Нафс домига илинганлар

ОЧКЎЗЛИК инсоннинг кўзларини кўр қилиб қўяди, жуда кўп нотўғри йўлларга бошлайди. Очкўзлик туфайли жар ёқасига бориб қолганда эса ҳалокатдан қутулиб қолиш анча қийин бўлишини исботлашга ҳожат йўқ.

Бугунги қаҳрамонларимиз (исм-шарифлари ўзгартирилган) “Ачилов Райим Актив” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шуҳрат Собиров ва вақтинча ҳеч қаерда ишламайдиган Хайрулло Одиловлар ҳам ана шундай тоифали одамлар сирасига киради.

Энг ачинарлиси, уларнинг иккови ҳам аввал бир эмас, икки мартадан судланган.

Суднинг қора курсисида ўтиришга ўрганиб қолган Ш.Собиров ҳамда Х.Одиловларнинг бу галги жиноятлари қуйидагича таснифланади:

Аввалги жиноятларига қўлланилган жазо ва давлатимиз томонидан кўрсатилган инсонпарварлик — амнистия актидан етарли хулоса чиқармаган Х.Одилов яна қинғир ишга қўл урди. 2013 йилнинг апрель ойида “Ачилов Райим Актив” масъулияти чекланган жамият раҳбари С.Ачилов билан учрашиб, унга тегишли бўлган МЧЖни 9 миллион 500 минг сўмга сотиб олишга қарор қилди ва орадан кўп ўтмай таниши Шуҳрат Собировни кўриб қолди. Ш.Собировнинг бирорта фирма сотиб олиш тараддудида юрганлигини эшитиб, фойда кўриш учун хаёлига яқиндагина сотиб олган МЧЖни 15 миллион сўмга сотиш фикри чақмоқдай урилди. Таниш харидор Ш.Собировнинг розилигини олган бозори чаққон Х.Одилов, тезлик билан ҳамма ҳужжатларни, яъни раҳбарга муайян ҳуқуқ берадиган расмий ҳужжат ҳисобланган “Ачилов Райим Актив” масъулияти чекланган жамиятнинг 2013 йил 14 майдаги 2-сонли жамият раҳбари номзодини тасдиқлаш тўғрисидаги жамият таъсисчиларининг умумий йиғилиш баённомаси ва жамият раҳбарини та­йинлаш тўғрисидаги 3-сонли буйруғидаги жамият собиқ раҳбари С.Ачиловнинг имзоларини ҳамда банкдан ҳисоб рақам очиш тўғрисидаги аризани қалбакилаштириб, ноқонуний равишда жамият фаолиятини Ш.Собиров бошқарувига олиб беради.

Шундан сўнг Шуҳрат Собиров янги сотиб олинган “Ачилов Ра­йим Актив” масъулияти чекланган жамиятни Навоий шаҳар давлат солиқ инспекциясидан тегишли тартибда рўйхатдан ўтказади. Мазкур жамият ўзининг қўлига эгри йўллар билан текканлигини гўёки билмаган (буниси бизга қоронғи) “ишбилармон” Ш.Собиров ҳам ишни қо­нунни четлаб ўтиб, фаолият юритишдан бошлайди. У Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 5 августдаги “Пул маблағларининг банкдан ташқари муомаласини янада қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларига зид равишда 1749500,0 минг сўмлик юқори ликвидли харидоргир маҳсулотлар сотувидан тушган нақд пул маблағларини банк муассасасига топширмасдан “кассага эмас, киссага” қабилида иш тутиб, бошқа мақсадларда ишлатиб юборган ҳамда 1877300,0 минг сўмлик кирим қилинмаган маҳсулотлар билан савдо қилиб, товарлар савдоси ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиб, Жиноят кодексининг 189-моддаси, 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилган.

Судда айбланувчиларнинг айб­лари тўлиқ ўз исботини топди. Шуҳрат Собиров Жиноят кодексининг 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилди ва ушбу модда билан унга энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз баравари миқдорида жарима жазоси та­йинланди.

Хайрулло Одилов эса Жиноят кодексининг 228-моддаси, 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор, деб топилиб, унга ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда икки йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Нафс домига тушиб, учинчи марта суднинг қора курсисига ўтиришга улгурган бу шахслар қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда эмас, балки ундан олдинроқ ҳам фош бўлаётганлигини, оч­кўзликлари нафақат давлатга, балки ўзларига, оилаларига, барча яқинларига ҳам қимматга тушганлигини англаб етганмикинлар?

Маруса ҲОСИЛОВА, “Инсон ва қонун” мухбири


Рўйҳатга қайтиш