Янгиликлар
Маърифий тадбирлар таъсирчанлигини ошириш
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ташаббуси билан пойтахтимизнинг “Туркистон” саройида жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги маърифий тадбирларнинг таъсирчанлигини оширишга бағишланган анжуман ташкил этилди.
Унда Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактаблари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасалари, давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд идоралари, фуқаролик жамияти институтлари, корхона, муассаса ҳамда ташкилотларнинг маънавий-маърифий, шунингдек, ҳуқуқий тарғибот соҳасига масъул ходимлари иштирок этдилар.
Учрашувда таниқли ҳуқуқшунос олимлар, амалиётчилар ва экспертлардан иборат тарғибот гуруҳи аъзолари жамиятда аҳолининг ижтимоий фаоллиги, ҳуқуқий онги ва маданиятини янада юксалтириш, айниқса ёшларнинг мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетини мустаҳкамлаш, эртамиз эгаларининг соғлом эътиқод ва миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган маънавий маърифий тадбирларни мазмунан бойитиш, уларни ўтказишда тарғиботнинг таъсирчан усулларидан, аудитория билан ишлашда эса ўзига хос ёндошувлардан самарали фойдаланиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Бугунги тезкор замон, глобаллашув жараёнлари ҳар бир фуқародан ижтимоий фаоллик, маънавий юксакликни талаб этмокда. Шу боис жамият аъзоларини ислоҳотларнинг моҳияти билан яқиндан таништириш, уларни ҳуқуқий ахборот ва адабиётлар билан таъминлаш, ёшларга миллий давлатчилик анъаналари ҳамда амалдаги ҳуқуқий тизимнинг ишлаш механизмлари тўғрисида зарур маълумотларни етказиш, жамиятда ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг самарали усулларини жорий қилиш бугунги кунимизнинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.
Анжуманда таъкидланганидек, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, қулай меҳнат шароитлари яратиш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, барча миллат ва элат вакилларининг ҳамжиҳатликда ҳаёт кечириши, миллий қадриятлари ва маданий меросини асраб-авайлаши учун зарур шарт-шароит яратишга доир мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилган.
Кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида замонавий технологиялардан фойдаланишга қаратилаётган доимий эътибор, мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш ва аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Эътибор қилинг, сўнгги 10 йил давомида ҳатто жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози энг юқори чўққига чиққан пайтларда ҳам юртимизда ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсиши 8 фоиздан зиёдни ташкил этди.
Тадбир қатнашчиларининг эътибори ижтимоий соҳадаги ислоҳотларга қаратилди. Мамлакатимизда яратилган ўн икки йиллик узлуксиз таълим тизими ёшларимизга жаҳон андозалари даражасида билим олиш имкониятини бераётгани қайд этилди. Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижодий интеллектуал салоҳиятини руёбга чиқариш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар бирма-бир тилга олинди. Моддий ва номоддий маданий меросни асраш, миллий қадриятлар бардавомлигини таъминлаш, навқирон авлодни халқимизнинг асрий анъаналари ва умуминсоний қадриятларга эҳтиром руҳида тарбиялаш ҳам давлат сиёсатидаги масалалар эканлиги қайд этилди.
Шунингдек, мулоқотда “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурининг мазмун-моҳияти ҳамда унинг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар, яқинда бўлиб ўтган Президент сайлови ҳамда унинг демократик тамойиллар асосида очиқ-ошкора ўтказилгани нафақат халқимиз, балки жаҳон жамоатчилиги томонидан ҳам эътироф этилгани хусусида аниқ мисоллар келтирилди, ўзаро фикр алмашилди. Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Тадбирда мустақиллик йилларида турли соҳалар фаолиятига оид адабиётлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Бундай анжуманлар мамалакатимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилмоқда.
Анжуман якунида барча муҳокама этилган масалалар юзасидан зарур тавсиялар ишлаб чиқилди.