НАФСНИНГ нағзи ҳеч тўлмас, гар тўлса-да ҳеч тўймас бўлади. Бу оддий ҳақиқат барчага аён. Бироқ билиб туриб ҳам тубанликка юз тутаётган одамлар, афсуски, ҳаётда бор.
Ҳаётнинг аччиқ-чучугини тушунадиган, кўпни кўрган инсон сифатида ўаллаорол туманидаги Маржонбулоқ шаҳарчаси фуқаролар йиғини раиси Фозил Ниятовга (исм-фамилиялар ўзгартириб берилмоқда) раислик лавозими "оғир"лик қилган чоғи мазкур вазифага тайинланганига кўп вақт бўлмасиданоқ, хизмат мавқеидан фойдаланиб, жиноятга қўл урди.
Гап шундаки, маҳаллада унинг имзосисиз ҳал бўлмайдиган ишлар кўп эди. Мана шундай иши битмай юрганлар орасида бир келинчак Зухро Носирова ҳам бор эди. У 2012 йил июнь ойида туғилган фарзанди учун нафақа тайинланишини сўраб ёзган аризасига маҳалла раисидан вақтида тайинли жавоб ололмайди. Шундай кунларнинг бирида мазкур вазиятдан моддий манфаат кўришни режа қилган Ф.Ниятов З.Носировага бир ойлик нафақа пулини, яъни 144.710 сўмни тамагирлик йўли билан талаб қилиб, агарда ушбу айтилган миқдордаги пулни бермаса, нафақа тайинланмаслигини билдиради. Она иложсизликдан рози бўлади. Бироқ у айтган миқдорда эмас, балки 100 000 сўм ва фарзандининг ҳужжатлари билан 2012 йил 5 сентябрда маҳалла идорасига боради. Идорада раис йўқлигини билгач, маҳалла котибаси Л.Ботировага учрашади.
— Кечирасиз, мен буларни олиб қолмайман, — деб котиба столига қўйилган пул ва ҳужжатларни ўзидан нарига суриб қўйди. Шунда З.Носирова уяли телефонда Ф.Ниятовга ўзини таништириб, нафақа тайинланиши учун зарур бўлган ҳужжатларни ҳамда 100 000 сўм пул олиб келганини, бироқ котиба олиб қолмаётганлигини айтади. Пулнинг хабарини эшитган Ф.Ниятов телефонни котибага беришини сўраб, 100 000 сўмни ва ҳужжатларни З.Носировадан олиб қолишини тайинлайди.
Шундан кейин ҳам З.Носирова фарзандининг нафақаси қачон чиқишини сўраб саккиз ой сарсон бўлди. Эшитадиган жавоби ҳар сафар бир хил "лимит етмаяпти, нафақа кейинги ойдан чиқади". Ниҳоят 2013 йил май ойидан З.Носированинг фарзанди учун нафақа пуллари чиқа бошлади. Аммо З.Носирова ишни шундай қолдирмасликка аҳд қилди. Чунки нафақа пулларини бир ой олса, бир ойини олмасди. Оқсоқолнинг айтишича, "лимит" етмаётганлиги сабабли пул чиқмаётган эмиш. Лабзсиз эркакнинг найрангларидан чарчаган она тегишли жойга ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлди. Оқибатда Ф.Ниятов устидан жиноий иш қўзғатилди. Текширишда Ф.Ниятов маҳалладаги бошқа оналардан ҳам нафақа пуллари тайинлаши эвазига пора олганлиги аниқланди. Ф.Ниятовга қонунда кўрсатилган тартибда жазо тайинланди.
Одатда маҳалла раиси, деганда маҳалладошларини бирлаштириб, аҳиллик билан йўл бошловчи, ёшларнинг суянчи, муҳтожларга мадад бўлгувчи, мулоҳазали ва маслаҳатгуй инсон кўз ўнгимизда гавдаланади. Афсуски, бундай хислатлар тўғрисида гап кетганида, Ф.Ниятовга ўхшаш кишилар ҳақида бирон нима, дейиш қийин.
Ёши 50 дан ошиб, қаноти остидаги икки фарзандига намуна бўлиб, уларнинг яхши кунларида эл олдида ёруғ юз билан туриши керак бўлган бир вақтда унинг жиноий ишга қўл уриб панжара ортида ўтириши хулоса чиқариши учун сабоқ бўлар.
Юнус СИДДИҚОВ, жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят судининг судьяси