Омонатга хиёнат

ХАЛҚИМИЗДА “Бировнинг ҳақи — балонинг ўқи”, деган нақл бор. Ҳаётда бировнинг ҳақини еб косаси оқарган инсон йўқ. Бўлмайди ҳам. Афсуски, айрим кимсалар ана шу ҳақиқатни билса-да, ўз нафсини жиловлай олмай ўзгалар омонатига хиёнат қилишдан тап тортмайди.

Бувихол Раҳимова (исм-шарифлар ўзгартирилган) муқаддам судланган бўлса-да, ундан ўзига тўғри хулоса чиқара олмади. Мансабидан фойдаланиб, ўзгаларнинг омонатини ўзлаштиришга киришади. Яъни “Оқтош” почта алоқа тармоғининг “Тошкент” алоқа бўлими бошлиғи сифатида фаолият олиб борган “қаҳрамон”имиз айнан шу алоқа бўлими орқали нафақа олувчи қариялар, ногиронлар ҳамда кўп болали оналарнинг жами 26 миллион 875 минг 341 сўм нафақа пулини, ўз хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш — фуқароларнинг имзосини қалбакилаштириш йўли билан ўзлаштириб юборади. Ва пуллар тўлиқ тарқатилганлиги тўғрисида “Оқтош” почта алоқа бўлимига сохта ҳужжат топширади. Ўзлаштирилган пуллар эвазига эса Бувихолнинг шахсий эҳтиёжлари қондирилади.

Худди шундай ҳолат “Оқтош” почта алоқа тармоғининг “Олти ўғил” алоқа бўлимида хабарчи лавозимида ишлаган Комил Исаев фаолиятида ҳам кузатилган. Нафси ҳакалак отган Комил ўзгалар омонати ҳисобига бойиб кетишни ният қилади ва шу мақсадда ўзи хизмат қилган алоқа бўлимидан нафақа пули, болаларнинг суюнчиси ҳамда ногиронларга ойма-ой бериладиган 18 миллион 681 минг 282 сўм миқдоридаги пенсия ва нафақа пулларини, тўлов варақаларига фуқароларнинг имзоларини қалбакилаштириб қўйиб, ўз ҳудудида фуқароларга нафақа пуллари тўлиқ берилганлиги тўғрисида “Оқтош” почта алоқа тармоғига нотўғри маълумотлар билан тўлдирилган ҳисоботни топширади. Пулларни эса ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборади.

Хулоса қилиб айтганда, юқорида номлари тилга олинган “қаҳрамон”ларимиз кўза кунда эмас кунида синади, деган нақлни унутиб қўйишган чоғи. Бўлмаса бугун улар оиласи, яқинлари, қолаверса, жамият олдида боши эгилиб, суднинг қора курсисига келиб ўтирмасди. Сўнгги сўз ўрнида, жиноятчиларга суд қонуний ҳукм ўқиди.

Азим ҚОДИРОВ, “Инсон ва қонун” мухбири


Рўйҳатга қайтиш