Коррупцияга қарши курашда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ўрни
Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Тошкент шаҳар худудий бошқармаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Тошкент шаҳар минтақавий вакили, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Маънавият-тарғибот марказининг Тошкент шаҳар бўлими ҳамкорлигида “Жамиятда ҳуқуқий маданият ва фуқаровий ўзини ўзи англаш туйғусини юксалтиришда ҳамда коррупцияга қарши курашишда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ўрни” мавзусида семинар йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбир давомида иштирокчиларга бугунги кунда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва гуманитар ривожлантиришдаги долзарб масалаларни ҳал қилишда давлат органлари билан нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва дастурлар, шунингдек аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини, фуқаровий ўзини ўзи англаш туйғусини юксалтириш бўйича давлат органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар, уларнинг ушбу соҳадаги роли ва таҳлилий натижалар юзасидан Адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Ф.Шарипов атрофлича маълумотлар бериб ўтди.
Шунингдек, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси мутахассиси А.Эргашев семинар иштирокчиларига жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ва ривожлантиришда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини такомиллаштиришнинг муаммолари ва истиқболлари ҳақида маъруза қилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Тошкент шаҳар минтақавий вакиллиги масъул ходими А.Абдурахмонов семинар иштирокчиларига жамиятда ҳуқуқий маданият ва фуқаровий ўзини ўзи англаш туйғусини юксалтиришда фуқаролик жамияти институтларининг аҳамияти ҳақида гапирди.
Адлия бошқармаси мутахассиси З.Джаппаров томонидан иштирокчиларга “Коррупция – жамият тарақиёти кушандаси” номли маъруза эшиттирилиб, бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш тадбирларини амалга оширишда ҳамда жамоатчилик назоратида иштирок этишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ўрни ва аҳамияти ҳақида баён этди.
Музокоралар давомида Маънавият-тарғибот марказининг Тошкент шаҳар бўлими вакили Б.Хайитматов ҳамда Ўзбекистон Республикаси адвокатлар палатасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси маслаҳатчиси М.Миртўраевлар ўзларининг фикр ва мулоҳазалари билан иштирок этдилар. Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари ўзларини қизиқтирган соҳага оид саволлари билан мурожаат қилдилар ва уларнинг берилган саволларига Адлия бошқармаси ва бошқа тегишли ташкилотлар мутахассислари томонидан атрофлича жавоблар ва тушунтиришлар бериб ўтилди.