Ишончни оқламаган инспектор

ҒОФУРЖОН БОЛТАБОЕВ бундан олти йил муқаддам Бағдод туманининг Амиробод қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудуд солиқ бош инспектори лавозимига тайинланганида туман ДСИ раҳбарлари унга катта ишонч билдиришганди. Аммо бош инспектор бу юксак ишончни оқлай олмади.

Тўғри, ўофуржон дастлабки икки йил мобайнида бинойидек фаолият юритди. Лекин кейинчалик қонун талабини эмас, балки нафс амрини устун қўядиган бўлиб қолди.

Ўшанда 2012 йилнинг январь ойи эди. Инспектор давлат-тижорат “Халқ банки” Бағдод туман филиалининг 1-сонли жамғарма шохобчасидан фуқаролар томонидан тўланган 503.000 сўм маблағни тўлов чипталарига сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиш йўли билан олиб, ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборди. Бироқ буни биров сезмадими ёки бошқа сабабми, ҳар ҳолда ҳеч ким эътироз билдирмади. Натижада солиқчининг “иштаҳа”си янада очилиб кетди. Шу боис у банкнинг 2-сонли шохобчаси орқали 2.129.800 сўм пулни худди аввалгидек усулда қўлга киритди.

ў.Болтабоев учинчи сохтакорликни банкнинг 3-сонли коммунал шохобчасига нисбатан содир этди. Мазкур шохобча ходими унга 134.000 сўм пул санаб берди. Аммо илгари олган пуллари олдида бу миқдор “қаҳрамон”имизни қониқтирмади. Бинобарин, кейинги сафар 4-сонли шохобчага 1.449.000 сўм пул олиш хуқуқини берувчи қалбаки ҳужжатларни тақдим этди. У шундай устамонлик билан иш тутардики, бир марта пул олган шохобчасига қайтиб бормасди. Балки шунинг учун унинг жиноий қилмишлари тезда кўзга ташланмагандир. Яна ким билади, дейсиз?

Хуллас, нафси ҳакалак отган инспектор икки йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2008 йил 17 майдаги “Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, инкассация ва қимматликларни ташишга доир йўриқнома”сига зид равишда “Халқ банки” шохобчаларидан жами 20.263.000 сўм, АТБ “Агробанк”нинг туман филиали ғазнасидан 63.000 сўм пулни олиб, чўнтагини қаппайтирди. Афсуски, бу ўофуржоннинг ҳамма кирдикорлари эмасди. Юқоридагилардан ташқари, у фуқаролардан йиғилган 57.175.300 сўм миқдоридаги ер ва мол-мулк солиқларини тижорат банклари томонидан берилган квитанцияларга Амиробод ҚФЙ ҳамда Боғишамол МФЙ муҳрларини босиш орқали ва 5-шакл патта ҳужжатлари билан расмийлаштиргач, банкка кирим қилади. Шундан 19.812.300 сўмини ўзининг номидан нақд пул тариқасида топширади. Бироқ мазкур солиқларни ДСИнинг жисмоний шахслар учун очилган шахсий ҳисобварақларда акс эттирмайди. Оқибатда, фуқаролар ва давлат манфаатларига жиддий зиён етказади.

Албатта, кўза кунда эмас, кунида синади. Шундай экан, эгри қадамли солиқчининг жиноятлари ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан фош этилди.

Маълумки, Бош қомусимизнинг 51-моддасида “Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар”, дея белгиланган. Ҳудуд солиқ инспекторининг вазифаси нафақат солиқ ундириш, балки фуқароларнинг ана шу конституциявий бурчи ҳамда солиқ қонунчилигига оид бошқа ҳужжатлар мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш ва шу орқали юртдошларимизнинг солиқ маданиятини юксалтиришдан иборат. ўофуржон Болтабоев эса бунинг ўрнига ўз ҳамёнини тўлдириш дарди билан “касалланди”. Пировардида...

Суд уни айбдор деб топиб, тегишли жазо тайинлади.

Рўзиматжон САЙДАҲМЕДОВ, жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман судининг раиси


Рўйҳатга қайтиш