Сохта прокурор “ҳамкасб”лари томонидан қўлга олинди

МАРҒИЛОН ШАҲРИДА яшовчи Малика Турсунова (исм-шарифлари ўзгартирилган) 2013 йилнинг июнь ойида Фарғона шаҳридаги тиббиёт муассасаларининг бирига даволаниш учун ётди. Бу ерда у аввалроқ келиб даволанаётган Гавҳар Маллаева билан танишди. Вақт ўтиши билан икки аёл бирга овқатланадиган, муолажаларни бирга оладиган ва узоқ суҳбатлашиб ўтирадиган бўлишди. Ҳар гал Г.Маллаева катта идораларда танишлари кўплигини, шунинг учун анча-мунча жойга қўли етишини мақтаниб гапирарди.

Суҳбатларнинг бирида Малика опа турмуш ўртоғи Нўъмонжон аканинг ҳаж сафарига боришни режалаштираётганини, аммо бу ниятига етиш осон бўлмаётганини гапириб қолди. Бу эса фирибдан тап тортмайдиган Гавҳарга жуда қўл келди.

— Вилоят прокурори Комил Саи­дович Бердиев менинг танишим бўлади. Хўжайинингизга ёрдам бериши мумкин. Фақат “хизмати”дан қочмасалар бўлди, — деди у гапига баландпарвоз тус бериб.

— Жуда яхши бўларди. Қанақа хизмат ва харажат бўлса, айтаверасиз, — дея Гавҳарнинг сўзига лаққа ишонди М.Турсунова.

— Шифохонадан чиққанимиздан кейин сизларни у киши билан таништириб қўяман, — деди Г.Маллаева К.Бердиевга қўнғироқ қилиб, режасини пишитиб олгач.

Ўша куни содда аёл уйига қўнғироқ қилиб, турмуш ўртоғидан суюнчи олди.

Буни қарангки, учрашувга қадар ҳаж сафарини ихтиёр қилган яна бир фуқаро Маҳмуджон Раҳмонов ҳам сафга қўшилди. Лекин келишилган куни белгиланган жойга Гав­ҳарнинг ўзи келди.

— Прокурорнинг меҳмонлари бор экан. Шунинг учун мени юборди. 500 доллардан берсангиз, ҳаммаси ҳал бўлар экан, — яна ёлғонни кўпиртирди у.

Шундан сўнг М.Раҳмоновнинг куёви Ботиржон Аюбов ва Нўъмонжон ака 1000 АҚШ долларини унинг қўлига тутқазишди. Бироқ ҳаж мавсуми яқинлашса ҳамки, уларнинг номи бўлажак ҳожилар рўйхатига киритилмади. Чунки Гавҳар билан Комилжон пулларни тақсимлаб, аллақачон шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборишганди.

— Ҳажга борувчилар рўйхати анча илгари тасдиқланиб бўлган экан. Кеч ҳаракат қилибсизлар, — деб баҳона тўқиди Г.Маллаева. — Энди Комил Саидович сизларни ҳеч бўлмаганда умра сафарига юборишини айтди.

Н.Турсунов ва М.Раҳмоновлар яна унга ишонишди. Устаси фаранг Гавҳар эса шубҳа уйғотмаслик учун уларни К.Бердиев билан юзлаштирди.

— Пойтахтдаги тегишли идораларда оғайниларим бор. Пулларингизни ўшаларга берганман. Албатта, 2014 йил бошидаги умра сафарига сизларни юбораман. Аммо яна бироз харажат талаб қилади, — деди “вилоят прокурори” ўзини жиддий тутиб. Сўнг аввал 400 АҚШ доллари, иш битгач, яна 600 АҚШ доллари беришларини айтди.

Лекин бу гал Маҳмуджон аканинг куёви Ботиржон алданганларини сезиб қолди. Шу боис қайнотаси ва Нўъмонжон ака билан бирга К.Бердиевга нисбатан қонуний чора кўришларини сўраб, Фарғона вилояти прокуратурасига мурожаат қилишди. Натижада мазкур ариза юзасидан махсус тадбир ўтказилди. Шундай қилиб сохта прокурор Б.Аюбовдан 400 АҚШ долларини олган вақтда “ҳамкасб”лари томонидан қўлга олинди.

Комил Бердиев тергов ва суриштирув жараёнида ҳам, суд мажлисида ҳам пулларни қарзга олганини билдириб, айбига қисман иқрор бўлди. Бироқ жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳамда йиғилган бошқа далиллар унинг айбини тўлиқ исботлади. Жиноят ишининг Г.Маллаевага оид қисми амнистия актига мувофиқ ҳаракатдан тугатилди. Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар суди К.Бердиевнинг қилмиши юзасидан ўз ҳукмини ўқиди.

Агар жиноят иши материалларига эътибор берилса, К.Бердиевнинг муқаддам уч маротаба жиноят содир этгани, шундан иккитаси фирибгарлик жинояти эканлигини кўриш мумкин. Ҳар иккаласида ҳам амнистия акти қўлланилиб, унга имконият берилган. Аммо Комилжон бундан ўзига тегишли хулоса чиқариб олиш ва қонуний фаолият ёки бирор-бир касб-кор билан шуғулланиш ўрнига яна аввалги “ҳунари”ни давом эттирган.

Яна бир гап. Манбалардан бизга маълумки, муқаддас динимизнинг барча арконлари ҳалолу пок­лик билан адо этилиши шарт. Лекин Н.Турсунов ва М.Раҳмоновлар муборак ҳаж зиёратига пора бериш эвазига эришмоқчи бўлишди. Бу эса икки фирибгарга қўл келди холос. Энди ҳақли савол туғилади: мабодо, ҳажга борганларида ҳам бундай ғайриқонуний йўл орқали амалга оширилган зиёрат қабул бўлармиди?

Турғунбой БУВАЕВ, жиноят ишлари буйича Марғилон шаҳар суди раиси


Рўйҳатга қайтиш