Янгиликлар
Ватан ҳимояси муқаддас бурч
Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсатнинг энг муҳими – бу ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдир. Ватанпарварлик – бу ўз ҳалқининг тарихини яхши билиш ва ундан ғурурланиш, буюк аждодлар томонидан яратилган моддий ва маънавий бойликларни асраб-авайлаш, миллий урф-одатларни ва қадриятларни давом эттириб келгуси авлодларга етказиш, давлатининг келажагига бефарқ назар солмасдан, унинг тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга интилиб яшашдир. Ватанпарварлик деганда биз она-юртимизга бўлган мухаббатни билдирамиз. Ватанни севмоқ керак, чунки Ватан битта ва ягонадир. Давлатимиз раҳбари И.Каримов ватанпарварлик ҳақида шундай деганлар: «Инсон ўзлигини англагани, насл-насабини билган сари юрагида Ватанга муҳаббат туйғуси илдиз отиб, юксала боради. Бу илдиз қанча чуқур бўлса, туғилиб ўсган юртга муҳаббат ҳам шу қадар чексиз бўлади, у ўз тақдирини Ватан равнақи билан боғлиқ, деб билади».
Ватанпарварлик ҳар бир қалбнинг олий туйғусидир, у инсонга ўз юртига нисбатан муҳаббат бағишлайди, шунингдек, ҳар бир қарич ерини жони дили билан қўриқлашга ва кўкларга кўтаришга чорлайди.
“Ватан ҳимоячилари куни” байрами муносабати билан жойларда ёшларни ватанпарварлик рухида тарбиялаш мақсадида пойтахтимизнинг барча таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, мактаблар, маҳаллалар ва жамоат жойларида кенг қамровли тадбирлар ўтказилди.
Унда мустақилликнинг илк кунлариданоқ бизнинг жаннатмакон юртимизни кун сайин тараққий этиб бориши, фуқароларнинг тинч-хотиржам ҳаёт кечириши, бағрикенглик, миллатлаларо ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, эртанги кунга ишонч билан қараш каби фазилатларнинг замирида ўз навбатида тинчлик ётганлиги уни қадрига етиш ва асраш тўғрисида дадил фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Конституциямизда ҳам ҳарбий ва муқобил хизмат қилиш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир деб белгилаб қўйилган экан, ватанни ҳимоя қилиш деганда унинг чегараларини қўриқлаш билан бир қаторда тинчлигини асраш, қонунларга ҳурмат туйғусида қараш ва итоат этиш шу билан бир қаторда менталитетимиздан келиб чиққан ҳолда энг аввало ўзлигимизни йўқотмаслигимиз, урф-одат, анъана ва удумларимиз, тарихий ва маданий ёдгорликларни авайлаш-асраш ва келгуси авлодга етказиш каби эзгу ишларда ташаббускор бўлиш тўғрисида ёшларга атрофлича тушунтирилди.
Айниқса, Чилонзор туманида жойлашган 1-Республика тиббиёт, 2-Тошкент юридик, Автомобил йўллар, 1-Тошкент педагогика ва Банк хисоб-кредит касб-ҳунар коллежларида ўтказилган тадбирларда ҳарбий соҳада узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийлар, ҳозирда муқобил ва ҳарбий хизматни ўтаётган офицерлар ва аскарлар, адлия бошқармаси ва унинг қуйи тизими ҳамда фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ходимлари маърузалари билан бир қаторда ўқувчи ёшларимиздан ташкил топган шунқорлар гуруҳларини спорт мусобақалари бўйича ўз маҳоратларини кўрсатишлари барчани лол қолдирди.
Ёшларимизнинг сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий онг ва маданияти янада ошиб борар экан, бу ўз навбатида юртимизда жамият маънавиятини юксалишига олиб келади.