Янгиликлар
Маҳалла фуқаролар йиғинларининг сайловлардаги иштироки
Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Шайхонтоҳур туман бўлинмаси билан ҳамкорликада Шайҳонтоҳур туманидаги “Сузук ота” маҳалла марказининг мажлислар залида Шайхонтоҳур туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, оқсақоллар ва фаоллар билан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Мазкур тадбир давомида Тошкент шаҳар адлия бошқармасининг масъул ходимлари ҳамда Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Тошкент шаҳар ва Шайхонтоҳур туман бўлинмалари мутахассислари ўз маърузалари ҳамда фикр ва мулоҳазалари билан иштирок этдилар.
Хусусан, маърузачилар томонидан давра суҳбати давомида Биринчи Президентимиз И.А.Каримов раҳнамолигида ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш, мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳасини тубдан модернизация қилиш борасида амалга оширилган ислоҳотлар жараёнида фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш, сайлаш ва сайланиш бўйича конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаб келаётган, демократик талабларга мос сайлов тизими яратилганлиги яна бир бора таъкидланиб ўтилди.
Шунингдек, маърузачилар томонидан мустақиллик йилларида мамлакатимизда яратилган миллий сайлов тизими, хусусан “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуни ҳамда охирги йилларда ушбу қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, Марказий сайлов комиссиясининг сайлов масалаларини тартибга солувчи қарорлари асосида эркин ва адолатли сайловларнинг қонунчилик асосларини шакллантириш ва янада ривожлантириш борасида катта амалий тажриба тўпланганлиги таъкидланиб ўтилди.
Шу билан бирга, маърузачилар тадбирда Марказий сайлов комиссиясининг жорий йили 7 октябрда тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида сайловчилар ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар дастури ижросини таъминлаш, аҳолининг истиқлол йилларида яратилган миллий сайлов тизими тўғрисидаги билим ва кўникмаларини янада оширишга қаратилган кенг тушунтириш ишлари олиб борилаётганлиги қайд этилди.
Тадбир давомида иштирокчилар, шу жумладан маҳалла раислари ва фаоллар узларини қизиқтирилган соҳага оид саволлари билан мурожаат қилдилар ва уларнинг саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар ва тушунтиришлар берилиб ўтилди.