Янгиликлар
Нодавлат нотижорат ташкилотлар соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш
Тошкент шаҳар адлия бошқармасида Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан “Нодавлат нотижорат ташкилотлар соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш” мавзусида семинар йиғилиши ўтказилди.
Мазкур семинар Тошкент шаҳар адлия бошқармасининг масъул ходимлари, шунингдек Тошкент шаҳар Статистика бошқармаси, Давлат солиқ бошқармаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Тошкент шаҳар минтақавий вакили, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Тошкент шаҳар худудий бошқармасининг вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди.
Семинар давомида иштирокчиларга нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятига оид қонун ҳужжатларга киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Хусусан, Адлия бошқармасининг масъул ходими томонидан семинар иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2016 йил 25 апрелдаги 405-сонли Қонуни ҳамда Адлия вазирининг 2016 йил 15 июндаги 157-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган “Нодавлат нотижорат ташкилотларининг чет давлатлардан, халқаро ва чет эл ташкилотларидан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни рўйхатдан ўтказувчи орган билан келишиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг мазмун-моҳияти юзасидан атрофлича тушунтириш бериб ўтилди.
Семинар давомида Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси мутахассиси иштирокчиларга Фуқаролик жамияти ривожланишида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни ва роли тўғрисида гапириб ўтди. Шунингдек,Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси вакили томонидан иштирокчиларга нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг қонуний кафолатлари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида тушунтиришлар бериб ўтилди.
Семинар давомида иштирокчилар, шу жумладан, Тошкент шаҳар “Экомактаб” экология ресурс маркази, Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш марказининг Тошкент шаҳар филиали, “EKO LANDSKAPE” экологик жамияти ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари томонидан уларни қизиқтирилган соҳага оид саволлар бериб ўтилган бўлиб, ушбу саволларга тегишли мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар ва тушунтиришлар берилди.