Янгиликлар
Ёшларга оид давлат сиёсати
Мамлакатимиз аҳолисининг 64% ёшлар ташкил этади.
“Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонун қабул қилингандан сўнг унинг мазмун-моҳиятини тушунтириш юзасидан кенг қамровли тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимининг фармойишига асосан, тасдиқланган чора-тадбирлар Режа-дастурига асосан, барча туманларда тадбирлар ўтказилмоқда.
Улардан бири Мирзо Улуғбек туманидаги Интерхаус академик лицейида ўтказилди. Унда ҳокимият, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари, туман маънавият тарғиботи бўлими, Камолот ЁИҲ ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Таъкидланганидек, ҳар бир демократик давлат ўзида қонун устувор бўлишини кўзлар экан, аввало, халқининг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш ҳамда ёшларнинг ҳуқуқий тарбияси ва тафаккурига жиддий аҳамият қаратилишини тақозо этади. Бу жараёнда ёшларнинг қалбига, вужудига гўдаклик пайтидан бошлаб Ватанга муҳаббат, ўз юртига садоқат туйғулари билан ҳамоҳанг равишда одоб-ахлоқ, қонун-қоидалар ҳақидаги илк тасаввур ва тушунчаларни сингдириб бориш уларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши учун муҳим омил бўлиб ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.Каримов ташаббуси билан 1991 йил 20 ноябрда қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонун 30 ёшгача бўлган ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, унинг ижроси бўйича 25 йил давомида жуда катта ишлар амалга оширилди.
Мазкур қонуннинг ижроси жойларда тўлиқ таъминланиши алоҳида назоратга олиниб, иқтисодий-ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий ва маданий ва бошқа соҳаларда ёшларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасидаги энг муҳим масалалардан бирига айланди.
Қисқа вақт давомида юртимиз кун сайин тараққий этиб, ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олмоқда. Аҳолининг айниқса ёшларнинг сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий онг ва маданияти юксалиб бориши янада мукаммал ҳар ёшларни ҳар томонлама ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлайдиган янги таҳрирдаги қонунни қабул қилишга туртки бўлди.
Ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий принциплари сифатида
Ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
очиқлик ва шаффофлик;
ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда ёшларнинг иштирок этиши;
ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш;
маънавий, ахлоқий ва маданий қадриятларнинг устуворлиги;
ёшларнинг камситилишига йўл қўйилмаслиги белгиланди
Қонунда Таълимни давлат томонидан бошқариш органларининг ва таълим муассасаларининг ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги ваколатлари қуйидагича мустаҳкамланди.
Таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари:
ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;
таълим сифатини оширишга, малакали кадрларни тайёрлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади;
манфаатдор органлар ва муассасалар билан биргаликда ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари битирувчилари бандлигининг таҳлилини амалга оширади ҳамда унинг натижалари асосида таълим муассасаларида мутахассисларни тайёрлашни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;
ёшларнинг таълими ва тарбияси сифатини ошириш, ўқув жараёнига таълимнинг замонавий шакллари ва усулларини жорий этиш чора-тадбирларини кўради;
таълим муассасаларида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни таъминлаш мақсадида спорт секциялари, фан, техника тўгараклари ва ижодий тўгараклар, клублар ташкил этади;
ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, шунингдек уларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга доир фаолиятда иштирок этади;
имконияти чекланган ёшларга ижтимоий-психологик ва педагогик ёрдам кўрсатади;
ёш фуқароларни ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш бўйича чора-тадбирлар кўради;
ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда иштирок этувчи бошқа органлар ва муассасалар билан ҳамкорлик қилади.
Таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин
Тадбирда сўзга чиққанлар мазкур қонуннинг мақсад ва вазифалари, ижро механизми хусусида тушунтириш бердилар.