АНДИЖОН ВИЛОЯТ адлия бошқармасида давлат рўйхатига олинган хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони 79 тани ташкил этади, шундан 73 таси фаолият кўрсатмоқда.
Мазкур қўшма корхоналар фаолияти доимий равишда адлия бошқармаси томонидан мониторинг қилиш йўли билан ўрганилиб, ҳар томонлама ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Хусусан, Андижон шаҳрида фаолият юритаётган “Уз-СэМюнг Ко” Ўзбекистон — Жанубий Корея қўшма корхонасида ўтказилган мониторинг натижасида қўшма корхона билан “Андижон иккиламчи қора металл” ШК ўртасида 2013 йил 16 январда иккиламчи қора металл парчалари ва темир-терсак чиқиндилари етказиб бериш бўйича шартнома расмийлаштирилган бўлса-да, шўъба корхона шартномада белгилганган мажбуриятни бажармаганлиги оқибатида 164 823 384 сўм қарздорлик юзага келганлиги аниқланди. Ушбу ҳолат бўйича бошқарма томонидан қўшма корхона манфаатини кўзлаб қарз ҳамда пеня ундириб беришни сўраб вилоят хўжалик судига киритилган даъво ариза қаноатлантирилди.
Хорижий инвестиция иштирокидаги қўшма корхоналарнинг мурожаатлари жойлардаги назорат қилувчи, маҳаллий давлат ҳокимияти ва хизмат кўрсатувчи идоралар томонидан ўз вақтида кўриб чиқилиши бошқарма иш режаси асосида ўрганиб борилмоқда. Ўтказилган текширишларда қўшма корхоналарнинг мурожаатлари айрим хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилмаётганлиги аниқланди.
Жумладан, “Водийгазтаъминот” унитар корхонаси Жалақудуқ тумани филиалида “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун ижроси ўрганилганида тумандаги “SPZ-BEARINGS” Ўзбекистон — Россия қўшма корхонаси бош директорининг 2013 йил 25 сентябрдаги мавжуд газ таъминотини яхшилаш учун техник маълумот беришни сўраб қилган мурожаати ижро учун филиал ходими О.Насириддиновга чиқарилганлиги, лекин ижрочи томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сонли Қарори билан тасдиқланган Низом талаблари бузилган ҳолда 3 кунлик муддат кечиктирилиб, 2013 йил 29 сентябрда техник маълумот берилганлиги маълум бўлди.
Ушбу аниқланган қонунбузилиш ҳолати бўйича бошқарма томонидан ижрочига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 43-моддасига асосан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, жиноят ишлари бўйича Жалақудуқ тумани судига юборилди ва суд қарорига асосан О.Насириддиновга нисбатан 96 105 сўм жарима жазоси қўлланилди.
Шунингдек, адлия бошқармаси томонидан қўшма корхоналарда юритилаётган текширишларни рўйхатга олиш китоби доимий мониторинг қилиб борилмоқда.
Жумладан, “Fikentex Andijon” Малайзия шўъба хорижий корхонаси томонидан юритилган текширишларни рўйхатга олиш китоби мониторинг қилинганида Андижон шаҳар Бандликка кўмаклашувчи марказ ҳамда Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш бошқармаси томонидан “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Қонун талабларига зид равишда ноқонуний текшириш ўтказилганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат бўйича Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси ҳамда Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш бошқармасига 2014 йил 21 январда тақдимнома киритилди.
Қўлланилган таъсир чоралар натижасида бошқарма ходимларига интизомий жазо чораси қўлланилди, шунингдек, улар томонидан ноқонуний қўлланилган маъмурий жарима суммаси корхонага қайтарилди.
Фарҳод АШМАТОВ, Андижон вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи