Янгиликлар
Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним
Тошкент шаҳар Адлия бошқармаси ташаббуси билан Алишер Навоий номидаги Миллий боғда шаҳар ҳокимлиги, Сергели ва Чилонзор туман ҳокимликлари билан ҳамкорлигида “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним” шиори остида тадбир ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Республика “Нуроний” жамғармаси, Республика маънавият тарғибот маркази Тошкент шаҳар бўлими, “Камолот” ЁИҲ Тошкент шаҳар бўлими, “Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди ҳамд ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Байрамда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги, қисқа давр – йигирма беш йил мобайнида сиёсий соҳада, давлат ва жамият қурилиши, иқтисодиёт ва маънавият, ижтимоий ҳаёт, суд-ҳуқуқ тизими каби кўплаб йўналишларда эришилган ютуқлар ҳақида сўз юритдилар.
Мустақилликнинг кенг имкониятлар манбаи эканлиги, мустақиллик йилларида эришилган энг катта бойлигимиз – халқимизнинг тинч ва осуда ҳаёти, жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатлар миллий ва умумбашарий қадриятларга уйғун бўлиб яшаш тамойили тобора мустаҳкамланиб бораётганлигини ҳар биримиз гувоҳи бўлиб бораяпмиз. Шундай экан кун сайин гуркираб, тараққий этиб бораётган жонажон ватанимизни севишимиз, уни асраш, ҳимоялаш, шу билан бир қаторда тарихий, маданий ёдгорликлари билан бир қаторда минг йиллар давомида сайқаллашиб ўз минталитетимиздан келиб чиққан урф одат, анъана ва удумларимизни ҳам қадрлаш ва келгуси авлодга етказиш, унинг тараққиёти учун курашиш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчига айланиши лозимлиги тўғрисида нотиқларнинг маърузалари тингланди.
Гарчи юртимиз ўзининг навқирон 25 ёшини қарши олаётган бўлса-да, ана шу қисқа муддатда янги мувоффақиятларни, юксак марраларни забт этаётир. Уларнинг ҳар бири, айниқса, дунё жадал ўзгариб бораётган, бутун бошли минтақалар сурункали низолар ўчоғи ва қонли тўқнашувлар гирдобига қолган бир даврда жуда аҳамиятлидир.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон мураккаб геосиёсий шароитда мамлакатда қарор топган барқарорлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб, юқори иқтисодий ўсиш суръатларига эришаяпди. Ижтимоий соҳа ривожланмоқда, таълим ва тиббиётни равнақ топтириш ҳамда қишлоқни янада обод қилишга катта миқдорда инвестиция йўналтирилмоқда. Ҳар бир муваффақият, ҳар бир марра замирида мамлакатимиз раҳбари атрофида бир тану бир жон бўлиб жипслашган, ислоҳотларни рўёбга чиқариш йўлида юксак масъулият ҳисси билан яшаётган ҳалқимизнинг меҳнати мужассам.
Тинч осуда яшашимиз, шодиёна тўй-томошалар, байрамлар ўтказишимизнинг замирида шу она ватан турибди. Ноз неъматларни етказиб бераётган еру замин ётибди. Бунинг қадрига борайлик ва шу жамиятни янада ривожланиши учун ҳиссамизни қўшайлик.
Байрам тадбирида иқтисодий, ижтимои, сиёсий, маданий ва тиббиёт соҳалардаги ютуқларимизни кўрсатиб берадиган кўргазмали чиқишлар номойиш этилди.
Тадбирда санъаткорларимизнинг куй ва қўшиқлари, айниқса ёш ўсмир спортчиларимизнинг кўрсатган маҳоратлари барча иштирокчиларда хуш кайфият бағишлади.