Янгиликлар
Ишончли ҳимояга ёрдам
Мамлакатимизда юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаат қилиши уларнинг қонуний ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишнинг муҳим омилларидан биридир. Бу борада ҳуқуқий база самарали такомиллашиб бормоқда. Энг муҳими, Конституциямизда белгилаб берилган нормалар асосида мамлакатимизда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ҳамда қадр-қиммати олий қадрият даражасига кўтарилган.
Адлия вазирлиги томонидан Тошкент шаҳар адлия бошқармасида давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари иштирокида ташкил этилган анжуман, 2014 йил 3 декабрда қабул қилинган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун-моҳиятига бағишланди.
Тадбирда мазкур Қонун лойиҳаси муҳокамаси юзасидан мамлакатимизда уч йўналишда иш олиб борилгани, хорижий тажриба атрофлича ўрганилганлиги, шунингдек кенг жамоатчиликдан олинган таклифлар асосида оммавий ахборот воситалари орқали қонун лойиҳасини тарғиб қилишга бағишланган чиқишлар қилинганлиги қайд этилди.
Юридик шахсларнинг давлат органлари ва муассасаларига мурожаатлари соҳасидаги муносабатлари илгари қонун йўли билан тартибга солинмаган эди. Энди бу қонун билан мустаҳкамланди.
Сўзга чиққанлар қайд этишганидек, қонунда юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ ижтимоий муносабатлар ҳуқуқий тартибга солинди. Ушбу соҳадаги қонунбузилиши учун жавобгарлик белгиланиб, давлат органларига, мансабдор шахсларга мурожаат қилиш тартиби аниқлаштирилди.
Қонунда мурожаатларнинг шакллари, турлари, уларга қўйиладиган талаблар аниқ белгиланди. Жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш, мурожаат этиш ҳуқуқларининг кафолатлари мустаҳкамланди. Мурожаатларни бериш ва уларни кўриб чиқиш тартиби, муддатлари, мурожаатларни кўрмай қолдириш асослари, мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда давлат органларининг мажбуриятлари, моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш, мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликка оид қоидалар ҳам ўз ифодасини топди.
Шунингдек, қонунда замон талабларидан келиб чиқиб, электрон шаклда мурожаат қилиш ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Эндиликда жисмоний ва юридик шахслар белгиланган тартибда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда тегишли идора ёки мансабдор шахсларга мурожаат қилиши мумкин.
Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш жадвалида қабул вақти ва жойи кўрсатилиши ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тўғрисидаги ахборот мавжуд бўлиши шарт. Бундай жадвал маъмурий бинонинг ҳамма кўриши мумкин бўлган жойларига жойлаштирилади. Қабул қилиш тартиби давлат органларининг расмий веб-сайтларида ҳам эълон қилинади.
Агар ахборот давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган бўлмаса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари ўзларидан сўралаётган ахборотни ўн кун ичида тақдим этиши шарт.
Тадбирда қайд этилганидек, ҳар бир мурожаатни қонун талаблари асосида кўриб чиқиш, уларга белгиланган тартибда асосли жавоб бериш юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.