Коррупция: хорижий мамлакатларда унга қарши курашиш масалалари

Ўз бойлиги билан мағрурланадиган одамлар давлат идораларини коррупцияга тортиш орқали жазодан қутулиб қолиш ёки пул ва бошқа турдаги совғалар эвазига кечирилишлари тўғрисидаги ишонч асосида бемалол жиноятлар содир қилишади...

Коррупция – даврлар оша ўсиб келаётган илдиз бўлиб, у ҳар хил орзу-ҳаваслар ортидан бирортаям қонунни менсимасликдир.

Томас Гоббс, XVII аср

Инсоният тарихида давлатлар шакллангандан буён коррупция уларни ичдан еми­радиган ижтимоий иллат си­­-фа­тида вужудга келди, ҳокимият ва бойлик учун ҳирслар таъсирида ривож топди­. Ҳозир авж олиб бораётган глобаллашув жараёнида бу даҳ­шатли иллатнинг бир дав­лат эмас, бутун бир минтақа ёки жаҳон тараққиётига таҳдид солувчи тури – халқаро­ коррупция пайдо бўлди. У демократия ва ҳуқуқ усту­вор­лиги асосларига путур ет­казади, инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилишига олиб келади, иқтисодий ривожланишни издан чиқаради, жамият ва давлат учун ўта хавфли бўлган уюшган жиноятчилик ва терроризмнинг кенг ёйилишига шароит­ яратиб беради.

Адабиётларда коррупция тушунчасига қуйидагича таъриф берилади: «Коррупция (лотинча corruptio – айниш, порага сотилиш) – сиёсат ёки давлат бошқаруви соҳа­сидаги ижтимоий хавфли ҳо­диса, давлат функцияларини­ бажариш ваколатига эга бўл­ган шахсларнинг ноқонуний тарзда моддий ва бошқа бой­ликлар, имтиёзларни олишда­ ўз мақоми ва у билан боғлиқ­ имкониятлардан фойдаланиши, шунингдек, бу бойлик ва имтиёзларни жисмоний ёки юридик шахслар қонунга­ хилоф равишда эгаллашига имкон беришидир». Ҳозирги­ даврда коррупция муаммоси­га жаҳондаги исталган мамлакатда дуч келиш мумкин. Би­роқ бу коррупция ҳамма жойда бир хил дегани эмас. Коррупциянинг юзага келиш сабаблари ҳамма жойда турлича бўлиб, тарихий давр ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш хусусиятларига­ боғлиқ бўлади.

Ўтмишга назар ташласак, жаҳон тарихининг турли даврларида ҳар хил давлатлардаги катта-кичик мансабдорлар томонидан коррупцияга оид жиноятлар содир этилгани, коррупцияга қарши қонунлар қабул қилиниб, ўзига хос жазолар тайинланганининг гувоҳи бўламиз.

Бобил ҳукмдори Хаммурапи қонунлари бу турдаги қонунларнинг энг қадимийсидир. Унда, жумладан, агар қози ишни кўриб чиқиб, ҳукм чиқариб, муҳри билан ҳужжат тайёрласа, кейин эса ҳукмини ўзгартирса, ўз қарорини ва ишдаги даъво миқдорини ўзгартирганликда айбланиши ва даъво суммасининг 12 баравари миқдорида жарима билан жазоланиши, бундан ташқари, қозилар кенгашидан ҳайдалиши ва бу лавозимга бошқа қайт­маслиги лозимлиги белгилаб­ қўйилган.

Судьяларга пора бериш дунёнинг барча динлари томонидан ҳам қораланган. Жумладан, Қуръонда: «Бир-бирларингизнинг мулкларингизни ноҳақ ўзлаштириб ол­манглар ва бошқаларнинг мулкини ўзлаштириш нияти­да қозиларга рибо берманглар», – дейилган.

Одил судлов тизимида коррупцияни тугатиш юзаси­дан қадимги форс давлати – Аҳамонийлар салтанатида шафқатсиз жазолар бериш орқали кураш олиб борилган. Хусусан, тарихчи Геродотнинг хабар беришича, шоҳ Кир II нинг ўғли Камбис II даврида тарафларнинг бири­дан пора олгани учун Сисамн исмли судьянинг тири­к­лайин териси шилиб олиниб­, ўтирган курсисига тортиб қў­йилган ҳамда унинг ўғли шу вазифага тайинланган, то­ки судда иш кўраётган чо­ғида қайси курсида ўтирга­нини унутмасин. Ана шундан­ сўнг қадимги форс судьялари орасида бирорта ҳам пора­хўрлик ҳолати аниқланмаган.­

Ўрта асрлар Рус давлати­да Иван III коррупцияни қо­нун асосида чеклаб қўйган бўлса-да, Иван Грозний даврида унга қарши жиддий кураш олиб борилган. 1556 йилда у мансабдорларнинг «тирикчилиги»ни расман бе­кор қилган, мамлакатда тама­гирлик ва порахўрлик учун ўлим жазоси берила бошлаган. Хусусан, бир дьяк (князь котиби) белгиланганидан ортиқ тангалар ва қовурилган ғоз олгани учун ўлимга ҳукм қилинган.

Кўпгина далилларга кўра Ўрта асрлар Европасида ҳукмронлик қилган католик черковининг ўзи коррупция­нинг марказида турган. Ўша пайтдаги индульгенциялар (гуноҳини кечириш ва шу ҳақда Рим папаси томонидан бериладиган ёрлиқ) савдоси, черковга оид лавозим ва мартабаларни сотиб олиш коррупцияга яққол мисол бўла олади.

Ўрта асрларда Европада порахўрларга нисбатан тўрт­га бўлиб чопиш, чархпалакка тор­тиб қатл этиш, осиш, олов­да ёқиш, қўлларини ке­сиш, қизиган ёғга тирикла­йин ташлаб юбориш каби мисли кўрилмаган жазо чоралари қўлланган.

XVII аср бошларида Голландия ҳукумати томони­дан «ҳаводан савдо қилиш» тақиқланган фармон чиқарилган. «Ҳаводан савдо қи­лиш» деганда, битим вақтида сотувчининг ҳақиқий эгалигида бўлмаган акциялар билан амалга ошириладиган операциялар тушунилган. Аср охирларига бориб эса адвокат­ Николаас Майс ван Хоули барча битимлар расман рўй­хатга олиниши ва уларга со­лиқ солинишига эришган, ун­га қадар эса назорат қилинмайдиган битимларда суиистеъмол қилиш ва порахўрлик­ ҳолатлари бўлгани ўз-ўзи­дан маълум. Тарихчиларнинг фикрича, Голландияда XVIII асрда пора олишга нисбатан ҳам солиқлар мавжуд бўлган. Генерал-губернатор йиллик маоши 700 гульден бўла туриб, бир йилда 10 миллион гульден миқдорида бойлик тўплаган. Кичкина бир сотувчи ойига 40 гульден маоши бор жойга тайинланиши учун расман 3500 гульден солиқ тўлаган ҳамда бу мансабдан бир йилда 40 минг гульденгача даромад олган.

Ушбу даврда Англияда ҳам давлат ва хусусий поли­ция мавжуд бўлиб, иккаласи­ни ҳам «сотиб олиш» мумкин­ бўлган. Лондондаги тартиб учун бюджетдан маош оладиган икки нафар маршал фаолият олиб борган. Тарих­чиларнинг маълум қилишича,­ 1712 йилда кичик мар­шал ла­возимини Чарльз Хит­чен деган кимса 700 фунтга сотиб олган. Бу одам ўз пул­ларини «қандай чиқариб олиш»ни яхши билган, яъни лицензия­сиз савдогарлардан, фоҳи­шахона эгаларидан ва полициядан қочиб юрганлардан пора олган, ўғрилар билан тил бириктирган, бирга ишлашни хоҳламаган ўғриларни­ қамаган. Коррупциянинг ку­чайиши унга қарши қаттиқ курашиш заруратини юзага келтирган. Натижада ўша даврда Англияда «қизил ип­дан ўтказиш» деган ибора пайдо бўлган. Бунинг маъноси шуки, кема анжомларининг барчасидан қизил ип ўтказиб қўйилган, бутун мато ёки арқонни қизил ипсиз ўғрилашнинг иложи бўлмаган ва кичкина парчадан ҳам ҳукумат мулкини таниб олиш мумкин эди.

Ўтган асрда ривожланган мамлакатларда коррупция эво­люциясининг янги босқи­чи бошланди. Бу давлат бош­қарувининг мустаҳкам­ланиши,­ шунингдек, йирик бизнеснинг ривожланиши ва унинг сиёсий тизимга аралашишга ури­нишлари билан боғлиқ эди. XX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб эса коррупция халқаро муаммо сифатида тан олинди. Корпорацияларнинг чет давлат олий мансаб­дор шахслари билан тил бириктириши оммавий тус ол­ди. Глобаллашув бир давлат­даги коррупция кўплаб мам­­ла­катларнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатишига олиб келди. «Finan­cial Times» газетаси 1995 йилни «Корруп­ция йили» деб эълон қилган бўлса, БМТ коррупция ҳақи­даги билимларни тарғиб қи­лиш мақсадида 9 декабрни «Халқаро коррупцияга қарши кураш куни» деб эълон қилди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, шуни айтиш мумкинки, коррупция макон ва за­мон танламайдиган, давлат бошқаруви­га салбий таъсир кўрсатиб, жамият ҳаётини­ издан чиқарадиган иллатдир. Унга қарши курашиш ҳар бир мамлакатнинг асосий вазифаси, ҳар қандай­ жамият ва ҳар бир фуқаронинг ўз давлати ва халқи ол­-дидаги бурчидир. Чунончи, Президентимизнинг Ўзбекистон Олий Мажлисининг VIII сессиясидаги «Янгиланиш ва ўзгаришлар жараёни ортга қайтмайди» номли маърузасида шундай таъкидланади:

«Барчамиз бир ҳақиқатни хаёлимиздан чиқармаслигимиз зарур. Яъни, ҳар қандай давлат тизими, унинг аппарати ва маъмурий органлари демократик андозаларга қанчалик жавоб бермасин – барибир ўз кучини, қолаверса, ўз зўравонли­ги­ни­ ўтказишга ҳаракат қиладиган­ тизим бўлиб қолаверади.

Шунинг учун ҳам давлат­ идоралари, аввало, унинг маъ­мурий органлари ва ташкилотлари устидан жамият ҳамда фуқаролар назоратини ўрнатиш бутун дунёда қонунбузарликка, берилган ваколат ва вазифасини суиистеъмол қилишга, коррупцияга қарши, айни вақтда, барча ўзбошимчалик ва вол­юнтаристик қарорларни қа­бул қилишнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбир деб тан олинади».

Саҳодулла ШОМИРЗАЕВ, Олий ҳарбий божхона институти катта ўқитувчиси, божхона хизмати капитани


Рўйҳатга қайтиш