Янгиликлар
31
ТАДБИРКОРЛАР БИЛАН НАВБАТДАГИ УЧРАШУВ ЎТКАЗИЛДИ
2019 йил 14 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони имзоланди, унга мувофиқ ҳар бир туман (шаҳар)да Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари иш бошлади.
Хусусан, тадбиркорларнинг, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил этиш сифати ва тезкорлигини ошириш, улар билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлаш, уларнинг қонуний талабларини амалий ва самарали рўёбга чиқариш ва муаммоли масалаларни ҳал этиш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига реал ҳиссани кўпайтириш, аҳолининг иш билан бандлигини ошириш ва унинг моддий фаровонлигини ўстириш мазкур Фармоннинг асосий мақсади ҳисобланади.
Шунингдек, Фармон билан Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ҳамда Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти ташкил этилиб, улар фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб берилди.
Хусусан, адлия вазири Р.Давлетов раҳбарлигида ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи томонидан жорий йилнинг 30 октябрь куни тадбиркорлар билан учрашиш, уларга Фармоннинг мазмун ва моҳиятини кенг тушунтириш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш ҳамда ҳуқуқий ва амалий ёрдам бериш мақсадида Тошкент шаҳридаги тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил этилди.
Ўтказтлган сайёр қабулда, 200 дан ошиқ тадбиркорлик субъектлари ва чет эл инвесторлари иштирок этишди. Улардан 50 га яқин мурожаатлар келиб тушди.
Учрашувда, мурожаатчилар томонидан ер участкаси ва кредит ажратиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, бузилган иморатларга нисбатан компенсация тўловларини ундириш, божхона ва солиқ тўловлари ва бошқа бир қатор масалалар кўтарилди.
Мазкур учрашувлар, республиканинг барча ҳудудларида ўтказилиши режалаштирилган.