Bog'lanish

Telefon
(+998 71) 203-60-03

Elektron manzil
toshkent@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

14

Маҳалла фаоллари ўқуви


Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда тинчлик-тотувликни таъминлаш, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада яхшилаш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

“Обод турмуш йили” Давлат дастурида маҳалла идораларининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини янада кучайтириш борасида муҳим вазифалар белгиланган. Жумладан, маҳалла фаолларининг ижтимоий-сиёсий билимини ошириш, ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан ташкил этилган ўқув-семинарлар ҳам шу мақсадга хизмат қилади. Унда мамлакатимиздаги ўн мингга яқин фуқаролар йиғинларининг раислари, масъул котиблари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий масалалар бўйича маслаҳатчилари, маҳалла посбони жамоат тузилмаси раҳбарлари иштирок этмоқда.

Мамлакатимизнинг барча жойида бўлгани каби пойтахтимизда ҳам шундай семинарлар ўтказилди. Ўқувнинг биринчи кунида икки минг нафарга яқин маҳалла фаоллари қатнашди.

Семинарда мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш мақсадида маҳалла институти изчил ривожлантирилаётгани таъкидланди. “Обод турмуш йили” Давлат дастурида ҳам фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини янада кенгайтириш, жойларда ижтимоий ва иқтисодий ривожланишга оид масалаларни ҳал этишдаги ўрни ва аҳамиятини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

Шу мақсадда яқинда Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинди.

“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонун фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ташкилий асосларини янада такомиллаштиришга, маҳаллани аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантиришга, шунингдек, давлат органлари фаолияти устидан жамоат назоратини амалга ошириш тизимида маҳалланинг вазифаларини кенгайтиришга қаратилган. “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонун катта ҳаётий тажрибага эга ҳамда аҳолининг ҳурмати ва ишончини қозонган муносиб инсонлар фуқаролар йиғини раиси ва маслаҳатчиси этиб сайланишини, мазкур сайлов тизимини янада демократлаштиришнинг очиқлигини таъминлашга хизмат қилади.

Мазкур қонунлар мазмун-моҳияти, уларни ҳаётга татбиқ этишда эътибор қаратиладиган муҳим жиҳатлар ўқув-семинарнинг асосини ташкил этади.

Давлатимиз раҳбари тақдим этган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифалар ва уларнинг ижроси билан боғлиқ масалалар, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаёти, қабул қилинаётган бошқа қонун ҳужжатлари мамун-моҳияти ҳам малакали мутахассислар томонидан тадбир иштирокчиларига чуқур тушунтириб берилаётир.

– Мазкур семинар маҳалла идоралари фаолиятини янада самарали ташкил этишга хизмат қилади, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Миробод тумани бўлими раиси Фарҳод Эрмуҳамедов. – Семинарда туманимиздаги 39 маҳалладан 156 нафар маҳалла фаоли қатнашмоқда. Тадбирда яқинда қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилгани фаолиятимизда қўл келади.