АҚЛ-ИДРОК, фаҳму фаросат, намунали хулқ-атвор, одамийлик сингари эзгу фазилатлар ҳар бир инсоннинг умрига зеб бағишлайди. Ана шу ноёб белгилар мужассам комил инсон умрини яхши ишларга бахшида этади.
Минг афсуски, айримлар бу фазилатларни ўз онгу шуурига жо қилмай, хиёнат ва жиноят кўчасига кирадилар.
Олий маълумотли, оқ билан қоранинг фарқига борадиган, эс-ҳушли, эл саломатлиги посбони, шифокор, деган масъулиятли касб эгаси, муҳими, уч фарзанднинг волидаси, элликни қоралаган аёлнинг жиноятга қўл уриши кечириб бўлмас ҳолдир.
Нафси ҳакалак отиб, одам савдоси жиноятини содир этган бундай кимсанинг қилмишини қандай баҳолаш мумкин? Мукаррам Ашурова (исм-фамилияси ўзгартирилган) Каттақўрғон шаҳридаги туғуруқ комплексида бир неча йилдан буён акушер гинеколог вазифасида ишларди. У ўз ваколатидан фойдаланиб, жиноятга қўл урди. Навбатчиликда турган пайтида унинг хонасига чамаси йигирма беш ёшлар атрофидаги нотаниш жувон кириб, янги туғилган чақалоқни ташлаб, ном-нишонсиз йўқолиб кетади.
Шифокор эса бундан унумли фойдаланиб, олдиндан режалаштириб қўйган тамагирлик мақсадидаги жиноий хатти-ҳаракатини амалга оширади. Яъни узоқ йиллардан буён фарзанд кўришни орзу қилиб, даволанмаган шифохонаси қолмаган Зуҳра Расуловага чақалоқни 450000 сўм “суюнчи” пулига сотиб юборади.
Муаллима ўзининг бу ноқонуний хатти-ҳаракатини англамай, оналик бахт қуши бошига қўнганлигидан, энг муҳими, оиласи сақланиб қолганлигидан хурсанд бўлиб, ҳужжат тўғирлаш учун яна ноқонуний йўл тутади. Яъни таниши орқали юз минг сўм пора бериб, қиз чақалоқ дунёга келганлиги тўғрисида ҳужжат олишга уринади.
Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади, деганларидек, яқинда жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судида ушбу жиноий иш кўриб чиқилди.
Нафсига қул “суюнчи”хўр аёл қилмишига яраша қонуний жазо олди. Бола сақлаб олган муаллимага ҳам унинг фарзанд кўришни астойдил истаганлиги, бу ишларга тушунмай қўл урганлиги, қизалоқни ўз онасидек уч йилдан буён тарбиялаётганлиги, энг муҳими, бу ҳолат туфайли унинг оиласи сақланиб қолганлиги одил суд томонидан инобатга олиниб, тегишли тартибда қонуний жазо қўлланди.
Хулоса қилиб айтганда, халқимизда “Менинг нафсим балодир, ёнар ўтга соладир”, деган нақл бежиз айтилмаган. Зеро, нафс қутқуси инсонларни мана шундай боши берк кўчага бошлайди.
Азим ҚОДИРОВ, “Инсон ва қонун” мухбири