Янгиликлар
Маҳалла институтининг ташкилий ҳуқуқий асослари
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ташаббуси билан Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан пойтахтимизда “Маҳалла институтининг ташкилий ҳуқуқий асослари” мавзусида анжуман ташкил этилди.
Унда шахар ва туман хокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органларидан вакиллар,худудда махалла сайловини ўтказишга масъул кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳларининг аъзолари ҳамда ОАВ нинг ходимлари иштирок этдилар.
Тадбир жорий йилнинг май-июнь ойларида мамлакатимизда бўладиган фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органларига сайловларга тайёргарлик доирасида ўтказилди.Унда халқимиз қадимдан ўз ҳаёти, турмуш тарзини маҳалладан айрича тасаввур этмагани,азал-азалдан бу маҳаллий ўзини ўзи бошқарув шакли муайян ҳудудда яшовчи аҳоли манфаатлари, мақсад ва интилишларини бирлаштириб, уларни амалга ошириш йўлида бошини қовуштирувчи, эзгуликларга руҳлантирувчи маскан сифатида фаолият кўрсатиб келганллиги эътироф этилди.
Мустақиллик йилларида маҳалла институти фаолияти янгича, замонавий мазмун-моҳият касб этди. Хусусан,Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида “Кучли давлатдан-кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг бош йўналишларидан бири давлатнинг бир қатор ваколатларини маҳаллий давлат органларига, жамоат тузилмаларига ва ўзини ўзи бошқариш органларига босқичма-босқич топширишдан иборат бўлиб ҳисобланди. Бу жараёнда, хусусий мулкни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш, истеъмол бозорини тўлдириш, ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш, одамларнинг моддий фаровонлигини ошириш ва аҳолини кучли ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари, биринчи навбатда, маҳаллий давлат органлари ҳамда ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ҳал этилиши белгиланди.
Шу билан бирга, ўтган йиллар давомида Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари тизимига оид элликдан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат, ҳамда унинг фаолиятини тартибга солувчи иккита қонун қабул қилинди.
Шу ўринда семинар қатнашчиларинг эътибори 2013 йил 22 апрелда қабул қилинган янги тахрирдаги“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисда”ги ва “Фуқаролар йиғини раиси(оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Қонунига қаратилди.Мазкур хужжатлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатларини сезиларли даражада кенгайтирди, шунингдек, маҳалла институтининг давлат ва жамиятнинг деярли барча соҳаларида ўрни ва роли муҳим эканлигини хуқуқий жиҳатдан белгилаб берди.
Қонунларда ушбу тизим фаолиятини амалга оширишда ўзини ўзи бошқариш органлари раислари (оқсоқоли) ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови ўтказилиши борасидаги тартиб-қоидалар кўрсатилган.Яъни, сайлов жараёнида номзодлар маҳаллий аҳоли ўртасида обрў-эътиборга ҳамда ҳаётий тажрибага эга, фидойи инсонлар орасидан танлаб олинади.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш ошкоралик, муқобиллик ва тенг сайлов ҳуқуқи принциплари асосида, икки ёки ундан кўп номзод кўрсатилган ҳолда амалга оширилади, шунингдек фуқаролар йиғини раис (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари икки ярим йил муддатга сайланади.
Анжуманда сайловлар “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига биноан ташкил этилиши ва ўтказилиши ҳақида атрофлича тушунтиришлар берилди.Бу мухим сиёсий тадбирда фаол иштирок этиш ватан тақдирига,юрт тараққиётига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлигигига алохида эътибор қаратилди.Мутахассислар иштирокчиларни қизиқтирган саволларига жавоб бердилар.