МАЪЛУМКИ, адлия органларининг асосий вазифаларидан бири жамиятда қонунийликни мустаҳкамлаш, адолат мезонларига риоя этилишига эришиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборат. Андижон вилоят адлия бошқармаси томонидан ҳам мазкур йўналишда муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари бузилганлиги тўғрисидаги мурожаатлар холисона ва ҳар томонлама кўриб чиқилиши учун бошқармага жами 76 та мурожаат келиб тушди. Ўрганиш натижасига кўра, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 3 та тақдимнома, прокуратура идораларига мансабдор шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш бўйича 7 та таклиф, судларга 2 та 136.202.271 сўмлик даъво аризаси киритилди.
Хусусан, фуқаро Д.Жабборовага 480.525 сўм нафақа пули ундирилиб, 3 нафар мансабдор шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилганлиги мазкур таъсир чоралари натижасидир.
Шунингдек, бошқарманинг “Ишонч телефони”га келган мурожаатлар ҳам ижобий ҳал этилмоқда. Масалан, 1-чорак давомида келиб тушган 4 та мурожаатдан 3 таси тўлиқ қаноатлантирилди.
Баъзан ҳаётда амал курсиси инсонларни бутунлай ўзгача қиёфага солиб қўяди. Аммо ҳар бир ташланган қадамнинг жавоби бор, деганларидек мазкур йўналишда ҳам бошқарма томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, ўрганишлар давомида мансабдор шахслар томонидан қонунбузилишига йўл қўйилганлиги ҳолатлари аниқланиб, ушбу шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан суд ва бошқа ваколатли идораларга жами 19 та, прокуратура органларига мансабдор шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан 7 та, маъмурий жазо қўллаш тўғрисида қарорни бекор қилиш бўйича протест билдириш юзасидан 1 та таклиф киритилди. Натижада 9 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди, 3 нафарига нисбатан жиноий иш қўзғатилди.
Бундан ташқари, бошқарма томонидан жорий йил май ойида Марҳамат тумани ҳокимлигида “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун ижроси ўрганилганда бир қанча камчиликлар аниқланди. Хусусан, туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси томонидан мазкур Қонуннинг 21-моддаси қўпол равишда бузилиб, туманда яшовчи Ж.Қурбонованинг аризасига ўрганиш кунига қадар ёзма жавоб берилмаганлиги аёнлашди.
Шунингдек, туман архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи, туман бош архитектори томонидан О.Сайдаҳмедов ва А.Содиқовларнинг мурожаатларини ўрганишда ҳам юқоридаги каби ҳолат аниқланди. Айбдорларга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида баённомалар тузилиб, жиноят ишлари бўйича Марҳамат тумани судига кўриб чиқиш учун юборилди. Суд томонидан мансабдор шахслар МЖтКнинг 43-моддаси билан айбли, деб топилиб, уларнинг ҳар бирига энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида, яъни 96.105 сўмдан жарима жазоси тайинланди.
Фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш борасида судларга жами 192 та — 377.249.837 сўмлик даъво аризаси киритилди. Уларнинг 192 таси қаноатлантирилиб, суд қарорига асосан 258.164.066 сўмлик иш ҳақларини ундириш ва бошқа масалалар бўйича суд қарорлари қабул қилинди.
Маълумки, одам савдоси глобал тус олиб бораётган хавфли жиноятлардан бири. Мазкур жиноятнинг аянчли оқибатларини аҳолига тушунтириш, унинг олдини олиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш борасида ҳам бошқарма ижобий ишларга қўл урган. Вилоят адлия бошқармаси ҳамда унинг қуйи тизимидаги давлат нотариал идоралари ва ФҲДЁ бўлимлари ходимлари томонидан жорий йилнинг 1-ярмида 161 маротаба ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.
Нодир ТЎРАХОНОВ, Андижон вилоят адлия бошқармаси масъул ходими