Янгиликлар
Иқтисодий ислоҳотларнинг пойдевори
Мамалакатимизда хусусий мулк даҳлсизлигини ҳимоялаш, иқтисодиётда унинг ўрнини мустаҳкамлаш, ишбилармонлик муҳити ва бизнес шароитини янада яхшилашга доир қонунлар узлуксиз такомиллашмоқда. 2015 йил 21 августда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун бу борадаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Адлия вазирлиги ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан мазкур қонун нормаларини бир хилда қўллашни таъминлаш мақсадида “Тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилиш иқтисодий ислоҳотларнинг пойдевори” мавзусида анжуман ташкил этилди.
Мазкур тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад юқорида қайд этилган қонуннинг мазмун-моҳиятини, хусусан унинг мамлакатимизда иқтисодиётни эркинлаштириш, бошқарувнинг бозор механизмларини жорий этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш борасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаришга қаратилганлигини тарғиб қилишдир. Қонунда мамлакатда хусусий мулк ҳуқуқини ҳар тарафлама ҳимоя қилиш, мулкдорларга иқтисодий эркинлик бериш, улар фаолиятига ноқонуний аралашган мансабдор шахслар, шу жумладан назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари учун жиноий жавобгарликкача бўлган ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашга қаратилганлигини, бу эса ўз навбатида тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимояси давлат томонидан кафолатланганлигининг ёрқин ифодаси эканлиги яққол ўз ифодасини топган.
Анжуманда қайд этилганидек, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятининг кафолатли ҳимоясини таъминлашга қаратилган қонунлар бизнес субъектларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш баробарида уларнинг фаолиятини жадал ривожлантиришга, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтиришга, ялпи ички маҳсулотда хусусий мулкнинг улушини изчил оширилишига олиб келмоқда.
Жаҳон иқтисодиётида инқирозли ҳодисалар ҳамон кузатилаётганлигига қарамасдан республикамизда иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлар таминланяпти. Мамалакатимиз айни пайтларда дунё миқёсида жадал ривожланаётган давлатлар орасида бешинчи ўринда эканлиги, сўнги ўн бир йил давомида ялпи ички махсулотимизнинг ўсиш сўрати 8 фоиздан юқори бўлиб келаётганлиги, 2000 йилда 149 мингта тадбиркорлик субъекти фаолият юритган бўлса, 2014 йилга келиб уларнинг сони ярим миллиондан ошиб кетганлиги бу борадаги ислоҳотлар самарсининг яққол тасдиғидир.
Сўзга чиққанлар таъкидлаганларидек, 2016 йилнинг 1 январидан ишга тушиши кўзда тутилган тадбиркорларга “бир дарча” тамойилига асосланган давлат хизматларини кўрсатиш марказлари давлат бошқарувини такомиллаштириш билан бирга бизнес субъектларига тезкор ва сифатли давлат хизматлари кўрсатишнинг янги бир босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Режага кўра, мазкур марказлар ҳозирда мавжуд бўлган шаҳар, туман ҳокимликлари қошидаги 194 та тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатга олиш инспекциялари негизида иш бошлайди. Айни пайтда “Бир дарча” марказларининг аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, давлат органлари билан боғланиш бўйича тартибини изоҳлаб бериш, жойлашувини аниқлаш, моддий техника, юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш ва бошқа тегишли масалалар бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Тадбирда бу борадаги ишларнинг ҳозирги босқичи ва галдаги вазифалар атрофлича муҳокама этилди.
Анжуманда қонундаги янгиликлар нафақат иқтисодий, балки кўпгина ижтимоий масалаларни ҳам ҳал этиши аниқ мисолларда кўрсатиб ўтилди. Тадбир иштирокчилари фикрига кўра, мазкур қонун мамлакатимизда иқтисодиётни эркинлаштириш, бошқарувнинг бозор механизмларини жорий этиш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш борасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтариши қайд этилди.