз қилмишларини ўзи ва атрофдагиларга ижтимоий мақбул қилиб оқилона тушунтириб беришидир. Мотивлаштириш мотивни англашнинг шаклларидан бири сифатида қаралади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳар доим ҳам коррупционер жиноий қилмишлари мотивини аниқлай олмайди. Бунинг сабаблари эса бир қанча: биринчидан, улар мотивни аниқлашда жиноят қонуни моддаларидан келиб чиқишади, бу гарчи айбдор шахси ва иш ҳолатларидан келиб чиқмаса-да. Ушбу моддалар коррупциявий қилмишларга тааллуқли бўлиб, уларнинг баъзиларида мотив умуман кўрсатилмаган. Одатда квалификация қилувчи ижтимоий хавфи катта бўлган коррупциявий жиноятлар турларини кўрсатишади. Иккинчидан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мотивни аниқлашда анча эскирган инсон фаолияти субъектив манбалари тўғрисидаги замонавий психология ютуқларига мос келмайдиган қарашларга асосланишади. Криминология ва жиноят ҳуқуқида мотивация масалаларига жуда кам эътибор берилган. Учинчидан, кўпчилик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари примитив уйлашиб зўравонлик жиноятлари зўравонлик мотиви асосида, ғаразли жиноятлар ғараз мотиви асосида содир этилади, деб ҳисоблашади. Шу тарзда, жиноий хулқ мотивини аниқлаш ва ўрганиш нафақат жиноятларни тергов қилиш, коррупционерлар билан огоҳлантириш ишларини амалга ошириш, самарали тарбиявий таъсир этиш, жиноятларни тўғри квалификация қилиш учун, балки жиноятчилик квалификациясининг анча умумий масалаларини ҳал қилиш учун ҳам зарурдир. Жиноий хулқ мотивига боғлиқ равишда жиноятчилар шахсини таснифлаш ҳам мавжуд. Жиноятлар қандай мотивга кўра содир этилганлигини билмасдан туриб, уларга қарши муваффақиятли курашиб бўлмайди. Коррупционерлар жиноий хулқи мотиви юқорида таъкидланганидек, улар шахсини ҳимоялаш функциясини ҳам бажаради.
Бугунги кунда айрим тадқиқотчилар томонидан илгари сурилган фақат ходимлар меҳнати моддий жиҳатдан таъминланишини кўтариш коррупциядан ишончли кафолат бўлиб ҳисобланади, деган фикрларни ҳам асосли, деб бўлмайди. Агарда давлат хизматчиларида ҳалоллик, ватанпарварлик, фидойилик сингари фазилатлар бўлмаса, ҳар қандай юқори меҳнат ҳақи олганда ҳам коррупциявий қилмишлар содир этилиши мумкин.
Юқорида қайд этилганлардан келиб чиқиб, коррупцияга қарши самарали курашни ташкил этишда бундай турдаги жиноятлар латент қолишининг олдини олиш бўйича янги усулларни ишлаб чиқиш, амалиётга жорий этиш, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишда номзодларнинг маънавий жиҳатларига, хусусан, жамият манфаатларини устун билиш, ҳалоллик, фидойилик, қаноатли бўлиш сингари азалий фазилатларга эга бўлишига жиддий эътибор қаратиш муҳим аҳамият касб этади.
Худоёр МЕЛИЕВ, Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи