“Ҳожатбарор” ўринбосар

СЎХ туманида яшовчи Замира Раҳмонова (исм-шарифлар ўзгартирилган) мактабнинг 9-синфини тамомлагач, Сўх қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежига ҳужжат топширди. Аммо тез орада унинг оиласи Фарғона шаҳрига кўчадиган бўлиб қолди. Шунинг учун ота-онаси Замирага Фарғона маиший хизмат ва педагогика коллежига ўқишга киришини маслаҳат беришди.

Ана шу мақсадда она бўлмиш Зебо Розиқжонова қизини Фарғона маиший хизмат ва педагогика коллежига етаклаб борди. Коллеж ҳовлисида эса она-болага хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари Жасур Дадабоев дуч келди.

— Сўхдан кўчиб келдик. Энди қизимни шу ерда ўқитсак, деган ниятдамиз, — деди она.

Зебо опанинг сўзларини эшитган Ж.Дадабоев худди қопқонига ўлжа тушган овчидек суюниб кетди.

— Аслида ўринлар, деярли тўлиб бўлди. Лекин харажатидан қочмасангиз, ўзим ёрдам қиламан. Қизингизни коллежимизнинг “Мактабдан ва синфдан ташқари тарбиявий ишлар ташкилотчиси” йў­налишига киритиб қўяман. Фақат раҳбарларга озгина узатиш керак.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимлигининг ўрта махсус касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси томонидан белгиланган режага мувофиқ “Мактабдан ва синфдан ташқари тарбиявий ишлар ташкилотчиси” йўналишига 60 нафар ўқувчи қабул қилиниши лозим бўлиб, аслида бор-йўғи 24 нафар ўқувчи ҳужжат топширган эди. Яъни то 60 нафарга етмагунча мазкур йўналишга ҳужжат топширадиган ўқувчининг имтиҳонсиз қабул қилиниши аниқ эди. Буни яхши билган Жасур Дадабоев мўмайгина пул ишлаб олмоқчи бўлди.

У “хизмат ҳақи”ни 300 АҚШ доллари қилиб белгилади. Бироқ бундан норози бўлган З.Раҳмонова шу куниёқ ҳуқуқни муҳофаза қилиш идорасига ариза берди. Натижада орадан икки кун ўтгач, Ж.Дадабоев коллеж биносида Замирадан 300 АҚШ долларини олаётган вақтда СВОЖЖДЛҚК Департаменти ва вилоят ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинди. Яъни ширин орзуларига етолмай, балойи нафснинг тузоғига илинди.

Суд айбдорнинг қилмишига яраша қонуний жазо тайинлади.

Маъруфжон ТЕШАБОЕВ, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди раиси


Рўйҳатга қайтиш