Bog'lanish

Telefon
(+998 71) 203-60-03

Elektron manzil
toshkent@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

10

Давлат органларида юридик хизмат фаолиятини янада такомиллаштириш


Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш, юридик хизматнинг бошқарувдаги ролини янада ошириш ва уни ривожлантириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимлигида давлат бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмалари ва туман ҳокимликлари юридик хизмат ходимлари иштирокида семинар ташкил этилди. Семинарда соҳа фаолиятини тартибга солишга оид қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти юзасидан семинар иштирокчиларга тушунтириш берилиб, амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Таъкидланганидек, ҳар бир давлат органи юридик хизматининг функционал вазифалари янгидан ишлаб чиқилиб, адлия органлари билан келишилди; юридик хизматга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида минимал талаблар ишлаб чиқилиб, ижрога юборилди, малака оширмасдан келаётган юридик хизмат ходимларини ўқитиш бўйича тақсимот режа ишлаб чиқилиб, унинг ижроси юзасидан қарийб 700 нафар ходимларнинг ўқитилиши таъминланди, сабабсиз равишда аттестациядан ўтмасдан келаётган 515 нафар юридик хизмат ходимларини аттестациядан ўтказиш таъминланди.

Энг асосий ишлардан яна бири – юридик хизматнинг ҳуқуқий мақомини белгилаб берувчи қонун ҳужжатлари замон талаблари асосида қайта кўриб чиқилди. Жумладан, давлат органлари юридик хизматлари фаолиятини, шунингдек уларнинг ходимларини аттестациядан ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида, 2015 йил 4 июнда Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари юридик хизматлари фаолиятининг янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан Ҳукуматнинг 2007 йил 24 августдаги “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 22 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган Юридик хизматлар ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган қарорлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Эътироф этиш ўринлики, ўтган давр мобайида ҳудудий адлия органларининг маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасидаги фаолиятида ижобий ўзгаришлар бўлганлигини кўрсатди.

Хусусан, 2012-2013 йиллар давомида ҳудудий адлия органлари томонидан жами 2224 та қарор лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган бўлса, 2014-2015 йиллар давомида бу кўрсаткич 3785 тани ташкил этди. Шундан 2012-2013 йиллар давомида халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг 269 та қарор лойиҳалари ҳудудий адлия органлари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган бўлса, бу кўрсаткич 2014-2015 йиллар давомида, 611 тани ташкил этди.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, ҳозирги кунга қадар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган, шунингдек тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатлар қилишга олиб келувчи ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қоидалар ва нормалар бор-йўқлигини аниқлаш бўйича аниқ бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас эди. Мазкур бўшлиқни тўлдириш мақсадида Адлия вазирининг 2015 йил 25 декабрдаги буйруғи билан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш услубиёти тасдиқланди.

Мазкур услубиёт ҳуқуқни қўллаш жараёнида коррупцион кўринишларга олиб келиши мумкин бўлган омилларни аниқлаш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари лойиҳаларининг, шунингдек вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказишнинг тартибини белгилаб беради.

Тадбирда бу каби ҳуқуқий ҳужжатлар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги фаолиятида муҳим аҳамият касб этади. Зеро, бу мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш учун йўл очиб берадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ҳамда қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида давлат сиёсатини изчил амалга оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.