Янгиликлар
Энг шиддатли жамоа
Аёлларимиз жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этиш билан биргаликда унинг ижтимоий тараққиётига сезиларли даражада таъсир кўрсатмоқдалар. Ҳозирда республикамизда уч юзга яқин хотин-қизлар нодавлат нотижорат ташкилотлари мавжуд бўлиб, улардан бир нечтаси халқаро миқёсда самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.
Бир неча йилдан бери Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан республикамиздаги вазирлик ва идораларда фаолият юритиб келаётган хотин-қизлар ўртасида спорт мусобақаси уюштириб келинмоқда. Куни кеча Тошкент шаҳрида волейбол, стол тенниси, шашка, бадминтон ҳамда гимнастрада йўналишида ўтказилган спорт мусобақаси ҳар йилгидан ҳам қизиқарлироқ ва муросасиз ўтганлиги фикримизнинг яққол далилидир.
Ушбу мусобақада Адлия вазирлигининг масъул ходимларидан иборат хотин-қизларнинг “Адолат” жамоаси ҳам иштирокчилар орасида ўзларининг нафақат давлат ходими ёки уй бекаси сифатида, балки жисмонан ва маънан етук аёл сифатида жозибали иштироклари билан алоҳида эътибор қозондилар. Мусобақа якунида Адлия вазирлиги аёллари “Энг шиддатли жамоа” деб тан олиниб, совринли ўрин эгалладилар.