СОЛИҚҚА оид ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги фактининг мавжуд эмаслиги суд томонидан солиқ хизмати органининг қарорини ҳақиқий эмас, деб топишга асос бўлади.
Низонинг моҲияти
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бўлими ходимлари (бундан буён матнда — Текширувчилар) томонидан хусусий корхонага тегишли бўлган савдо шохобчасида қисқа муддатли текшириш ўтказилган. Текшириш натижасига кўра, 70000 сўмлик харид учун назорат-касса машинасидан чек берилмаганлиги ҳамда дўкон жавонидаги 1 091 500 сўм нақд пул маблағи ўз вақтида банк муассасасига топширилмаганлиги аниқланган.
Солиқ текшируви материаллари туман давлат солиқ инспекцияси (бундан буён — матнда ДСИ) томонидан кўриб чиқилиб, хусусий корхонага нисбатан Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан 1 091 500 сўм, 119-моддасига асосан энг кам иш ҳақининг ўттиз баравари миқдорида жарима солиш ҳақида қарор қабул қилинган. Хусусий корхона Cолиқ кодексининг 119-моддасига асосан қўлланилган жаримани ихтиёрий равишда тўлаган, 114-моддасига асосан қўлланилган жарима суммасини эса тўлашдан бош тортган. ДСИ хусусий корхона ҳисоб рақамига инкассо топшириқномаларини қўйиб, тўланмаган жарима суммасини ундириб олган.
Адлия бошқармаси хусусий корхона манфаатида судга мурожаат қилиб, жавобгар — ДСИ қарорининг хусусий корхонага нисбатан Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан 1 091 500 сўм жарима солиш қисмини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳамда 1 091 500 сўм пул маблағини қайтаришни сўраган.
Аризачи — Адлия бошқармасининг важлари
Хусусий корхонада ўтказилган текшириш давомида дўкон ичидаги жавонда 1 091 500 сўм нақд пул мавжудлиги аниқланган бўлса-да, ушбу маблағ товарларни сотишдан тушганлиги Текширувчилар томонидан исботлаб берилмаган ҳамда мазкур ҳолатни Солиқ кодексининг 114-моддаси билан квалификация қилишда ДСИ томонидан хатоликка йўл қўйилган. Бундан ташқари, қайд этилган моддага асосан қўлланилган жарима суммаси ДСИ томонидан ноқонуний равишда ундириб олинган. Чунки Президентимизнинг 2005 йил 14 июндаги “Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 1-бандига кўра, 2005 йилнинг 1 июлидан бошлаб тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини фақат суд орқали қўллаш тартиби жорий этилган. Шу сабабли ДСИ қарори ноқонуний ҳисобланади ва у ҳақиқий эмас, деб топилиб, ундирилган 1 091 500 сўм пул маблағи қайтарилиши лозим.
Хусусий корхонанинг важлари
Хусусий корхонамизга тегишли савдо шохобчасида қисқа муддатли текшириш ўтказилган. Текширишда дўкон ичидаги жавонда 1 091 500 сўм нақд пул мавжудлиги аниқланган. Текширувчилар ушбу маблағ товарларни сотишдан тушган, деб ҳисоблаб, текшириш далолатномасида буни тушумни яшириш, деб кўрсатди. Ваҳоланки, бу маблағ сотувчининг ойлик маоши бўлган, бу текшириш ўтказилишидан олдин имзоланган тўлов қайдномаси билан исботланади. Шу сабабли ДСИ қарори қисман ҳақиқий эмас, деб топилиб, ундирилган 1 091 500 сўм пул маблағи қайтарилиши лозим.
Жавобгарнинг важлари
Текширувчилар томонидан хусусий корхонага тегишли савдо шохобчасида қисқа муддатли текшириш ўтказилган ҳамда натижалари юзасидан расмийлаштирилган далолатнома асосида ДСИ бошлиғи томонидан қарор қабул қилиниб, хусусий корхонага нисбатан жарима солинган. Хусусий корхона жарима суммасининг бир қисмини ихтиёрий равишда тўлаб берган, қолган қисмини эса тўлашдан бош тортган. Адлия вазирлигида 2002 йил 15 апрелда 1122-сон билан рўйхатга олинган “Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги Низом”нинг 41-бандида давлат солиқ хизмати органлари давлат бюджетига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш пайтида инкассо топшириқномаларини қўйишлари лозимлиги кўрсатилган. Мазкур норма асосида хусусий корхонанинг ҳисоб рақамига инкассо топшириқномалари қўйилиб, пул маблағлари кўчирилган. Шу сабабли даъво талабларини қаноатлантиришни рад этиш лозим.
Суднинг Ҳал Қилув Қарори
Адлия бошқармасининг талаблари қаноатлантирилсин.
ДСИ қарорининг хусусий корхонага нисбатан Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан 1 091 500 сўм жарима солиш тўғрисидаги қисми ҳақиқий эмас, деб топилсин. 1 091 500 сўм пул маблағи туман ДСИнинг бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари ҳисобидан хусусий корхона фойдасига ундирилсин.
ШарҲ
Хўжалик процессуал кодексининг 24-моддаси, биринчи қисми, 9-бандида хўжалик суди давлат органлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжатларини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги низоларни, 13-бандида эса назорат қилувчи органлар томонидан қонун ҳужжатларининг талабларини бузган ҳолда сўзсиз (акцептсиз) тартибда ҳисобдан чиқарилган пул маблағларини бюджетдан қайтариш тўғрисидаги низоларни ҳал этиши кўрсатилган.
Демак, ДСИнинг қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳамда асоссиз ундирилган пул маблағларини қайтариш ҳақидаги низолар хўжалик судлари томонидан ҳал этилади.
Солиқ кодексининг 31-моддаси, биринчи қисмининг олтинчи хатбошисига кўра, солиқ тўловчилар солиқлар, бошқа мажбурий тўловлар, пеня ва жарималарнинг ортиқча тўланган ёки ундирилган суммаларини ҳисобга олиш ёки қайтариб олиш; ўн иккинчи хатбошисига кўра эса, давлат солиқ хизмати органларининг ва бошқа ваколатли органларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
Мазкур Кодекснинг 122-моддасида ҳар бир солиқ тўловчи давлат солиқ хизмати органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят бериш учун давлат солиқ хизматининг юқори турувчи органига (юқори турувчи мансабдор шахсига) ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги кўрсатилган.
Шу билан бирга Олий хўжалик суди Пленумининг 2010 йил 18 июндаги “Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси умумий қисмини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарорининг 9-бандида Солиқ кодексининг 56 — 58-моддаларида белгиланган қоидаларга мувофиқ ортиқча тўланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича низо бўлмаганда ушбу суммаларни қайтариш ёки келгуси тўловлар ҳисобига ўтказиш ваколатли орган томонидан мустақил амалга оширилиши, агар ваколатли орган ва солиқ тўловчи ўртасида ушбу масала юзасидан низо келиб чиқса, солиқ тўловчи ортиқча тўланган ёки ундирилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни келгуси тўловлар ҳисобига ўтказиш ёхуд ундиришни сўраб, хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиши мумкинлиги ҳақида тушунтириш берилган.
Хусусий корхона ДСИга талабнома билан мурожаат қилиб, 1 091 500 сўм пул маблағини қайтаришни сўраган. Бироқ ДСИ томонидан хусусий корхонанинг талабномасига жавоб берилмаган. Шу сабабли адлия бошқармаси хусусий корхона манфаатида судга мурожаат қилиб, ДСИ қарорининг хусусий корхонага нисбатан Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан 1 091 500 сўм жарима қўллаш қисмини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳамда ундирилган 1 091 500 сўм пул маблағини хусусий корхонага қайтаришни сўраган.
Солиқ текшируви материаллари, шу жумладан, солиқ текшируви натижалари бўйича расмийлаштирилган далолатнома давлат солиқ хизмати органининг раҳбари ёки раҳбар ўринбосари томонидан кўриб чиқилади. Солиқ кодекси 102-моддасининг иккинчи қисмида солиқ текшируви материаллари кўриб чиқилаётганда... солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги аломатлари мавжудлиги, қўлланилаётган молиявий санкцияларнинг миқдори ва хусусияти, ...шунингдек, солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш учун аҳамиятга молик бошқа ҳолатлар аниқланиши лозимлиги кўрсатилган.
Хусусий корхонада ўтказилган текшириш давомида дўкон ичидаги жавонда 1 091 500 сўм нақд пул мавжудлиги аниқланиб, текширувчилар ушбу маблағни товарларни сотишдан тушган, деб баҳолаган. Шу сабабли текшириш далолатномасида ушбу ҳолат тушумни яшириш, деб кўрсатилган. Ваҳоланки, аризачи томонидан судга далил сифатида тақдим этилган, текшириш ўтказилишидан олдин имзоланган тўлов қайдномасига кўра, бу маблағлар сотувчининг ойлик маоши бўлган. ДСИнинг раҳбари эса солиқ текшируви материалларини кўриб чиқаётганда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги аломатлари мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини аниқламаган, яъни 1 091 500 сўм нақд пул товарларни сотишдан тушган тушум эканлиги қайси ҳужжатлар билан тасдиқланганлигини текширмаган ва қарорда асослаб бермаган.
Ваҳоланки, Солиқ кодексининг 103-моддаси, иккинчи қисмининг 2-бандида давлат солиқ хизмати органининг солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича қарорида ўтказилган текширувда аниқланган, солиқ тўловчи томонидан солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги ҳолатлари, мазкур ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар ва бошқа маълумотлар кўрсатилиши лозимлиги белгиланган.
Мазкур модда учинчи қисмининг қоидаларига мувофиқ давлат солиқ хизмати органининг солиқ тўловчини солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун жавобгарликка тортишни назарда тутувчи қарори Солиқ кодексининг “Солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик”, деб номланган IV бўлими нормаларига риоя этилган ҳолда қабул қилиниши лозим.
Солиқ кодексининг 114-моддасида кирим қилинмаган товарларни сақлаганлик ёхуд товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумни яширганлик (камайтириб кўрсатганлик) учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, унинг учинчи қисмига кўра, ушбу моддани қўллаш мақсадлари учун товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумни яшириш (камайтириб кўрсатиш) деб: товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилинганлиги ҳоллари ҳужжат билан тасдиқланганда товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушум суммасининг ҳисобга олиш регистрларида акс эттирилмаганлиги; товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилинганлигидан далолат берувчи ҳужжатларнинг алмаштирилганлиги, сохталаштирилганлиги ёки йўқ қилинганлиги; ҳисобда реализация қилинмаган, деб кўрсатилган товарларнинг омборда ёки реализация қилиш жойида мавжуд эмаслиги эътироф этилади.
Текширувчилар жавондаги нақд пул сотувчининг ойлик маоши эканлигига эътибор қаратмасдан, мазкур ҳолатни Солиқ кодексининг 114-моддаси билан квалификация қилиб, хатоликка йўл қўйган.
Солиқ кодексининг 109-моддаси, биринчи қисмига кўра, шахс солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун қуйидаги ҳолатлардан лоақал биттаси: 1) солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги фактининг йўқлиги; 2) солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этилишида шахснинг айби йўқлиги мавжуд бўлган тақдирда жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
Ушбу Кодекс 104-моддасининг еттинчи қисмига мувофиқ давлат солиқ хизмати органлари мансабдор шахсларининг ушбу боб қоидаларига риоя этмаганлиги давлат солиқ хизмати органининг қарори давлат солиқ хизматининг юқори турувчи органи томонидан бекор қилиниши ёки мазкур қарорнинг суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилиши учун асос бўлиши мумкин. Шу сабабли ДСИ қарорининг хусусий корхонага нисбатан Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан 1 091 500 сўм жарима солиш қисми ҳақиқий эмас, деб топилган.
Солиқ кодексининг 112-моддаси, иккинчи қисмига кўра, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга — солиқ тўловчиларга молиявий санкциялар суд тартибида қўлланилади, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш муддати ўтказиб юборилганлиги учун пеня ҳисоблаш, шунингдек, солиқ тўловчи содир этилган ҳуқуқбузарликдаги айбини тан олган ва жаримани ихтиёрий равишда тўлаган ҳоллар бундан мустасно. Ушбу Кодекс нормасининг мазмунидан солиқ хизмати органи инкассо топшириқномаси асосида фақатгина ҳисобланган пеня ва қўшимча ҳисобланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни сўзсиз тартибда қарздор — юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг ҳисоб рақамидан кўчириб олишга ҳақлилиги келиб чиқади.
Жарима солиш тўғрисидаги қарор хусусий корхона томонидан ихтиёрий равишда ижро этилмаганидан кейин ДСИ солиқ тўловчига нисбатан жарима қўллаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши лозим бўлган. Бироқ ДСИ мансабдор шахслари қонун ҳужжатларига хилоф равишда хусусий корхонанинг ҳисоб-рақамига инкассо топшириқномасини қўйиш йўли билан сўзсиз тартибда хусусий корхонанинг мулки бўлган 1 091 500 сўм пул маблағларини кўчириб олганлар.
Бундан ташқари, хусусий корхонага нисбатан 1 091 500 сўм миқдордаги жарима юқорида қайд этилганларга асосан ноқонуний ҳисобланган.
Солиқ кодексининг 31-моддаси, биринчи қисмининг ўн учинчи хатбошисига кўра, солиқ тўловчилар давлат солиқ хизмати органларининг ва бошқа ваколатли органларнинг қонунга хилоф қарорлари ёки улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланишини белгиланган тартибда талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Зарар, деганда ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар), шунингдек, бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда) тушунилади.
Мазкур ҳолатда ДСИнинг мансабдор шахслари томонидан хусусий корхонанинг 1 091 500 сўм маблағи ҳисоб рақамидан сўзсиз тартибда кўчирилиб, корхонага шу миқдорда зарар етказилган.
Президентимизнинг “Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 3-бандига мувофиқ давлат органларининг ноқонуний қарорлари ёки шу органлар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида тадбиркорлик субъектига етказилган зарарнинг ўрни суд қарори асосида тўла ҳажмда бевосита ана шу давлат органлари томонидан, биринчи навбатда, уларнинг бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари ҳисобига қопланиши лозим. Бу ҳақда Олий хўжалик суди Пленумининг 2010 йил 18 июндаги “Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси умумий қисмини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарорининг 11-бандида ҳам тушунтириш берилган.
Шу сабабли биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан асоссиз ундирилган пул маблағи ДСИнинг бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари ҳисобидан хусусий корхона фойдасига ундирилган.
Тамагирлик
БОҒОТЛИК Дўстмурод Маткаримов (исм-шарифи ўзгартирилган) гарчи, олий маълумотли шифокор малакасини эгаллаган, оқу қорани таниган бўлса-да, кишини саодатга элтувчи тўғри йўл қолиб, эгрисини танлади. Дўстмурод Боғот туманидаги қишлоқларнинг бирида жойлашган қишлоқ врачлик пунктида оз муддат ишлади. Мутасаддилар олий таълим муассасасини тамомлаб келган ёш шифокорни мазкур вазифага тайинлаётиб, унинг навқирон авлод вакилларига хос ҳалол ва жўшқин меҳнатига умид боғлашган, қишлоқ соғломлаштириш маскани ишини янада жонлантириш, аҳолига тиббий хизмат даражасини юқори поғонага кўтариш, давлатимизнинг бу борадаги катта дастурларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича фаол саъй-ҳаракатларини кутишганди.
Таассуф. Ёш мутахассис замона зайлини англамади. Фаолиятининг илк палласиданоқ шахсий манфаат йўлида қинғир йўлга кирди.
2013 йилнинг март ойида “қаҳрамонимиз“ раҳбарлик қилаётган муассасада иккита иш ўрни очилди. Бу ўринларга чекланган иш куни тартибида меҳнат қилаётган бир неча ҳамшира қиз даъвогарлик қилди.
Зулхумор Бобожонова 0,25 штат бирлиги бўйича ҳамшира бўлиб ишлайди. Ишини яна 0,25 штат бирлигига кўпайтириш унинг орзуси. Мудир эса баҳона излади. Иш ҳажмини кўпайтиришни сўраб, бошқалар ҳам мурожаат қилаётгани, қоидага кўра, бундай имтиёз биринчи галда кўп йил меҳнат қилиб келаётганларга берилишини писанда қилди.
Синчков ҳамшира бошлиқ дилидаги муждани илғамай қолмади. 150 АҚШ доллари миқдоридаги пулни шу куниёқ “ёшулли”га “тортиқ” этди. Айнан шундай “тақдир тақозоси” 0,25 штат бирлигида ишлаётган Адолат Дурдиевани ҳам “синовдан ўтказди”. Бошлиқнинг ўпқон отган чўнтаги яна 150 долларга бойиди.
Шифохона раҳбарини арафада йўқлаган лаборант С.Сотиболдиева эса Дўстмуроддан бирмунча салмоқлироқ хизмат вазифасини сўради: ишини тўла штатга ўтказишни илтимос қилди. Раҳбар бу гал талабни риёкорона тарзда рад этди. Аммо бироздан кейин гапнинг дангалига кўчиб, иш 200 доллар эвазига битиши мумкинлигини писанда қилди. Лаборант қиз бундай миқдордаги пулни топа олмаслиги, оилавий шароити қўшимча харажатга имкон бермаслигини ётиғи билан тушунтирса-да, наф бўлмади. У бошлиқнинг хонасини ноумид ҳолда тарк этди. Лекин имконсиз ишнинг ўзи йўқ. Қишлоқ врачлик пункти раҳбарини эртасигаёқ унинг отаси Азимбой Сотиболдиев йўқлади. У Дўстмуродга қўнғироқ қилиб, керакли миқдорда пул тўплаганини айтди. Сотиболдиев ўзаро келишувга биноан пулни Дўстмуродга топшириш учун туман марказий шифохонасига етиб келди. Порани “эгаси”га топшириш жараёни кутилганидек силлиққина ўтгач эса “қаҳрамон”имиз рад этиб бўлмас далиллар асосида тумшуғидан илинди ва содир этган қора қилмиши тафсилоти юзага қалқиб чиқди.
...Ўшанда пора сабаб тумшуғидан илинган тамагир мудир ҳибсда узоқ ўтирмади. Гаров эвазига озодликка чиқди.
Озодлик тотли ва қимматли неъмат. Бироқ афсус, Маткаримов кўплар кутгани ва ўйлаганидек, қилмишларини ҳалоллик ва покликка йўғрилган ибратли саъй-ҳаракатлар эвазига ювиш йўлини ихтиёр этмади. Аксинча, мансаб вазифасини хас-пўшлаш, фактларни сохталаштириш каби пасткашликка боши билан шўнғиди.
Озодликка чиққани ҳамоно С.Сотиболдиеванинг масаласини узил-кесил ҳал этди. Ўзини ҳамшира қизнинг отасидан гўёки пора олмаган ҳисоблаб, уни ваъда қилинган қўшимча ишдан мосуво қилди. Аммо, гарчи, аризалари мавжуд бўлмаса-да, анча аввалги сана билан ҳамшира Э.Ёқубова, К.Қурбонова, С.Самандароваларнинг хизмат вазифаси ҳажмини 0,25 штат бирлигига кўпайтирди. Шу аснода қинғирликнинг бири бошқасига уланди.
Маълумки, истиқлолимизнинг илк онлариданоқ бағрикенглик, кечиримлилик барқарор илдиз отиб бораётгани тобора чуқурлашаётгани Д.Маткаримов устидан ўтказилган суд жараёнида яна бир бор намоён бўлди. Суд айбланувчининг ёшлигини, тегишли ташкилотлар томонидан берилган ижобий тавсифномаларни ҳисобга олиб, қилмишига яраша муқаррар ва адолатли жазога маҳкум этди.
Абдулла СОБИРОВ, “Инсон ва қонун” мухбири