Янгиликлар
16
Юридик хизмат фаолияти эътиборда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сон “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва унинг ижроси бўйича қабул қилинган норматив-ҳуқуқий-ҳужжатлар ижросини таъминлаш юзасидан Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Шаҳардаги 516 та давлат органлари ва ташкилотларида 617 та юридик хизмат ходими штат бирликлари 575 таси фаолият юритиб, 42 та вакант штат бирликларини ташкил этади. 2020 йил давомида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида 87 нафар юридик хизмат ходимлари малакасини оширган ва 80 та юридик хизмат ходимлари аттестациядан ўтказилган.
Юридик хизмат ходимларини лавозимига тайинлаш учун 190 та номзодлар билан суҳбатлар ўтказилган. Шундан 37 таси суҳбатдан ўтмаган деб топилган. Қолган 153 нафар номзод лавозимига тайинлаш учун розилик берилган.
Вазифасидан озод этиш юзасидан давлат органлари ва ташкилотларининг 91 та тақдимномалар кўриб чиқилган. Лавозимга биринчи марта тайинланган 31 нафар юридик хизмат ходимларининг 24 таси адлия бошқармасида стажировка ўтаган.
2020 йилда 69 та юридик хизмат ходимлари мартаба даражасини олиш учун аттестациядан ўтказилган ва уларга мартаба даражалари берилган.
Аттестациядан ўтмаган ва малака оширмаган юридик хизмат ходимлари юзасидан зарур чоралар кўриш тўғрисида давлат органлари ва ташкилотларига 183 та хат ва огоҳномалар киритилган.
Адлия бошқармаси томонидан давлат органлари ва ташкилотларида ўтказилган ўрганишлар натижасида минимал талабларга асосан юридик хизмат ходимларига зарур шароитларнинг яратиб берилмаганлиги, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилмаганлиги ҳолатлари юзасидан 111 та тақдимнома, 149 та огоҳнома ва 37 та маъмурий таклифлар киритилган.
Кўрилган таъсир чоралари натижасида 13 та ҳужжат бекор қилиниб, 53 та шахслар интизомий, 28 та шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.
Бўлим томонидан ҳисобот даврида 36 та ҳуқуқий тарғибот тадбирлар ўтказилган. Шундан 20 таси оммавий ахборот воситалари орқали чиқишларни, 16 таси оғзаки тарғибот тадбирларини ташкил этади.
Шу билан бирга адлия бошқармаси томонидан юридик хизмат фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя қилиниш ҳолати устидан доимий мониторинг олиб борилмоқда.
Жумладан, Юридик хизмат ходимининг иш жойини моддий-техника жиҳатидан жиҳозлашга доир минимал талабларнинг (рўйхат рақами 2863, 2017 йил 28 февраль) 4-бандига кўра битта штатдан иборат бош юрисконсульт, етакчи юрисконсульт, катта юрисконсульт ёки юрисконсульт шаклидаги давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати учун 1 тадан алоҳида хизмат хонаси, мебель жиҳозлари (стол, стуллар ва шкаф), сейф ёки металл шкаф, замонавий компьютер техникаси, сканер, нусха кўчирувчи аппарат, принтер, UPS қурилмаси, телефон алоқаси, факс аппарати, телефон аппарати, интернет тармоғи, канцелярия анжомлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси кодексларининг расмий нашрлари, “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг тўплами” расмий нашрлари, қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси тизимидан узлуксиз фойдаланиш имконияти, ҳуқуқий нашрлар ва бошқа юридик адабиётлар(сони ва миқдори заруриятга кўра)дан иборат зарур шарт-шароитлар яратилиши лозим.
Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари томонидан мазкур талабларнинг ижроси лозим даражада таъминланаётгани ҳолати аниқланган.
Ҳолбуки, Меҳнат кодексининг 177-моддаси 1-қисмига кўра, иш берувчи ходимлар меҳнатини ташкил қилиши, қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шароитларини яратиб бериши, меҳнат ва ишлаб чиқариш интизомини таъминлаши, меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя этиши, ходимларнинг эҳтиёж ва талабларига эътибор билан қараши, уларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаб бориши, ушбу Кодексга мувофиқ жамоа шартномаларини тузиши шартлиги белгиланган.
Меҳнат кодексининг 177-моддаси талаби бузилганлиги айбдор шахснинг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-қисмига асосан жавобгарлик масаласини кўриб чиқишига сабаб бўлади.
Бу йўналиш бўйича олиб борилаётган ҳуқуқий тарғибот, тушунтириш ва мониторинг ишлари натижасида юридик хизмат ходимларининг иш жойини моддий-техника жиҳатидан жиҳозлаш ҳолати яхшиланмоқда.
Масалан, 2020 йилда 36 та раҳбар ходимларни маъмурий жавобгарлик масаласи юзасидан киритилган таклифларнинг 28 таси қаноатлантирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2733-сон қарорига мувофиқ юридик хизмат ходимлари ҳар чоракда судгача ва суд тартибида давлат органи ва ташкилоти фойдасига ҳал қилинган низолар юзасидан ундирилган сумманинг 5 фоизи, бироқ энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баробаридан кўп бўлмаган миқдорда мукофотланиши белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 майдаги 250-сон қарори билан тасдиқланган Судгача ва суд тартибида давлат органи ва ташкилоти фойдасига ҳал қилинган низолар юзасидан ундирилган маблағлар ҳисобидан юридик хизмат ходимларини мукофотлаш тартиби тўғрисидаги низомда мукофотлашни амалга ошириш тартиби ва манбалари аниқ кўрсатилган.
Айрим давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари томонидан бу Низом ижросини таъминланиши тўлиқ йўлга қўйилмаган.
Адлия бошқармаси томонидан киритилган таъсир чоралари натижасида “O`zmedimpeks” давлат унитар корхонаси ва “O`zbekgidrogeologiya” давлат унитар корхонаси юрисконсультлари томонидан судгача ва суд тартибида кўрилган чоралар ва киритилган талабнома, даъво аризалар асосида ҳар чорак давомида ҳисоб рақамга келиб тушган сумманинг 5 фоизи, лекин энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баробаридан ортиқ бўлмаган миқдорда мукофот пуллари тўлаб берилди.
Ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизматларнинг
фаолиятини мувофиқлаштириш
бўлими бошлиғи Мамиржон Туйчиев