Янгиликлар
Ҳушёрлик ва огоҳликка барчамиз масъулмиз
Мамлакатимизда маънавий-маърифий муҳитни янада барқарорлаштириш, аҳоли, айниқса, ёш авлодни турли бузғунчи ғоявий ва ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш, ҳушёрлик ва огоҳликка даъват этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Адлия вазирлиги томонидан Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ҳамда манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда “Ҳушёрлик ва огоҳликка барчамиз масъулмиз” мавзусида ташкил этилган анжуманда оммавий таҳдидларнинг асл мақсади, бундай салбий иллатларнинг ёшлар тарбиясидаги таъсири, миллий қадриятларнинг баркамол авлод камолотидаги ўрни каби мавзулар юзасидан фикр юритилди.
Таъкидланганидек, обод кўчалар, кун сайин чирой очаётган маҳалла, янгидан-янги бунёд этилаётган замонавий, кўркам биноларни кўриб, беихтиёр дилдан шукроналик ҳисси ўтади. “Шундай ёруғ кунлар қадрига етишимиз зарур! Тинч, мусаффо юртимизга кўз тегмасин”, деймиз. Ана шундай вазиятда давлатимиз раҳбарининг ҳамиша огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашимиз, ўз уйимизни, муқаддас тупроғимизни кўз қорачиғидек асрашимиз, келажак авлодларга обод ва озод Ватан қолдиришимиз тўғрисидаги куюнчаклик билан таъкидлайдиган кўрсатмаларини ҳар бир ватандошимиз жон-дили билан амалга оширишга интилиши, дунёга уйғоқ қалб, теран тафаккур кўзи билан боқиб, ҳаққоний хулосалар чиқармоғи даркордир.
Бугунги кунда халқаро вазиятнинг шиддат билан ўзгариб бораётгани, ер юзининг турли нуқталарида янгидан-янги низо ўчоқларининг пайдо бўлаётгани жаҳон жамоатчилигини жиддий ташвишга солиб, катта хавотир уйғотмоқда. Бу таҳдидлар, гарчи турли минтақаларда турлича кўринишда намоён бўлса-да, инсониятга бир хилда ташвиш туғдирмоқда. Бундай ғаразли ҳаракатлар таъсиридан минтақамиз ҳам четда қолаётгани йўқ.
Сўзга чиққанлар, ёшларни ўз фикрига эга, турли маънавий хуружларга қарши собит тура олишга қодир бўлган, иродали, фидойи ва ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш йўлида маънавий-маърифий тарғибот ишларининг таъсирчанлигини таъминлайдиган замонавий ахборот ва компьютер технологияларини кенг жорий этиш, жамиятимизнинг мафкуравий иммунитетини кучайтиришга қаратилган самарали услублардан изчил фойдаланиш бугунги кундаги энг муҳим вазифалар эканини қайд этдилар.
Жамиятнинг етуклиги, равнақи ҳар бир инсоннинг маънавий-ахлоқий камолотига бевосита боғлиқ. Юртимизда баркамол авлодни вояга етказиш борасида ёшлар жамиятда ўз ўрнига эга бўлишларини кафолатлайдиган ҳуқуқий, иқтисодий, маънавий-маърифий, ғоявий-мафкуравий тадбирлар тизимли тарзда амалга ошириляпти. Бу тадбирлар ўз ўрнида бузғунчи ғояларга қарши тура олиш учун ёшларга мафкуравий иммунитетни шакллантиришга хизмат қилади. Узоқ-яқин мамлакатларда кечаётган хавфли вазиятлар бизни ҳар доим ҳушёрликка, лоқайд бўлмасликка чорлаб, жаннатмакон юртимиздаги тинчликнинг қадрига етмоғимиз ва уни кўз қорачиғимиздай асрамоғимиз зарурлигини эслатиб туради.
Ахборот глобаллашуви замонида турли “куч”лар томонидан ёшлар онги ва қалбини эгаллаш, айрим ҳолларда улардан ўзларининг ғаразли мақсад ва ниятлари йўлида фойдаланишга уринаётган хатти-ҳаракатлар кучайиб бормоқда. Бундай таҳдидларнинг олдини олишда ҳар томонлама пухта ташкил этиладиган, мунтазам ва узлуксиз равишда олиб бориладиган чора-тадбирлар, маънавий тарбия тизими муҳим аҳамиятга эга.
Ёшлар — жамиятнинг асосий кучи, ишончи ва таянчи. Мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни ҳеч кимдан кам бўлмаган инсон этиб вояга етказиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирини ташкил этади. Зеро, сир эмаски, маънавиятли ва маърифатли одамгина инсон қадрини билиши, миллий ва умуминсоний қадриятлар моҳиятини англаб етиши, эркин ва озод жамиятда яшаш, мустақил давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида ўзига муносиб ўрин эгаллаши учун фидойилик билан кураша олиши мумкин.
Тадбирда аҳолининг ижтимоий фаоллиги, ҳуқуқий онги ва маданиятини янада юксалтириш, айниқса, ёшларни соғлом эътиқод ҳамда миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган маънавий-маърифий тадбирларни ўтказишда эътибор қаратилиши зарур бўлган йўналишлар келишиб олинди.