Янгиликлар
ННТларнинг ҳуқуқий асослари
Адлия вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан манфаатдор идоралар, 60 дан ортиқ нодавлат-нотижорат ташкилотлари, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида “Мустақиллик йилларида нодавлат-нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий асослари” мавзусида анжуман ташкил этилди.
Уни ўтказишдан кўзда тутилган мақсад, Республикамизда фуқаролик жамиятини шакллантиришни янада чуқурлаштиришда ННТ фаолияти билан боғлиқ бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ва ҳуқуқий саводхонликни янада оширишдан иборатдир.
Анжуманда қайд этилганидек, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш тизимли йўлга қўйилган бўлиб, нодавлат-нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ролини ошириш демократик фуқаролик жамиятини барпо этишда ҳал қилувчи ўринга эга бўлди. Фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий талабларини қондириш ва фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш борасида ўтган давр мобайнида 200 дан ортиқ қонун хужжатлари қабул қилинди.
Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш механизмининг ҳуқуқий жиҳатдан самарали ташкил этилганлиги анжуман қатнашчилари томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилди. Шу жиҳатдан ННТлар давлат ва жамият ривожланишида, ижтимоий фойдали вазифаларини амалга оширишда муҳим рол ўйнамоқда.
“Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятлари кафолатлари тўғрисида”ги ва “Ҳомийлик тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилиниши улар фаолиятини ҳар жиҳатдан такомиллаштириш, ижтимоий ҳамкорлик қилиш орқали ривожланишига хизмат қилди.
Сўзга чиққанлар қайд этганларидек, мамлакатимизда «Кучли давлатдан - кучли фуқаролик жамияти сари» тамойили асосида жамоатчилик ва фуқаролик назорати институти жамиятнинг давлат билан ўзаро самарали алоқасини таъминлаш, одамларнинг кайфиятини, мамлакатда кечаётган ўзгаришларга муносабатини аниқлашнинг муҳим воситаларидан бирига айланмоқда.
Анжуманда шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида йиғилганларга атрофлича маълумот берилди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган мустаҳкам қонунчилик базаси шакллантирилди, шу қаторда истеъмолчилар манфаатлари ва ҳуқуқларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш тизимида жамоат, нодавлат нотижорат ташкилотларининг таъсир доираси ошиб бормоқда.
Мазкур йўналишдаги қонунчилик, аввало мамлакатимизда истиқомат қилаётган ҳар бир шахснинг истеъмолчилик ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш ҳамда уларнинг ҳуқуқий кафолатларини амалда таъминлаш билан бир қаторда соҳадаги вазифаларни амалга оширадиган давлат ва нодавлат органларининг масъулиятини кучайтиришга хизмат қилади.
Ижтимоий шерикликка асосланган ҳамкорлик натижасида кўплаб йирик корхона ва ташкилотларда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларининг таянч гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилган.
Анжуманда нодавлат нотижорат ташкилотларининг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятини янада кучайтириш, уларнинг истиқболини белгилаб берадиган хориж тажрибаси каби масалалар атрофлича муҳокама этилди.
Тадбир сўнгида қатнашчиларнинг фикр-мулоҳазалари умумлаштирилиб, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.