Янгиликлар
Конституциявий нормалар амалда
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги Шайхонтоҳур академик лицейида тарғибот тадбири ўтказилди. Тадбирда адлия бошқармаси масъул ходимлари, Тошкент шаҳар прокуратураси, Маънавият ва маърифат маркази Тошкент шаҳар бўлими, лицей ўқувчи ва ўқитувчилари, ОАВ вакили иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан сўзланган нутқларида Конституция мустақил Ўзбекистон ҳаётидаги муҳим тарихий воқеа эканлиги, 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” йили деб эълон қилиниши қонун устуворлиги ва халқ манфаатларнининг биринчи ўринда ҳимоя қилинишининг кафолати эканлиги маърузачилар томонидан эътироф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллигини кенг нишонлаш мақсадида Республикамиз бўйлаб кенг қамровли тадбирлар ўтказилиб фуқароларимиз, айниқса ёшларимизнинг сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини ошириш “Конституциямиз – ҳуқуқ ва эркинлигимиз кафолати” мавзусида маънавий–маърифий байрам тадбирлари ташкил қилинаётганлиги, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳуқуқий асослари, ўзига хос хусусиятлари, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва фуқароларимизнинг кундалик турмушидаги ўрнига алоҳида аҳамият қаратилди.
Бундан ташқари, тадбир иштирокчиларига қабул қилинаётган қонунлар моҳияти, киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмунини етказиш баробарида, 23 сентябрда қабул қилинган ЎРҚ-411 қонуни, унга кўра, парламентаризмини такомиллаштиришга қаратилган нормалар, хусусан, Қонунчилик палатаси ва Сенат ваколатлари кенгайтирилганлиги юзасидан тушунтириш берилди. Эндиликда палаталарга давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг улар томонидан қонунларга риоя этилиши, палаталар ва уларнинг Кенгаши, палаталар қўмиталари қарорларининг бажарилиши тўғрисидаги ахборотини эшитиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қонунларнинг, палаталар қарорларининг ижро этилиши ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини вақти-вақти билан жойларга чиқиб ўрганиш, янги қабул қилинган қонунлар ижросини таъминлаш учун қонун ости ҳужжатларининг ўз вақтида қабул қилиниши юзасидан мониторингни амалга ошириш ваколатлари юклатилди.