Янгиликлар
11
Собиқ ходимларнинг ишдан бўшатиш нафақалари ундирилди
Сергели туман адлия бўлимига туман Санитария эпидемиологик осойишталик марказининг бир гуруҳ собиқ ходимлари марказ томонидан ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб берилмаётганлигидан норози бўлиб мурожаат қилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиология хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5814-сон Фармони билан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария-эпидемиология назорати бош бошқармаси қайта ташкил қилинган ва штат нормативлари тасдиқланган.
Шунга кўра, ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 1-бандига асосан иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинган.
Меҳнат кодексининг 109-моддасига мувофиқ, меҳнат шартномаси иш берувчи ташаббуси билан бекор қилинганда ходимга барча ҳисоб-китоблар билан бирга ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда бир ойлик ишдан бўшатиш нафақаси тўланади.
Меҳнат кодексининг 89-моддасига асосан, иш берувчи ходимнинг розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартиришга фақат технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқарганлиги, башарти бундай ўзгаришлар ходимлар сони ёки ишлар хусусиятининг ўзгаришига олиб келиши олдиндан аниқ бўлган ҳоллардагина ҳақлидир.
Ушбу модданинг 4-қисмига асосан, ходим билан меҳнат шартномаси у янги меҳнат шартлари асосида ишлашни давом эттиришни рад этганлиги сабабли бекор қилиниши мумкин, бунда ходимга ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси тўланади.
Бу ҳолат бўйича Сергели туман Санитария эпидемиологик Осойишталик маркази томонидан 29 нафар ходимга Меҳнат кодексининг 109-моддасига мувофиқ ишдан бўшатиш нафақаси тўланмаганлиги ва ушбу фуқаролар тизимга қайта ишга қабул қилинмаганлиги аниқланди.
Юқоридагиларга инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомга асосан Сергели тумани адлия бўлими томонидан фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судига Сергели туман Санитария эпидемиология осойишталик маркази ва туман ҳокимлиги молия бўлимидан ушбу фуқаролар фойдасига ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақасини ундириш тўғрисида даъво ариза киритилди ва суд қарорига кўра, 26 та фуқарога жами 35 420 000 сўм ишдан бўшатиш нафақаси ундирилди.
Сергели туман адлия бўлими
етакчи маслаҳатчиси
Н.Халилов