Bog'lanish

Telefon
(+998 71) 203-60-03

Elektron manzil
toshkent@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

17

Навбатдаги “Очиқ эшиклар”


Адлия вазирлиги ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хизмат кўрсатувчи идоралар вакиллари иштирокида М.Улуғбек туман ҳокимлигида навбатдаги “Очиқ эшиклар” куни тадбири ўтказилди.

Унда тадбиркорлик фаолияти субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва тугатиш, тадбиркорлик фаолиятининг айрим турларини лицензиялашнинг муҳим йўналишлари, турли хил ҳисоботлар тақдим этиш шакллари, уларни тузиш борасида амалиётда жорий қилинган янги қулайлик ва имтиёзлар ҳамда ҳуқуқий ҳимоя масалалари ҳақида арофлича сўз юритилди.

IMG_5566.jpg

Тадбирда таъкидланганидек, мустақил мамлакатимиз тараққиётининг дастлабки босқичида асосий эътибор бозор иқтисодиёти асосларини, авваламбор, унинг қонунчилик базасини такомиллаштиришга қаратилди. Президентимиз таъбири билан айтганда, бу даврда хусусий мулкни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилишни кучайтириш, мамлакатимизда ҳар томонлама бақувват мулк эгалари синфини шакллантириш, иқтисодиётни янада либераллаштиришни таъминлаш, тадбиркорлик, аввало, кичик бизнес фаолиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш, кенг тармоқли бозор инфратузилмасини барпо этишни кўзда тутадиган қонун ҳужжатларининг бутун бир мажмуаси қабул қилинди.

Энг қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, тадбиркорлик субъектларига бир қатор қўшимча имтиёз ва преференцияларни тақдим этиш бўйича амалга оширилган аниқ мақсадли чора-тадбирлар ишбилармонлик муҳитида ижобий ўзгаришларни таъминлади.

Сўзга чиққанлар таъкидлаганларидек, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликка кенг эркинлик беришга қаратилган ислоҳотларни такомиллаштириш жараёни изчиллик билан давом эттирилмоқда. Натижада, кичик корхона ва микрофирмалар учун ягона солиқ тўлови ставкалари 6 фоиздан 5 фоизга туширилиб, якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган солиқ ставкаси ўртача икки баробар камайтирилди..

Хусусий мулк тараққиёти, мулкдорлар ҳуқуқларининг ҳимоясини таъминлашга хизмат қилувчи олтита муҳим қонун, жумладан, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, янги таҳрирдаги “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар, шунингдек, рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш, солиқ ва статистик ҳисоботларни қисқартиришга қаратилган қонун ва норматив ҳужжатлар қабул қилинди.

Кичик бизнс ва хусусий тадбирокрликка давлат томонидан берилаётган имтиёз ва кафолатлар натижасида Ўзбекистон бизнесни юритиш бўйича рейтингда 14 ўрин юқорига кўтарилди.

IMG_5575.jpg

Шуни таъкидлаш жоизки, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш фаолияти юзасидан адлия органлари маҳаллий бошқарув органларига яқиндан услубий ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Очиқ мулоқот давомида адлия органлари мутахассислари томонидан рухсат беришга оид 80 та тартиб-таомил, лицензияланиши талаб этиладиган 15 та фаолият тури бекор қилингани, статистик, солиқ ва молиявий ҳисоботларнинг шакллари ва даврийлиги бир ярим-икки баробар қисқартирилгани, давлат ва назорат қилувчи идораларнинг тадбиркорлик субъектлари билан электрон шаклдаги алоқаси босқичма-босқич жорий этилаётганлиги аниқ мисоллар ёрдамида иштирокчиларга ҳуқуқий жиҳатдан тушунтирилди.

Ўзаро жонли мулоқотда иштирокчиларнинг тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда юкларни божхонада расмийлаштиришда «ягона ойна» тамойили бўйича амалга ошириш жараёнларининг қулайликлари, даъво аризалар ва илтимосномаларни хўжалик судларига электрон шаклда юбориш механизмлари, шунингдек, адлия органларининг бу борада амалга ошираётган тадбирлари ҳақидаги саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.