ДУНЁДА энг қабиҳ иллатлардан бири тамагирликдир. Нафси ҳакалак отган бундай кимсалар инсонийлик қиёфасини батамом йўқотади. Уларга одамийлик, меҳр-оқибат, иззат-ҳурмат, яхшилик, саховат, хожатбарорлик фазилатлари ёт. Аксинча, бундай кимсалар ҳаттоки яқинларига бирор-бир яхшилик қилса, уларнинг ҳам қўлига қарайди. Энг ёмони тамагирлик дардига чалинганлар ҳар қандай йўл билан ёлғон ишлатиб, ваҳима қилиб, керак бўлса, қасам ичиб, ўз нафсини қондириш учун пасткашликдан ҳам тоймайди.
Лекин дунёда адолат ва ҳақиқат тарозиси бор. Бежиз халқимиз “Бировнинг ҳақи балонинг ўқи” иборасини қўлламайди. Инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишдек шарафли касбни эгаллаган вилоят ички ишлар бошқармасининг терговчиси лавозимида ишлаб, тамагирликни ўзига касб қилиб олган икки ходимнинг хурмача қилиқлари фош бўлди...
Қўшниси билан уришиб, қизиққонликда унга пичоқ урган Н.Нажмиддиновни озодликдан маҳрум қилиш чораси билан қўрқитиб, катта миқдорда пора олиб, бунга ҳам қаноат қилмай, айбланувчининг отаси номига олинган “Нексия”ни ҳам ўзлаштирган ҳуқуқшунос Фарруҳ Шукуров (исм-фамилияси ўзгартирилган) адолат пешволариданман, деб даъвогарлик қиларди.
Қонун ҳимоячиси лавозимида ишлаб келаётган Ф.Шукуровга вилоят ички ишлар бошқармаси ишонч билдириб, қўшни Пахтачи туман тергов бўлимига ёрдамга юборади. Буни қаранг-ки, ёрдамга келган Фарруҳ шу туман ички ишлар бўлимида терговчи бўлиб ишлайдиган Турсун Дадаев (исм-шарифи ўзгартирилган) билан келишиб, хизмат мансабидан фойдаланиб, гуруҳ бўлиб ўзганинг мулкини товламачилик йўли билан ўзлаштириш мақсадида Жиноят кодексининг 109-моддаси, 2-қисми билан айбдор, деб топилган Н.Нажмиддиновни Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси, 1-қисми билан айблаш орқали қўрқитиб, ундан катта миқдорда пул талаб қилади. Н.Нажмиддинов терговчиларнинг пўписасидан ва қамалиб кетишдан қўрқиб, уларнинг “даллол”и Н.Аҳмедов томонидан айтилган йигирма тўрт миллион сўм порани беради. Ф.Шукуров эса шу куни ёрдамга келган пахтачилик ҳамкасби Турсун Дадаевга олган 24 миллион сўмидан 5 миллионини ажратиб беради.
Бироқ нарпайлик терговчи бу пулга қаноатланмайди. Тўрга илинган “олтин балиқ”ни осонликча қўйиб юборишни истамай, айбдор Н.Нажмиддиновга можаро пайтида унинг ёнида ўртоқлари Н.Ишниёзов ва Ш.Шоназаровалар ҳам бўлганлиги, уларнинг устидан ҳам жиноий иш очиб, қаматиб юборишини, яна 13 миллион сўм эвазига эса ишни битириб беришини айтади. Боши берк кўчага кирган Н.Нажмиддинов ва унинг ўртоқлари яна пул йиғиштириб, “даллол” Н.Аҳмедовга терговчи айтган пулни беришади.
Бироқ тамагир терговчи бу билан ҳам қониқмайди. У Н.Нажмиддиновнинг отаси Н.Жумабоев номидаги “Нексия”ни ўзига сотишни талаб қилади. Ўша пайтда автомашинанинг нархи 30 миллиондан ортиқ бўлганлигини била туриб, терговчи ўз мансабини суиистеъмол қилиб, уни 27 миллион сўмга баҳолаб, автомашинани Ф.Шукуровнинг отаси номига олди-сотди қилиб, машина учун 100 АҚШ доллари беради. Бироқ тамагир терговчи кейинроқ бу пулни ҳам қайтиб олади. Савдолашган 27 миллион сўмни умуман бермай, — орамиз очиқ, — дейди. Қизиғи, терговчи уни катта пулга бошқа шахсга сотиб юборади. “Ўйин” шу билан якунланмади. Пахтачилик ички ишлар бўлими терговчиси Турсун Дадаев ҳам ҳамкасби Ф.Шукуровнинг “ови”дан хабардор бўлиб, у ҳам қуруқ қолмаслик учун айбланувчи Н.Нажмиддиновни ҳузурига чақириб, “Сизнинг жиноят ишингиз билан вилоят прокуратураси қизиқяпти, ҳолатни “тинчитиш” учун 10 миллион сўм талаб қилишяпти”, — дейди.
Тамагирларнинг таъналаридан тўйган айбланувчи Н.Нажмиддинов тегишли идораларга ушбу ҳолат юзасидан мурожаат қилади.
Тамагирлар ўз қилмишларига яраша жазо олди. Аслида қонуннинг талаби ҳам шундай.
Эркин ШАРИПОВ, Каттақўрғон шаҳар прокурори