Янгиликлар
ОАВ вакиллари билан учрашув
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтида Адлия вазирлиги Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Адвокатлар палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси, марказий ва маҳаллий ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад, қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш, жамиятда ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, аҳолига қонунларнинг мазмун-моҳиятини халқчил тарзда етказиш ва бу билан фуқароларимизнинг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва жорий йилги режаларни таништиришдан иборат бўлди.
Анжуманда Ўзбекистон қисқа давр – йигирма уч йил мобайнида сиёсий соҳада, давлат ва жамият қурилиши, иқтисодиёт ва маънавият, ижтимоий ҳаёт, суд-ҳуқуқ тизими каби кўплаб йўналишларда эришилган ривожланиш ва юксалиш натижалари, мустақилликнинг кенг имкониятлар манбаи эканлиги, мустақиллик йилларида эришилган энг катта бойлигимиз – халқимизнинг тинч ва осуда ҳаёти, жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатлар миллий ва умумбашарий қадриятларга уйғун бўлиб бораётганлиги ҳақида сўз юритилди.
Маълумки, ўтган даврда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини кенгайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Негаки, иқтисодиётини ривожлантиришда, аҳолини фаровон турмуш кечиришини таъминлашда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳуқуқ ва мафаатларини ҳимоя қилиш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қаторида, адлия органлари ҳам бу борада бир қатор ишларни амалга оширмоқда.
2014 йилда тадбиркорлик субъектларидан адлия бошқармасига 459 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шундан 64таси шикоят тариқасидаги мурожаатларни ташкил этади. Келиб тушган шикоятлардан 52 таси кўриб чиқилган. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини бузиш, фаолиятга асоссиз аралашиш ва шу каби ҳар бир қонун бузилиши фавқулодда ҳолат сифатида баҳоланиб, айбдор шахсларга қатъий чоралар кўрилиши таъминланмоқда.
Фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини тиклашюзасидан ҳам зарур чоралар кўрилмоқда. Хусусан, 2014 йилда 6 та тадбиркорлик субъектига имтиёзли кредит олишга амалий ёрдам бериш йўли билан, 13 та тадбиркорлик субъектига бино қуриш учун ер ажратиш билан боғлиқ масалаларда, 20 та тадбиркорлик субъектига бошланғич сармоя олишда амалий ёрдам бериш, 137 та тадбиркорлик субъектига бошқа турли хил масалалар бўйича адлия бошқармаси томонидан кўрсатилган амалий ёрдамлар натижасида тадбиркорлик фаолияти самарадорлиги таъминланди.
Қолаверса, давлат дастурлари доирасида хорижий инвестициялар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга қўлай имтиёз ва шароитлар яратиш орқали юртимизда сармоявий муҳит ривожланиши таъминланмоқда.
Шунингдек, бошқармада ташкил этилган “Ишонч телефони”дан ўтган 2014 йилда 219 та мурожаат қабул қилинди ва 208 таси ҳал этилди. Шикоятлар юзасидан судларга кўриб чиқиш учун 394 миллион сўмдан ортиқ 85 та даъво аризалар киритилди.
Фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, мулкий ва номулкий муносабатларни қонун асосида тартибга солиш, расмийлаштириш, аҳолига намунали юридик хизмат кўрсатиш билан боғлиқ масалаларда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди.
Таъкидлаш мумкинки, ўтган даврда аҳоли, айниқса ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, оила мустаҳкамлиги, баркамол авлод тарбияси, гиёҳвандликка қарши кураш, одам савдоси муаммолари, тадбиркорлик ва аҳоли бандлиги масалалари, “оммавий маданият” ниқоби остида четдан кириб келаётган турли салбий иллатларнинг олдини олиш каби, шунингдек аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан самарали фойдаланилди.
Анжуманда 2015 йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилиниши муносабати билан фахрийларга кўмак бериш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида жойларда давлат нотариуслари томонидан “бепул ҳуқуқий маслаҳат кунлари” ташкил этилаётганли қайд этилди.
Тадбирда, қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан журналистларга батафсил маълумотлар тақдим этилиб, уларни қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди.