Янгиликлар
ФАРЗАНДЛАРИМИЗ- КЕЛАЖАГИМИЗ
Пойтахтимизнинг Ғафур Ғулом номли маданият ва истироҳат боғида “1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан шаҳар ҳокимияти раҳбарлигида адлия бошқармаси, давлат бошқарув ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамкорлигида байрам тадбири ташкил этилди.
“Инсон ҳуқуқлари бола ҳуқуқларидан бошланади” мавзусида ўтказилган бу каби тадбирлар Республикамизнинг турли ҳудудларида байрамона кайфиятда ўтказилмоқдаки, бундан кўзланган асосий мақсад бир болага етти маҳалла ҳам ота она деганларидек миллати, жинси, ирқи, насл-насаби диний эътиқоди ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар ҳеч бир бола назардан четда қолмаслигини таъминлашдан иборатдир.
Тадбир очилишида сўзга чиққанлар, мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ, мамлакатимизда ёш авлод тарбиясига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида мустаҳкам пойдевор яратилганлиги ва бу борада 5 та халқаро конвенция ратификация қилиниб, ўндан ортиқ қонунлар қабул қилинганлиги, 2007 йилда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши ва мазкур Қонуннинг 4-моддаси “Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсати” дея номланиши ҳамда унда бу борада давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилиши мамлакатимизда бола ҳуқуқлари ҳимояси давлат сиёсати даражасида эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Муҳими, Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонунлар ҳам болалар ҳуқуқларини ҳимоялашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳозирда мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги энг муҳим масалалардан бири баркамол авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, эртанги куннинг ҳақиқий ворислари сифатида камол топтиришдир. Бу борада миллий қадрият ва анъаналаримиз, бетакрор маданий ва маънавий меросимиз, буюк аждодларимиздан қолган ноёб ёдгорликлар ўзига хос ижобий аҳамият касб этади. Уларни ўрганиш, таҳлил этиш, ёш авлод онгига сингдиришнинг замонавий йўналишларини ишлаб чиқиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Негаки, миллий қадриятларни тиклаш, уларни ўрганишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиши баркамол авлод тарбиясига, уларни миллий қадриятлар руҳида тарбияланишига, чин фуқаролик позициясини эгаллашларига хизмат қилади.
Тадбирда спорт мусобақаларини ташкил қилиш, асфальтга расм чизиш, Варраклар учириш, Тошкент давлат юридик университети, Тошкент юридик коллежи ва юридик университет қошидаги академик лицей томонидан тайёрланган болалар ҳуқуқлари Халқаро конвенция бўйича викториналарда фаол иштирок этган ёшларга Адлия вазирлиги ва унинг муассасалари томонидан тайёрланган байрам совғалари тарқатилди.