ЁШИ улуғ инсонларни эъзозлаш, ҳурматини жойига қўйиш миллий анъаналаримизга хос фазилат. Шу боис ҳам халқимиз кўча-кўйда, жамоат жойларида кексаларга иззат-ҳурмат кўрсатишади. Улар давлат идораларига бирор юмуш билан мурожаат қилсалар, бу ердаги ходимлар, аввало, отахон ва онахонларнинг юмушларини бажариб, ҳурмат билан кузатиб қўйишади. Бироқ Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Тўрақўрғон туман бўлими мутасаддилари туманда яшовчи пенсионерлар В.Холиқов, Ю.Отабоев ва А.Ахунжоновларга бундай эътибор кўрсатишмади.
Бўлим мутасаддилари Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига оид қонун-қоидалар, ўз фаолиятлари давомида амал қилишлари лозим бўлган меъёрий ҳужжатларга юзаки ёндашиб, отахонларнинг 2010 йилдан буён имтиёзли ёшга доир олиб келаётган пенсияларини тўхтатиб қўйишди. Отахонларнинг пенсия жамғармаси Тўрақўрғон туман бўлимига қайта-қайта қилган мурожаатлари ҳам уларни ҳушёр торттирмади.
— “Тўрақўрғон Охангар ТРЗ” жамиятида 1983 йилдан 2000 йилгача ишлаганман, — дейди А.Ахунжонов. — Бу ҳақдаги тегишли ҳужжатларнинг барчасини тақдим қилиб, имтиёзли ёшга доир пенсияга чиққанман. Бироқ пенсия жамғармаси Тўрақўрғон туман бўлими 2014 йил 1 январдан пенсиямни тўхтатиб қўйди. Сабабини сўраб, қайта-қайта қилган мурожаатларимга “Сизга пенсия нотўғри тайинланган, ишлаган иш жойингиз белгиланган тартибда шаҳодат кўригидан ўтмаган”, дея бир хил жавоб беришди. Охири вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Бу ерга бир марта келдим, холос. Улар мени яхши кутиб олишди ва энди овора бўлиб бошқа келмаслигимни, ҳужжатларга зарурат бўлса, ўзлари олдимга боришларини ва қонун доирасида ёрдам беришларини айтишди.
— Бир вақтнинг ўзида уч нафар отахон шу масалада ёрдам беришимизни сўраб мурожаат қилишди, — дейди вилоят адлия бошқармаси инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи Улуғбек Исматиллаев. — Уларнинг аризаларини ўрганиш жараёнида шу нарса маълум бўлдики, Жамғарманинг Тўрақўрғон туман бўлими томонидан ушбу фуқароларнинг ишлаган иш даврлари учун иш ўринларига белгиланган тартибда ўтказилган аттестация натижалари бўйича хулосалар тақдим қилмаган, деган важ билан бўлимнинг 2014 йил август ойидаги қарорлари билан фуқароларнинг имтиёзли ёшга доир пенсиялари 2014 йил 1 январдан тўхтатилган ва пенсия тайинлаш рад қилинган. Бунга улар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 2012 йил 13 мартда 2337-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхатларини қўллаш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 5-бандини асос қилиб олишган.
Ўрганишлар натижасида маълум бўлишича, фуқароларга Жамғарма томонидан 2010 йилда имтиёзли ёшга доир пенсия тайинланган вақтда қонунчиликда ушбу талабнинг бўлмаганлиги сабабли фуқароларга имтиёзли ёшга доир пенсия қонуний тайинланган. Зеро, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг (янги таҳрири) 31-моддасига кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эга эмаслиги ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган ижтимоий муносабатларга нисбатан татбиқ этилиши қайд қилинган.
Шунингдек, Жамғарманинг Тўрақўрғон туман бўлими томонидан фуқароларга имтиёзли ёшга доир пенсия 2014 йил 1 январдан тўхтатилганлиги, пенсия тайинлаш тўғрисидаги қарор 8 ой ўтгандан кейин қабул қилинганлиги, ушбу қарор қабул қилингунга қадар унга иш ўринларини белгиланган тартибда аттестациядан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим қилишни сўраб, сарсон қилинганлиги оқибатида уларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига зарар етказилган.
Ваҳоланки, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 43-моддасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимлари пенсиялар тайинлаш масалалари юзасидан тушунтириш ва маълумотлар беришлари, шунингдек, аризачига зарур ҳужжатларни олишида кўмаклашишлари шартлиги белгиланган.
Хуллас, вилоят адлия бошқармаси томонидан фуқаролар В.Холиқов, Ю.Отабоев ва А.Ахунжоновларга нисбатан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Тўрақўрғон туман бўлимининг 2014 йил август ойидаги имтиёзли шартларда пенсия тайинлашни рад этиш тўғрисидаги қарорларини ҳақиқий эмас, деб топиш, тайинланган пенсияни қайта тўлаш мажбуриятини юклаш ҳамда жавобгар пенсия ва нафақаларни тайинлаш комиссияси аъзоларидан фуқароларга етказилган маънавий зарарни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судига даъво ариза киритилди.
Суд томонидан даъво ариза қаноатлантирилди.
Мақола чоп этилишидан олдин отахонлар билан яна боғландик. Улар пенсия жамғармаси Тўрақўрғон туман бўлими томонидан пенсиялари тўхтатилган вақтдан буён қайта ҳисобланиб, В.Холиқов 5 679 064 сўм, Ю.Отабоев 3 907 976 сўм ва А.Ахунжонов 7 150 173 сўм пенсия пул маблағлари олганликларини ва адолат қарор топганлигидан мамнун эканликларини таъкидлашди.
Абдуҳошим МАДАТОВ, “Инсон ва қонун” мухбири