Bog'lanish

Telefon
(+998 71) 203-60-03

Elektron manzil
toshkent@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

19

Ўзбекистоннинг 22 йиллик мустақил тараққиёт йўли


Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами арафасида “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мамлакатимиз фуқаролари истиқлол йилларида Ўзбекистон эришган ютуқларни қандай баҳолашини аниқлаш мақсадида ижтимоий сўров ўтказди. Сўровда мамлакатимизнинг барча ҳудудида яшайдиган фуқаролар, аҳолининг турли ижтимоий гуруҳлари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон фуқаролари мамлакатимиз мустақиллигининг 22 йиллигини кўтаринки кайфият, ўз Ватанидан ифтихор туйғуси билан қарши олмоқда. Сўровда қатнашганларнинг аксарияти (90 фоиздан ортиғи) “истиқлол йилларида жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида улкан натижаларга эришилди”, “мамлакатимизда ҳар бир фуқаронинг барча ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланган”, “Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинди” ва “Ўзбекистон жаҳонда ўзининг муносиб ўрнини эгаллади” деб ҳисоблайди.

Улар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлаш, оддий одамлар ҳақида ғамхўрлик қилишга қаратилганига қатъий ишонади. Сўров иштирокчиларининг фикрича, барча соҳада қўлга киритилаётган улкан муваффақиятлар, аҳоли турмуш даражаси ва сифати муттасил ошиб бораётганининг асосини айнан ушбу ўзгаришлар ташкил қилади ва бу келгуси ислоҳотлар самарадорлигини кафолатлайди.

Сўралганларнинг кўпчилиги (қарийб 90 фоизи) Ўзбекистон фуқароси эканидан фахрланади. Фуқароларимиз, жумладан, ёшлар Ўзбекистон мустақиллигини бебаҳо неъмат деб билади ва “ўз Ватанининг мустақиллигини ҳеч қачон йўқотишни истамаслиги ва истиқлолни ҳеч нарсага алмашмаслиги”ни қайд этиб, унинг янада равнақ топишига, ўз оиласининг истиқболига ишонади.

Сўровда қатнашганларнинг аксарият кўпчилиги мамлакатимизнинг истиқлол йилларида эришган муваффақиятларини юксак баҳолайди. Иқтисодиёт, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, банк-молия соҳаси, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимининг жадал ривожланиб бораётгани, фуқароларнинг эркинлиги ва шахсий хавфсизлиги, билим олиш ва тиббий хизматлардан кенг фойдаланиш ҳуқуқлари, атроф-муҳит муҳофазаси таъминланаётганини таъкидлайди. Бу ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар салмоқли натижалар бераётгани, одамлар ҳаётини яхши томонга ўзгартириб, ҳар бир оиланинг фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаётганидан далолат беради.

Сўровда иштирок этганларнинг 90 фоизининг фикрига кўра, Ўзбекистонда тинчлик-барқарорлик, миллатлараро ва динлараро тотувлик тобора мустаҳкамланиб бораётгани, демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг асослари яратилгани, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида демократия принциплари, сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари қарор топгани, ижтимоий бозор иқтисодиёти шаклланиб, муваффақиятли фаолият юритаётгани мустақил тараққиётнинг асосий ютуқларига замин бўлмоқда. Мамлакатимиздаги ички сиёсий вазиятни баҳолар экан, жамоатчилик Ўзбекистонда “ижтимоий барқарорлик янада мустаҳкамланмоқда”, “халқимиз ўз келажагига ишонади ва ўзини хотиржам ҳис қилмоқда” деб ҳисоблайди. Сўровда қатнашганларнинг аксарият кўпчилиги (98 фоизи) мамлакатимиз – миллати ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, барча фуқаролар учун муносиб ҳаёт шароити таъминланаётган давлат эканидан фахрланади.

Президентимиз томонидан Обод турмуш йили деб эълон қилинган жорий йил Давлат дастурининг амалга оширилиши ўзбекистонликлар турмуш даражаси ва сифатини юксалтиришда яна бир муҳим босқич бўлди. Жамоатчилик фикрини ўрганиш натижалари ҳам бундан яққол далолат беради.

Сўров истиқлол йилларида аксарият аҳолининг (92 фоиздан зиёд) моддий аҳволи, яшаш ва маиший шароити яхшилангани, фаровонлиги кескин ошганини кўрсатди. Сўровда қатнашганларнинг қарийб 90 фоизи ўзи ва оиласининг ижтимоий мақоми ошганини билдирган, 80 фоиздан ортиғи ўз бизнесини ташкил қилган, фермер бўлган, 70 фоизга яқини зарур билимларга эга бўлган ёки билим даражасини оширган. Иштирокчиларнинг фикрича, айнан мустақиллик уларга бундай ютуқларга эришиш имконини берган. Сўров иштирокчиларининг 86 фоиздан зиёди мамлакатимизда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг амалга оширилиши натижасида таълим нуфузи жиддий равишда ошганини қайд этди.

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий ва иқтисодий соҳаларда амалга оширилган туб ижобий ўзгаришлар қаторида одамлар онгу тафаккурида ҳам жиддий ўзгаришлар рўй берган. Сўралганларнинг қарийб 94 фоизи истиқлол йилларида фуқароларнинг қонунлар, инсон ҳуқуқи ва эркинлигини ҳурмат қилиш даражаси ошгани, маънавий-ахлоқий қадриятлар мустаҳкамланиб, Ватан тақдири учун шахсий жавобгарлик ҳисси ўсганини таъкидлади.

Фуқароларимизнинг фикрига кўра, Ўзбекистон мустақиллик йилларида юзага келаётган барча қийинчиликларни ишонч билан енгиб ўтиб, ижтимоий-сиёсий модернизация ва иқтисодий тараққиёт йўлидан дадил бормоқда. Буни дунёнинг аксарият давлатлари тараққиётига салбий таъсир кўрсатган глобал молиявий-иқтисодий инқироз даврида миллий иқтисодиётимиз изчиллик билан мустаҳкамланиб бораётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Ҳаётимизнинг барча жабҳаларини босқичма-босқич демократлаштириш ва эркинлаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самара бераётгани аҳолининг ҳокимият институтларига нисбатан бўлган ишончини таъминламоқда.

Мониторинг режимида ўтказилган ушбу ижтимоий тадқиқот Президентимиз Ислом Каримов юритаётган ислоҳотлар сиёсати, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган ижобий туб ўзгаришларни давом эттириш ва чуқурлаштириш жараёнини халқимиз қўллаб-қувватлаётганини кўрсатди. Фуқароларимиз мамлакатимизда қарор топган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий барқарорлик, давлат, жамият ва шахс манфаатлари мувозанати таъминлангани кўп жиҳатдан мустақилликнинг 22 йили давомида Ўзбекистонни изчил ривожлантириш, унинг халқаро майдонда юксак обрў-эътибор қозонишига хизмат қилаётганига ишонади.

Ўзбекистон аҳолиси (99,1 фоиз) Президент Ислом Каримовни мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, Ватанимиз олдида турган барча муаммоларни муваффиқиятли ҳал этиш ва мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашнинг асосий кафолати деб ҳисоблайди.