Янгиликлар
Инсон ҳуқуқлари бола ҳуқуқларидан бошланади
Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ҳамда адвокатлар палатаси Тошкент шаҳар ҳудуий бўлими ҳамкорлигида шаҳар адлия бошқармасида “Инсон ҳуқуқлари бола ҳуқуқларидан бошланади” мавзусида ўтказилган илмий амалий семинарда давлат ҳокимияти бошқарув органлари, прокуратура, ИИББ, Республика юристлар малакасини ошириш маркази, Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди, Республика Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Тошкент шаҳар ҳудудий бўлими, адвокатлар ҳайъати адвокатлари иштирок этишди.
Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ, мамлакатимизда ёш авлод тарбиясига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида мустаҳкам пойдевор яратилганлиги ва бу борада 5 та халқаро конвенция ратификация қилиниб, ўндан ортиқ қонунлар қабул қилинганлиги, 2007 йилда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши ва мазкур Қонуннинг 4-моддаси “Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсати” дея номланиши ҳамда унда бу борада давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилиши мамлакатимизда бола ҳуқуқлари ҳимояси давлат сиёсати даражасида эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Муҳими, Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонунлар ҳам болалар ҳуқуқларини ҳимоялашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Маълумки, бола ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланаркан, аввало болани илм олишига, касб-ҳунар эгаллашга йўналтириш энг муҳим вазифа ҳисобланади. Шу боис, мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар туб мазмун-моҳиятига кўра, навқирон авлод вакилларининг чуқур билим ва кенг дунёқарашга эга бўлишини таъминлашдек эзгу мақсадга қаратилган.
Соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, ёшларнинг ўз ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бера оладиган ҳар томонлама етук шахслар этиб вояга етказишга йўналтирилган чора-тадбирлар режаси белгилаб олинган.
Бу силсилотлар миллий қонунчилигимизда ҳам акс этган бўлиб, жумладан, изчиллик билан амалга оширилаётган, дунёда ўхшаши кам бўлган умуммиллий дастурларимиз туфайли таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, болалар спортини ривожлантириш, ёш истеъдод эгаларини қўллаб-қувватлаш бўйича самарали тизим, таъбир жоиз бўлса, ўзига хос модель шаклланган.
Бу ҳақда гап кетганда, жаҳон ҳамжамияти томонидан Ўзбекистон “Соғлом она-соғлом бола” ҳамда юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш-мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилиш борасидаги саъи-ҳаракатлари юксак баҳоланганлигининг ўзи кифоя.
Ҳозирда мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги энг муҳим масалалардан бири баркамол авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, эртанги куннинг ҳақиқий ворислари сифатида камол топтиришдир. Бу борада миллий қадрият ва анъаналаримиз, бетакрор маданий ва маънавий меросимиз, буюк аждодларимиздан қолган ноёб ёдгорликлар ўзига хос ижобий аҳамият касб этади. Уларни ўрганиш, таҳлил этиш, ёш авлод онгига сингдиришнинг замонавий йўналишларини ишлаб чиқиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Негаки, миллий қадриятларни тиклаш, уларни ўрганишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиши баркамол авлод тарбиясига, уларни миллий қадриятлар руҳида тарбияланишига, чин фуқаролик позициясини эгаллашларига хизмат қилади.
Қолаверса, бугунги глобаллашув жараёнлари, фан ва техниканинг шиддатли тараққиёти баркамол авлод тақдирига янада эътибор билан ёндашишни талаб этади. Шу боис, ёшларни ҳар томонлама етук инсон сифатида, умуминсоний ва миллий қадриятлар асосида тарбиялаш энг муҳим мезон ҳисобланади. Умуминсоний ва миллий қадриятлар бутун инсоният томонидан бир неча йиллар давомида эришилган ютуқлар, дунё аҳли онги-тафаккурининг маҳсули, барча халқлар учун фойдали моддий ва маънавий неъматлар ҳисобланиб, улар умумжаҳон цивилизациясининг маҳсули сифатида-ёш авлодни келажакда баркамол инсон бўлиб шаклланишига катта таъсир кўрсатади.