МАМЛАКАТИМИЗДА коррупцияга қарши курашиш, айниқса, порахўрлик жиноятларининг олдини олиш ва уларни фош этиш борасида муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга коррупцияга қарши курашиш тизими асосан мансабдор шахсларнинг пора олиш ҳолатларини аниқлашга қаратилган бўлиб, уларни пора олишга қизиқтирувчи, воситачилик қилувчи ва бевосита пора берувчиларнинг кўп ҳолатларда жиноий жавобгарликдан қутулиб қолаётганлиги, ушбу тоифа жиноятларни камайтиришга қаратилган ишларнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги Қонуни асосида Жиноят кодексининг бошқарув тартибига қарши жиноятлар туркумидаги айрим моддаларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар бу тоифали жиноятларга қарши курашга қаратилган фаолиятимизнинг самарадорлигини оширишга кўмаклашади.
Хусусан, янги қонун билан Жиноят кодексининг пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилганлик учун жавобгарлик белгиланган 211-, 212-моддаларига иккита йўналишда ўзгартиш киритилди.
Биринчиси, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилганлик учун жазолар тури, миқдори ва муддатлари ўзгартирилиб, пора олиш учун белгиланган жазолар тури билан бир хилда белгиланди, яъни эндиликда порахўрлик жиноятлари учун жазолар бирхиллаштирилди.
Иккинчиси, Жиноят кодексининг 211-моддасида пора берувчи шахс, 212-моддасида пора олиш-беришда воситачилик қилувчи шахс, башарти, жиноий ҳаракатлар содир этилгандан кейин бу ҳақда ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод этилишига оид рағбатлантирувчи қоида белгиланган эди.
Янги қонун билан ушбу қоидага ҳам ўзгартиш киритилиб, пора берувчи ва пора олиш-беришда воситачилик қилувчи шахслар учун белгиланган юқоридаги каби рағбатлантирувчи қоидани қўллаш асослари чегараланди, яъни эндиликда пора берувчи ва пора олиш-беришда воситачилик қилувчи шахслар бундай жиноят ҳақида ҳар қандай вақтда хабар берганлиги учун жавобгарликдан озод этилмаслиги, балки жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилсагина, жавобгарликдан озод қилиниши белгиланди.
Айтиш керакки, қонунда жавобгарликдан озод қилишнинг аниқ муддати белгилаб қўйилиши, пора берувчи ва пора олиш-беришда воситачилик қилувчи шахсларда жавобгарликнинг муқаррарлиги ҳиссини, порахўрлик жиноятлари профилактикасини оширишга хизмат қилади.
Энг муҳими, бундай шахсларга порахўрлик жинояти ҳақидаги хабарни белгиланган муддатда бериш мажбуриятини юклаш орқали жиноятларнинг ўз вақтида аниқланишига эришилади.
Пора сўраб товламачилик ёки пора олиш-беришда воситачилик қилган шахсни жавобгарликдан озод қилиш шартлари Жиноят кодексининг 211-моддаси 4-қисми ва 212-моддаси 4-қисмида қатъий белгиланган қуйидаги талабларнинг барчаси мавжуд бўлгандагина, шахс жавобгарликдан озод этилиши мумкин:
товламачилик йўли билан пора талаб қилинган ҳолатнинг далиллар асосида тўлиқ тасдиқланганида;
ариза қонунда назарда тутилган муддатда, яъни ўттиз сутка мобайнида тақдим қилинганда;
ҳар қандай ноқонуний ташқи таъсирлардан (жисмоний, руҳий) холи тарзда ўз ихтиёри билан арз қилинганда;
пора берганлик ва воситачилик қилганлик ҳақида ариза берган шахс содир этган жиноий қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлик билдирган ҳолатда;
пора берганлик ва воситачилик қилганлик ҳақида ариза берган шахс ушбу жиноятни очишда фаол иштирок этганида.
Қонуннинг ушбу бешта талабидан бирортаси мавжуд бўлмаганида, пора берганлик ёки воситачилик қилганлик ҳақида ариза берган шахснинг жиноий жавобгарликдан озод қилинишига йўл қўйилмайди.
Ўз ихтиёри билан арз қилиш деганда — пора берувчи ёки пора олиш-беришда воситачилик қилган шахснинг бу ҳақда ўз ихтиёри билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига шахсан келиб ёзма ёки оғзаки шаклда қилган арзи тушунилади.
Тергов ёки суриштирув даврида аниқланган ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга олдиндан маълум бўлган пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш ҳолатлари юзасидан берилган ариза жиноий жавобгарликдан озод қилишга асос бўлмайди ва бундай шахснинг жавобгарлик масаласи қонунда белгиланган умумий тартибда ҳал қилинади.
Ҳар қандай жиноят иши бўйича дастлабки тергов ва суриштирув жараёнига жалб этилган (гумонланувчи, айбланувчи, жабрланувчи, гувоҳ) шахс, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ҳуқуқбузарлик учун келтирилган шахснинг пора берганлик ёки пора олиш-беришда воситачилик қилганлик ҳақида арз билан мурожаат қилиши, бундай мурожаатнинг ихтиёрийлигини истисно қилади ва жиноий жавобгарликдан озод қилишга асос бўлмайди.
Чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам бериш, деганда — ўзига нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган ёки пора олиш-беришда воситачилик қилган шахс шахсан ўзи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга ўз ихтиёри билан келиб, содир этилган жиноят ҳолатлари ҳақида ўз ихтиёри билан баён қилиши, қилмишига пушаймонлик билдириши, жиноятларнинг олдини олиш ва жиноятни очишга ёки унинг ташкилотчиларини ёхуд бошқа иштирокчиларини фош қилишга фаол ёрдам бериши тушунилади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонуннинг туб замирида одил судлов тамойилларини янада ривожлантириш орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг суд ҳимоясига бўлган ҳуқуқлари самарали таъминланишига эришиш, шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ўз вақтида тиклаш имконини яратиш, шунингдек, порахўрлик жиноятларининг туб илдизини йўқотиш, умуман, бундай жиноятларнинг субъектларига кескин чоралар кўриш орқали жамиятда қонун устуворлиги ҳамда адолат тамойилларини янада мустаҳкамлаш ғоялари мужассамдир.
Муҳаббат ХЎЖАЕВА, жиноят ишлари бўйича Зангиота туман суди раиси