Янгиликлар
Бола ҳуқуқлари – давлат ҳимоясида
1 июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан пойтахтимизнинг Ғофур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида “Ҳар бир болага меҳр эътибор!” шиори остида кўргазмали байрам тадбири ўтказилди.
Мазкур тадбир Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Халқ таълими, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Камолот ЁИҲ, Ўзбекистон Хотин- қизлар қўмитаси, ҳамда кўплаб давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил қилинди.
Унда пойтахтимиздаги Меҳрибонлик уйлари ва махсус мактаб интернатлари тарбияланувчилари, маҳаллаларда истиқомад қилаётган оилалар фарзандлари иштирок этишди.
Таниқли санъаткорларнинг ўз концерт дастурлари билан чиқишлари, спорт ҳамда ижодиётнинг кўплаб турлари бўйича, шунингдек, ҳуқуқий мавзулардаги викторина ўйинларининг намойиш этилиши болажонлар дилини шод этиб, қувончига - қувонч қўшди.
Истиқлол йилларида мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида болаларимизнинг бахтиёрлиги ва баркамоллиги йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларни санаб адоғига етиш қийин. “Умид ниҳоллари” “Баркамол авлод” спорт мусобақалари, истеъдодли болалар ва ўсмирларнинг ”Келажак овози”, “Нафосат” каби танлов ва бошқа тадбирлар ўз навбатида ёш авлодни баркамол бўлиб етишида замин яратмоқда.
Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари яратилганлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қатор қонунларда бола ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратилганлиги натижасида ёшларимиз мисли кўрилмаган ютуқларни қўлга киритаётганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Маълумки, бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан кейин ратификация қилинган энг биринчи ҳалқаро ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. 1992 йилда мазкур Конвенцияга қўшилиб, Ўзбекистон бола ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича бир қанча ҳалқаро–ҳуқуқий мажбуриятларни ҳам ўз зиммасига олди. Шу мақсадда 18 ёшгача бўлган ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни 2008 йилнинг 8 январидан эътиборан кучга кирди.
Бола ҳуқуқлари соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, механизмини такомиллаштириш йўли билан болаларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг самарали тизими яратилди.
Тадбирда болаларнинг ижтимоий кафолатланиши, ҳуқуқий тарбиясини яхшилаш, шу соҳага оид қонунчиликни ривожлантириш масалалари юзасидан адлия органлари ходимлари томонидан атрофлича маълумотлар берилди.
Таъкидланганидек, келажагимиз ворислари бўлган болаларнинг Бош қомусимиз ва амалдаги қонунларимизда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳаётдаги ифодаси, ёшларнинг жамиятимизда муносиб ўрин эгаллаши уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш билан узвий боғлиқ бўлган жараёндир.
Байрам тадбири иштирокчилари, болаларда ҳуқуқий онг ва маданиятни шакллантириш, бола ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш юзасидан атрофлича фикр билдирдилар.
“Биз “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат деганда, энг аввало, шу она Ватанимиз истиқболи бўлган болаларимизнинг шод ва бахтиёр яшаши учун яратилаётган буюк имкониятларни назарда тутамиз.
Тадбир давомида фаол иштирокчиларга бола ҳуқуқларига оид буклетлар, дисклар тарқатилди ва ҳуқуқий саводхонлик бўйича ўтказилган викторина ғолибларига ҳамкор ташкилотлар томонидан тайёрланган эсдалик совғалар топширилди.