Bog'lanish

Telefon
(+998 71) 203-60-03

Elektron manzil
toshkent@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

27

Ходимга етказилган зараргами ёки мансабдор шахсларнинг лоқайдлиги туфайли давлатга етказилган зарарга куяйликми?


Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 23-моддасига кўра, ҳар бир инсон меҳнат қилиш, ишни эркин танлаш, адолатли ва қулай иш шароитига эга бўлиш ва ишсизликдан ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, ҳар бир инсон ҳеч бир камситишсиз тенг меҳнат учун тенг ҳақ олиш ҳуқуқига, ҳар бир ишловчи киши ўзи ва оиласи учун инсонга муносиб яшашни таъминлайдиган адолатли ва қониқарли даромад олишга, зарур бўлганда ижтимоий таъминотнинг бошқа воситалари билан тўлдирилувчи даромад олиш ҳуқуқига эгадир.

Тошкент шаҳар адлия бошқармаси Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан фуқаро У.Э.нинг туман Давлат солиқ инспекцияси (кейинги ўринларда – инспекция деб юритилади) томонидан ишдан бўшатилган бўлсада, меҳнат дафтарчаси қайтарилмаганлигидан норози бўлиб ёзган мурожаатини кўриб чиқишда бир қатор ҳолатлар маълум бўлди.
Фуқаро У.Э. 2018 йил 10 сентябрдаги 159-шт-сон буйруқ билан инспекциянинг Жисмоний шахслар билан ишлаш шўъбаси давлат солиқ катта инспектори лавозимига ишга қабул қилинган, бироқ инспекциянинг 2019 йил 1 июлдаги 68-шт-сон буйруғига мувофиқ У.Э. билан тузилган меҳнат шартномаси унинг аризасига биноан Меҳнат кодексининг 97-моддаси биринчи бандига асосан бекор қилинган бўлсада, 2020 йил якунига қадар У.Э.га меҳнат дафтарчаси қайтарилмаган.

Гап шундаки, мурожаатни ўрганиш жараёнида инспекция 2019 йил 18 июлда 28-29054-сон хат билан фуқаро У.Э.га тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги туфайли меҳнат дафтарчасини 3 кунлик муддатда олиб кетиш тўғрисида хабарнома юборганлиги маълум қилган.
Шунга кўра, адлия бошқармаси томонидан киритилган тақдимномага асосан фуқаро У.Э.га 2019 йил 1 июлдан 18 июлгача бўлган даврга меҳнат дафтарчаси кечиктирилган ҳар бир кун учун ўртача иш ҳақи тўлашга эришилди.

Бироқ, ариза муаллифи унга инспекция томонидан 2020 йил якунига қадар меҳнат дафтарчасини олиб кетиш ҳақида хабарнома юборилмаганлигини, бунга аниқлик киритиш учун туман почта алоқа боғланмасига ёзма мурожаат қилганлигини, почта боғланмасининг 2020 йил 19 майдаги 28-29-02/153-сон хатига кўра, инспекциянинг юқорида кўрсатилган 2019 йил 18 июлдаги У.Э.га йўллаган 28-29054-сон хати почта алоқа бўлимига келиб тушмаганлиги ва фуқаронинг манзилига юборилмаганлиги маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 108-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 29 январда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 3.1-бандига кўра, меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт.

Иш берувчи айби билан меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса,у ҳолда бутун кечиктирилган давр учун ходимга ўртача ойлик иш ҳақи тўланади (масалан: моддий жавобгар ходимни бириктирилган анжомларни вақтида топширмаганлиги учун баҳона қилиб меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса). Бундай ҳолда ишдан бўшаш куни, меҳнат дафтарчаси берилган кун ҳисобланади. Ишдан бўшаган кунининг янги санаси тўғрисида буйруқ берилиб, ходимнинг меҳнат дафтарчасига ёзиб қўйилади. Бўшаган куни тўғрисида илгари киритилган ёзув, ушбу Йўриқноманинг 2.8-бандида белгиланган тартибда бекор қилинади.

Шу билан бирга, мазкур Йўриқноманинг 3.3-бандига асосан меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходим ишда бўлмаган тақдирда, иш берувчи ўша куниёқ унга почта орқали меҳнат дафтарчасини олиб кетиш тўғрисида огоҳлантирувчи хабарнома жўнатади (бошқа хатлар ҳисоботга олинмайди ва Йўриқноманинг 3.1- банди асосида иш кўрилади).
Шунга кўра, адлия бошқармаси томонидан фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманларо судига киритилган даъво аризасига биноан суд ҳал қилув қарорига кўра, фуқаро У.Э. фойдасига инспекциядан меҳнат дафтарчаси кечиктирилган ҳар бир кун учун жами 72 000 000 сўм (етмиш икки миллион сум) ўртача иш ҳақи ундирилди.

 Тошкент шаҳар адлия бошқармаси
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими