Коррупцияга қарши кураш Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган маъмурий-ҳуқуқий ислоҳотларнинг муҳим аҳамиятга эга йўналишларидан бири ҳисобланади.
Бу иллатга қарши курашни жаҳон талаблари асосида шакллантириш мақсадида 2008 йил 7 июлда мамлакатимиз БМТнинг "Коррупцияга қарши" конвенциясини ратификация қилди ва шу йили "Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг "Коррупцияга қарши" конвенциясига Ўзбекистон Республикаси қўшилиши тўғрисида"ги Қонун қабул қилинди. Ушбу конвенция талаблари коррупцияга оид миллий қонунчиликни яна бир бор таҳлил этиш, зарурий ҳуқуқий меъёрларни қабул қилиш ва шу орқали коррупцияга қарши кураш самарадорлигини оширишни назарда тутади.
Шунингдек, ушбу қонунга кўра Ўзбекистон Республикасининг Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Адлия вазирлиги коррупциянинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишда бошқа Иштирокчи-давлатларга ёрдам кўрсатиши мумкин бўлган органлар сифатида белгиланди.
Коррупцияга қарши кураш сиёсати давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида коррупцияни озиқлантирадиган сабаб ва шароитларни бартараф этишга қаратилган ҳар томонлама ва изчил чора-тадбирларни қамраб олади. Коррупция, агар унга қарши доимий кураш олиб борилмаса, кўпайиш, кенгайишга мойил бўлган феномендир.
Ҳозирги кунда адлия органлари томонидан бошқа орган ва ташкилотлар билан ҳамкорликда коррупцияга қарши курашиш мвқсадида турли тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.
А.Бойбеков, Жиззах вилоят адлия бошқармаси бўлими бошлиғи