Янгиликлар
16
Адлия органлари томонидан фуқароларимизнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимояланмоқда
Маълумки, адлия органларининг асосий вазифаларидан бири инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳисобланади.
Ушбу вазифаларни лозим даражада бажариш, фуқароларимизнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муносиб даражада ҳимоя қилиш мақсадида Олмазор туман адлия бўлими томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида 410 дан ортиқ мурожаатлар кўриб чиқилган бўлиб, уларнинг катта қисмини ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги мурожаатлар ташкил этади.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 сентябрдаги ПФ-5814-сон “Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиология хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария-эпидемиология назорати хизмати ташкилотлари қайта ташкил қилингач, Олмазор туман санитария-эпидемиологик осойишталик маркази томонидан юздан ортиқ ходимлар билан меҳнат шартномалари бекор қилинган.
Меҳнат шартномалари бекор қилинсада, ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб берилмаган ҳодимларнинг шу масалада туман адлия бўлимига қилган мурожаатлари қонуний тартибда кўриб чиқилганда, ҳақиқатдан ҳам ходимларга нисбатан уларнинг Меҳнат кодексида кафолатлаб қўйилган айрим ҳуқуқлари бузилганлиги, яъни ишдан бўшатиш нафақаси ўз вақтида тўлаб берилмаганлиги ўз исботини топган.
Ушбу вазиятда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 109-моддаси биринчи қисмига асосан иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги муносабати билан ходимларга ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб берилиши лозим эди.
Шу ўринда Меҳнат кодекси нормаларига юзланадиган бўлсак, маълумки, Меҳнат кодекси 100-моддаси, 1 қисмида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш асосларидан бири сифатида технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги келтирилган.
Бундай ҳолларда иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходимни камида икки ой олдин ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши ёҳуд ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан огоҳлантириш муддатига мувофиқ келадиган пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин (МК 102-моддаси) эди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Олмазор туман адлия бўлими туман санитария-эпидемиологик осойишталик маркази томонидан меҳнат шартномалари бекор қилинган ва компенсация пуллари тўлаб берилмаган жами 137 нафар ходимларнинг манфаатларини кўзлаб, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига 417.495.496 сўмлик даъво аризалари киритилган.
Ҳозирда фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди томонидан 108 та даъво аризалари кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилган ҳамда фуқароларга жами 328.136.452 сўм ундириб берилган.
Хуршида Ибрагмова
Олмазор туман адлия
бўлими бош маслаҳатчиси