Янгиликлар
Гиёҳвандлик аср вабоси
Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни муносабати билан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, адвокатлар палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси, тиббиёт муассасалари ходимлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида “Гиёҳвандлик аср вабоси” мавзусида тадбир ўтказилди.
Бугунги кунда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни тарқалиши халқаро миқёсдаги муаммо бўлиб, ушбу муаммони ҳал этишнинг ягона йўли, миллий қонунчилик тизимида ҳуқуқий асосларни яратишдан иборатдир. Қонституция ва қонунларимизнинг ҳаётга тўғри талқин қилиниши натижасида тинчлик, осойишталик, хотиржамлик ҳукм сураётган мамлакатимизда фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари ҳар томонлама ҳимоя қилинган экан, бу каби салбий иллатларни олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалги оширилмоқда.
Гиёҳвандлик инсониятни жисмоний ва руҳий жиҳатдан тубанликка элтувчи, ақл идрокдан маҳрум этиб, икки дунё хорлигига етакловчи офатдир. Гиёҳванд моддалар инсонни айни куч қувватга тўлган даврида алкоголга нисбатан 4-6 баробар тезроқ ҳалокатга учратади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1987 йил 7 декабрдаги қарорига асосан, 26 июн “Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни” деб эълон қилинган. Шунингдек, БМТ томонидан “Наркотик моддалар тўғрисида”ги, “ Психотроп моддалар” ҳамда “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш тўғрисида”ги Конвенциялар қабул қилинган. 1999 йил 19 август куни Ўзбекистон Республикасининг “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида” Қонун қабул қилинган.
Афсуски, гиёҳвандлик касалига мубтало бўлганлар сони йилдан йилга ошмоқда. БМТ маълумотига кўра, дунёда 200 миллиондан ортиқ киши (бошқа статистикага кўра 500 миллион) гиёҳвандлик дардига йўлиққан. Унинг аксарият қисмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Қора ажал оқибатида ҳар йили 200 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юммоқда. Дунёда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келади.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, гиёҳванд моддалар истеъмол қилингандан сўнг наркотик сархушлик ҳолати юзага келади. Бунда юқори кайфият, кўп кулиш, телбалик, диққат чалғиши, ланжлик, ҳаракат мувофиқлигининг бузилиши, қадам ташлашнинг ўзгарувчанлиги намоён бўлади. Баъзида беғамлик, хаёлпарастлик, баджаҳллик, жиззакилик, тажовузкорлик кузатилади. Тери қоплами қизаради, кўз ҳиралашади ва кенгаяди. Ушбу белгилар гиёҳвандликка мойилликнинг 1-босқичи бўлиб, бунда наркотик моддага руҳий мойиллик пайдо бўлади, организмнинг ҳимоя жараёни сусаяди.
2-босқичда гиёҳванд наркотик моддага енгиб бўлмас даражадаги ҳирс қўяди, организм наркотик таъсири остида қолиб, жисмоний қарамлик юзага келади.
3-босқичда организм наркотик моддаларга қарши курашолмай қолади, беморларга гиёҳванд моддаларсиз яшай олмаслик хусусиятлари пайдо бўлади. Кучли оғриқ кузатилиб, наркотикка буткул қарамлик юзага келади.
Наркомания инсон руҳиятини оғриқ тарзда бузади, организмни ишдан чиқаради. Наркоманга ҳар қадамда ўлим таҳдид қилиб туради, бундай одам организмнинг ҳолдан тойишидан, препарат дозасини тасодифан оширишдан, текширилмаган моддани қабул қилишдан, уколдан зарарланишдан, депрессив ҳолатдан ўлиб қолиши мумкин. Наркоман бўлиб қолган киши бошқа ҳеч нарсага қизиқмай қўяди, куч қувватдан қолиб, меҳнат қобилиятини йўқотади.
Гиёҳвандлик асоратлари:
1. Иқтисодий асоратлар: катта пул сарфланиши, даромадларнинг йўқолиши, ишни йўқотиш, қарзга ботиш, талончилик ва тиланчилик.
2. Маънавий асоратлар: оилаларнинг бузилиши, бефарқлик, тушкунлик, норозилик, худбинлик.
3. Жиноий асоратлар: ўғрилик, босқинчилик, одам ўлдириш, уруш ва террор.
Тадбирда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар тушунчаси, турлари, таъқиқланган экинларни етиштириш жинояти тушунчаси, турлари, жиноят таркибининг умумий таҳлили,Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш жинояти тушунчаси, турлари, жиноят таркибининг умумий таҳлилитўғрисида атрофлича сўз юритилди.
Чунки инсон ҳуқуқларини таъминлаш барча давлатлар учун энг муҳим ҳалқаро тамойиллардан биридир. Бунда Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр- қиммати ва бошқа даҳлсиз ҳуқуқларининг олий қадрият эканлиги тўғрисида тушунчалар берилди
Бундай тадбирлардан кўзланган мақсад, аҳолининг ҳуқуқий онг ва маданиятини янада юксалтириш, айниқса ёшлар орасида тарғиботни жонлантириш орқали бу каби салбий иллатларга мутлоқ барҳам беришдан иборатдир.