Коррупцияга қарши ҳуқуқий экспертиза иллатларни бартараф этади

КОРРУПЦИЯ билан курашиш республикамизда олиб борилаётган маъмурий-ҳуқуқий ислоҳотларнинг муҳим аҳамиятга эга йўналишларидан бири ҳисобланади. Президентимизнинг кўпгина маъруза ва асарларида коррупцияга қарши кураш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан,“Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари”асарида коррупцияни ислоҳотлар йўлидаги тўсиқ ва давлатимизнинг миллий хавфсизлигига жиддий таҳдид сифатида баҳолайди.

2003 йил 31 октябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган БМТнинг коррупцияга қарши Конвенцияси 5-моддасининг 3-бандида белгиланганидек, коррупциянинг олдини олиш сиёсати ва амалиёти доирасида ҳар бир иштирокчи давлат тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар ва маъмурий чораларнинг коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга мос келиши нуқтаи назаридан уларни даврий баҳолашга ҳаракат қилади.

Ҳозирги кунда адлия органлари томонидан бошқа орган ва ташкилотлар билан ҳамкорликда коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишларнинг моҳиятини тушунтириш борасида турли хил тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси давомида мазкур лойиҳаларнинг уларда давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари тизимида коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатлар қилишга олиб келувчи ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қоида ва нормалар бор-йўқлигини аниқлаш юзасидан таҳлилни амалга оширади.

Мазкур қоида Адлия вазирлиги тўғрисидаги Низомда вазирликнинг асосий вазифа ва йўналишларидан бири сифатида мустаҳкамланган. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳуқуқий экспертизасини ўтказиш жараё­нида лойиҳаларнинг Конституцияга, қонунчиликка, қонунчилик техникаси қоидаларига, шунинг­дек, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига мувофиқлиги ҳамда давлат органлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш, келишиш ва Ҳукуматга киритишнинг белгиланган тартибига риоя қилиниши текширилади.

Адлия вазири томонидан 2011 йил 22 октябрда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экс­пертизасини ўтказиш бўйича услуб қабул қилинган.

Мазкур услуб коррупцияни вужудга келтириши мумкин бўлган ҳолатларни аниқлаш ва бартараф этиш орқали коррупцион даражани пасайтиришга кўмаклашади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бош­қармалари томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Коррупцияга қарши экспертизани ўтказишдан асосий мақсад биринчидан, коррупциоген ҳолатларни аниқлаш, иккинчидан, аниқланган коррупциоген ҳолатларни чеклаш ёки уларни бартараф қилишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Коррупцияга қарши экспертиза ўтказилганда лойиҳанинг ҳар бир моддаси қоидалари таҳлил қилинади.

Коррупцияга қарши экспертизанинг натижалари Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари ўтказган ҳуқуқий экс­пертиза якунлари асосида тайёрланадиган хулосаларида акс эттирилади.

Хулосада экспертиза натижасида аниқланган коррупциоген ҳолатлардан келиб чиқиши мумкин бўлган салбий ҳолатларни бартараф этиш учун қилиниши керак бўлган ишлар юзасидан таклифлар акс эттирилиши мумкин.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатда аниқланган ҳар бир коррупцион ҳолат акс этган норма коррупцио­ген норма ҳисобланади ва мазкур коррупциоген норма йўқ қилиниши ёки коррупцияга “ҳуқуқий” асосларни яратмаслик талаби билан қайта ишланиши лозим. Бу ҳолатда ҳар қандай коррупциоген ҳолатларнинг йўқ қилиниши назарда тутилиши керак.

Шуни айтиб ўтиш жоизки, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси бўйича тайёрланган хулоса тавсиявий хусусиятга эга бўлади. Шу муносабат билан коррупциоген ҳолатларнинг аниқланиши ва бартараф қилиниши масаласи лойиҳани ишлаб чиқувчилар томонидан тегишли норманинг тўғриланиши заруриятини инкор этиши мумкин.

Мазкур ҳолатда ишлаб чиқувчи мисол учун мавжуд одатга (пайдо бўлган амалиёт) ёки масаланинг ўзига хос қийинлигига асосланиб иш юритиши мумкин. Лекин бундай вазиятда коррупцион ҳолат билан яратилаётган маъмурий тўсиқни сақлашга интилиш ҳам яшириниши мумкин. Масалан, ушбу ҳол қуйидаги ҳолатларда яққол кўриниши мумкин:

фуқародан ёки ташкилотдан талаб қилинадиган ҳужжатларнинг рўйхати тугалланган бўлиши мумкин эмаслиги. Масалан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатда “ва бошқа ҳужжатлар” каби сўзларнинг қўлланилиши;

маълумотларни тўплаш ва туркумлаш учун масъул бўлган ташкилот томонидан ушбу маълумотнинг расмий интернет саҳифаларда қўйилиши мумкин эмаслиги (ёки фақатгина бир, икки кунгагина қўйилиши) ҳамда фақатгина махсус ваколатли ташкилотга “белгиланган ҳажм­да” берилиши мумкинлиги;

рухсат олиш учун мурожаат қилаётган фуқаро ёки ташкилотдан фақатгина мурожаат қилинаётган ташкилотдан, уларга тегишли ташкилотлардан, ўхшаш ташкилотлардан олиниши мумкин бўлган катта ҳажмли маълумот ва ҳужжатларни, улар кўчирмаларининг талаб қилиниши.

Хулоса қилиб шуни айтиш лозимки, ҳозирда Адлия вазирлигига юклатилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари тизимида коррупциянинг келиб чиқишига, бош­қа ҳуқуқбузарликлар содир этилишига шароит яратиб берадиган, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча маъмурий ва бошқа чекловларни жорий қиладиган қоида ва нормаларни, тадбиркорлик субъектларида асоссиз харажатларни вужудга келтирувчи қоидаларни аниқлаш юзасидан таҳлилий ишларни амалга ошириш функцияси тўлиқ таъминланмоқда.

Акбар МУСАЕВ, Адлия вазирлиги масъул ходими


Рўйҳатга қайтиш