Нафс домига тушганлар

2013 йилнинг 19 апрели. “Ангрен Логистика Маркази” очиқ акциядорлик жамиятининг “Махсус­юктранс” унитар корхонасига қарашли 10 271 LAA давлат белгили автомашина устига 27,2 тонна кўмир ортилган ҳолда Қамчиқ довони орқали — Фарғона вилоятига қараб йўлга тушди.

“Ўзбеккўмир” АЖ Фарғона ҳудудий дистибьютерлик маркази томонидан тасдиқланган тақсимот жадвалига мувофиқ ундаги кўмир маҳсулоти Бешариқ кўмир омбо­рига олиб борилиши керак эди. Аммо довондан тушгач, ҳайдовчи рулни Ёзёвон туманига олиб борувчи йўлга бурди. Маҳсулот Ёзёвонга келтирилгач, туман аҳолисига сотилди.

Бу иш Бешариқ кўмир омбори мудири Алпомиш Ўролов ва “Ўзбеккўмир” АЖ Фарғона ҳудудий дистибьютерлик маркази таъминотчиси Мақсуд Хаитовларнинг “келишуви”га мувофиқ амалга оширилган эди. Шу боис мудир 24818-сонли юк хатига муҳр босиб, сотувдан тушган 2.741.760 сўм пулни омбор ғазнасига кирим қилди. Лекин “Ўзбеккўмир” АЖ мутасаддилари кўп ўтмай А.Ўроловнинг қилмишларидан хабар топишди. Бинобарин, атайин ундан кўмирни Бешариқ кўмир омбори орқали тақсимланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилишди. Кутилмаган бу талаб эса Алпомишни шошириб қўйди. Натижада у икки оёғини қўлига олиб, “Бешариқ-пилла” МЧЖ бош ҳисобчиси Рўзимат Йўлдошевникига борди.

— Хабарингиз бор, 2013 йилнинг 1 апрелида хонадонларида ипак қурти парваришлаётган 24 нафар фуқарога кўмир тарқатилган эди, — дея муғомбирона гап бошлади мудир. — Бошлиғингиз имзоси билан менга берилган алоқа хати ва ҳужжатларда тарқатилган ўша кўмирнинг миқдори ва баҳоси кўрсатилмаган экан. Шунинг учун юқоридагилар мендан ҳисоботимни қабул қилишмаяпти. Мана, камчилигини тўғрилаган ҳолда янги тақсимот жадвалини тузиб келдим. Шуни муҳр билан тасдиқлаб берсангиз, Тошкентга шошиб турибман.

Ўша пайтда жамият раҳбари вилоят марказида мажлисда эди. Шу сабабли бош ҳисобчи А.Ўроловнинг сўзларига ишониб, унинг қўлидаги ҳужжатларга “Бешариқ-пилла” МЧЖ муҳрини босиб, имзолаб берди. Уддабурон мудир эса сохта ҳужжатларни “Ўзбеккўмир” АЖга тақдим қилиб, юрагидаги ғашликдан осонгина қутилди.

Тумандаги 3-сонли мактабгача таълим муассасасида ҳамшира вазифасида ишлаб келган Шаҳнозахон Нишонова ҳам А.Ўролов сингари нафс амрига бўйсуниб, юзи қора бўлди. У 2010 йилнинг 18 авгус­тида сохтакорликка қўл урди. Яъни ўша пайтда туман тиббиёт бирлашмасида бош ҳамшира бўлиб ишлаётган Муслима Эшматова билан жиноий тил бириктирди. М.Эшматова, гарчи, Шаҳноза белгиланган малака имтиҳонларини топширмаса-да, Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан унга олий малака тоифаси берилганлигини тасдиқловчи 158-К-сонли сохта буйруқни келтириб берди. Албатта, текинга эмас. Ш.Нишонова эса мазкур буйруқни туман молия бўлимига тақдим қилди. Натижада салкам уч йил мобайнида — 2013 йилнинг апрель ойига қадар олий малакали ҳамшира сифатида 1.956.903 сўм миқдорида иш ҳақи олиб турди. Таассуфланарлиси шундаки, ҳамшира ана шу давр мобайнида иккинчи қинғирликка ҳам улгурди. Аниқроғи, 2012 йилнинг август ойида муассаса мудираси Фотима Кабирова касаллик варақасида эканлигидан фойдаланиб, унинг номидан ўзига моддий рағбатлантириш бериш тўғрисида сохта буйруқ чиқарди ва 255.113 сўм маблағни қўлга киритди.

Албатта, кўза кунда эмас, кунида синади, деганларидек, ҳар иккала масъул ходимнинг жинояти қонун ҳимоячилари томонидан фош этилди. Суд мажлисида А.Ўролов ҳам, Ш.Нишонова ҳам қилмишларидан пушаймон эканликларини билдириб, енгиллик беришни сўрашди. Суд уларни қилмишларига яраша жазога маҳкум этди.

Шу ўринда бир гап. Ҳаётда инсоннинг энг ашаддий ва хавфли душмани бу — унинг нафсидир. Нафс гирдобига тушган кишининг қисмати аянчли якун топиши хусусида донишмандларнинг панду насиҳатларини эшитганмиз, манбааларда ўқиганмиз, кўп кўрганмиз. Алпомиш ва Шаҳнозахон буни суднинг қора курсисида ўтирганларидагина англаб етишди. Энди қандай қадам босиш эса уларнинг ўзига боғлиқ.

Музаффар МАРАҲИМОВ, жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг судьяси, 

Хуршид СУЛТОНОВ, “Инсон ва қонун” мухбири


Рўйҳатга қайтиш